Улуғнор туманида суюлтирилган газ Face ID тизими орқали манзилли етказиб берилмоқда
13.05.2026 7
Улуғнор туманининг “Ўзбекистон” маҳалласи Наманган вилояти билан ёндош. Одамлари эса самимий, тартибни суядиган, илтифотли. Маҳалласига суюлтирилган газ келишини билсалар бўлди, ҳар бир хонадон ўз маиший газ баллонларини дарвозалари олдига олиб чиқиб қўядилар. Бу эса, маҳалладаги катталарнинг донолигию ёшларнинг ўз улуғларини ҳурмат қилишларидан далолат.
Бугун “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 767 нафар истеъмолчи “Улуғнортумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан бир маромда суюлтирилган газ билан таъминланиб келмоқда. Суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн тизимга ўтиш муносабати билан ушбу маҳалладаги барча истеъмолчилар хизматдан мамнун. Йил бошидан бери ушбу МФЙга истеъмолчиларига 43 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилган бўлиб, амалда белгиланган режа 108 фоизга бажарилмоқда.
“Очиғи бизга 10 дан ортиқ маҳалла бириктирилган. Негадир мана шу маҳаллага доим келгим келаверади. Одамли тарбияли. Тартиб билан олишади. Ҳовлисини олдига боргунимизча кутиб туришади. Шунинг учун ҳам, газ етказиб беришда асло чарчамаймиз, мазза қилиб ишлаймиз,” – дейди чилангар Хуршидбек Расулов.
Сир эмаски, суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн тизими барчага маъқул келмоқда. Авваллари суюлтирилган газ нақд пул асосида етказиб берилар, жараён вақтида махсус ҳужжатларга имзо чекилар ёки машина тўхтаган жойга баллонлар олиб бориларди. Хуллас, битта газ баллонни олгунча, одамларни тушгача вақти кетган кунлар ҳам бўлган. Ҳозир эса махссу автотранспорт воситаси ҳар бир истеъмолчи эшиги олдида тўхтайди. Махсус карта орқали тўловлар ечиб олинмоқда. Face ID тизими орқали суюлтирилган газни манзилли етказиб берилмоқда. Битта баллонни олишга 5 дақиқа етиб ортмоқда. Бу эса аҳоли учун фақат қулайлик яратмоқда.
Бугун Улуғнор туманидаги 14 мингдан ортиқ истеъмолчи тўлиқ Face ID тизими орқали суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Йил бошидан бери эса аҳолига 800 тоннага яқин суюлтирилган газ етказиб берилган бўлиб, етказиб беришнинг оралиқ муддати 40-45 кундан ошмаяпти.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
