Андижонда

УЛУFНОРДА ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН ПРЕСС-ТУР ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ


08.07.2021   488

Андижонда вилоят прокуратураси Улуғнор туманида журналистлар ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилди.

Унда прокуратура органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликнинг тизимга бўлган ишончини янада ошириш мақсадида ўтказилган тур давомида журналист ва блогерлар Улуғнор тумани прокуратурасининг бир кунлик иш фаолияти билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг туман прокурори Илҳомжон Маҳмудов томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берилди. Шунингдек, туман прокуратурасининг тезкор ходимлари билан ҳам жиноятчиликни олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш доирасида олиб борилаётган ишлар бўйича суҳбат ўтказилди.

Пресс-тур давомида иштирокчилар Жиноят ишлари бўйича Улуғнор туман судида айбланувчи И.Р.нинг жиноят иши юзасидан ўтказилаётган ҳамда туман ички ишлар бўлими пробация хизматида суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган 2 нафар маҳкумни жазодан шартли равишда озод этилиши билан боғлиқ суд жараёнларини кузатдилар.

Шунингдек, журналист ва блогерлар туман прокурорига бириктирилган 2-сектор ҳудудидаги Теракзор маҳалласида "Обод қишлоқ" давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишдилар.

Хурсандбек АРАББОЕВ.