УЛУҒНОРДА АЖИБ ЎЗГАРИШ
26.01.2022 419
Қум барханлари бағрида ташкил топган Улуғнор тумани қўшни Фарғона, Наманган вилоятларига туташ, чегарадош. Ҳозир бу ерни чўл ҳудуди, деганлар адашади. Янгиланиш нафаси билан замонавийлик касб этмоқда. Кенг, равон йўлнинг икки томонидаги ғиштин устунли панжаралар, пиёдалар йўлаклари, тунги ёритиш чироқлари, намунавий лойиҳалар асосида кўркам қурилган уй-жойлар, иншоотлар, муҳташам бинолар шаҳардагидек ҳавасингизни келтиради. Сервиқор арчаю қарағайларнинг чиройидан кўзингиз, кўнглингиз баҳра олади. Чор атроф бўстон бўлиб бораётганига амин бўласиз.
Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида Улуғнорнинг Сариқсув, Мингбулоқ, Фазогир, Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинларида "Обод маҳалла" дастури асосида кенг кўламдаги бунёдкорлик, ободонлаштириш тадбирларига киришилди.
Қиш чилласи бўлса-да қуёш сахийлик билан эзгу ниятли инсонларга ҳамроҳдек нурини тўкиб турибди. Сариқ сувлик катаю кичик маҳалласи обод бўлаётганидан мамнун. Арғамчига қил қувват, деганларидек улар ҳам хайрли ишга ҳисса қўшишга интилишяпти.
Ободлик остонадан бошланади. Бунга амал қилиб, кираверишда маҳалланинг номи ёзилган баланд арк тикланяпти. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёнидаги ер техникада текисланмоқда.
- Шу ерда иссиқхона қиламиз, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Назирахон Анафиева. - Бодринг, помидор экамиз, ҳосилидан кўпчилик баҳраманд бўлади. Ён қаторда дала дўконлари қурамиз. Маҳалладошларимиз етиштирган ноз-неъматлар пештахтадан ўрин олади.
Тадбиркор маҳалла кичкинтойлари учун мактабгача таълим ташкилоти биносини пардозлаяпти. Кичик саноат ҳудудида ип-йигирув цехи ҳам ишга туширилади.Жами 138 та янги иш ўрни яратилади.
Ёшлар саноат зонасида ҳам иш жадал боряпти. Кичик ишлаб чиқариш нуқталари таркиб топмоқда.
- Ўнта кам таъминланган оиланинг ҳар бирига юзтадан товуқ берамиз, - дейди маҳалла етакчиси келгуси режалар ҳақида сўзлаб. - Уларнинг хонадонларида катак қуришга "Улуғнор учқуни", "Хумоюнмирзо" фермер хўжаликлар раҳбарлари ёрдам кўрсатишмоқда.
Туман йўл қуриш вафойдаланиш ташкилоти ишчилари маҳалланинг Ҳайдаробод кўчасида шағал тўкиб, текислашмоқда.
Мингбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бунёдкорлик жадал боряпти. Иқболжон Абдубанноев раҳбарлигидаги "Водий саноат фахри" масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 1 миллион 600 минг АҚШ долларлик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона барпо этиляпти. Бу корхонада мингта иш ўрни яратилади.
- Етмиш нафар қурувчи ишлаяпти, - дейди иш бошқарувчи Баҳодиржон Матфозилов. - Корхонани муддатида, сифатли битказиш ҳаракатидамиз.
Мазкур корхонада келгусида экспортбоп маҳсулотлар тайёрланиши юртимизни дунёга танитади. Мингбулоқлик тўқувчию чеварлар самарали меҳнати билан буни уддалашларига ишончимиз комил.
Маҳаллада амалга оширилаётган ибратли ишлар эртанги кунларимиз янада фаровон бўлишидан далолат. Президентимиз айтганидек "Андижон ҳамма соҳада илғор бўла олади. Чунки бу заминда буюк Бобур авлодлари яшайди".
Аҳмадилло СОЛИЕВ.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.
