Андижонда

УНГУТ КЎЧАЛАРИ КУН САЙИН ЧИРОЙ ОЧМОҚДА


26.02.2022   552

Асаканинг Унгут маҳалла фуқаролар йиғинида "Обод маҳалла" давлат Дастурига асосан ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирлари жадал амалга оширилмоқда. Маҳалла янгидан юз очяпти.

Кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларидан барча мамнун,дейди маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари Малоҳатхон Зокирова. Ҳар бир иш бос-қичма-босқич, режали бажарилмоқда. Ўрта Унгут, Пастки Унгут, Боғ, Гулобод кўчаларида бетон устунлар ўрнатилиб, электр таъминотини яхшилаш чоралари кўрилди. Ички йўлларга шағал ётқизилиб, текисланиб, бетонланяпти, 7,5 километрга ичимлик суви тармоғи тортиляпти.

"Алфа империал бетон" масъулияти чекланган жамияти ишчилари плёнка тўшалган, икки томонига темир тўсиқлар ўрнатилган йўл асосига бетон қуйишяпти. "RASH MILK" масъулияти чекланган жамиятининг замонавий автомашиналарини бошқараётган ҳайдовчилари "Экстра бетон" масъулияти чекланган жамиятида тайёрланган бетон қоришмани пешма-пеш етказишяпти.

Сифатли бетонни тезкор тарзда ташияпмиз, дейди ҳайдовчи Алишер Марайимов. Бир қатновда 28 тонна қоришма келтирамиз. Ишда узилиш бўлишига йўл қўймаймиз

Йўлнинг сифатли бўлишига эътибор беряпмиз, дейди "Алфа империал бетон" МЧЖ назоратчиси Исломбек Абдуллаев. Эни 4,5 метр, қалинлиги 18 сантиметр бўлишини таъминлаймиз. Бетон қуригач, юзасига ишлов берилади. Катта юк автомашиналари унда бемалол ҳаракатланиши мумкин.

Янги йўлнинг икки томонидаги узум туплари унгутликларнинг миришкор боғбонлигидан далолат беряпти.

Сўритокларни текис йўлга мос бўлишини ҳисобини олганмиз, дея суҳбатимизга қўшилди 4-хонадон соҳиби Давронбек /аниев. Шунда кўчамиз янада кўркам бўлади.

Мутасаддиларнинг билдиришича22 та кам таъминланган оила уйлари таъмирланаётир. Алихон Неъматов, Шакархон Темированинг эски уйи ўрнида ҳомийлар томонидан замонавий лойиҳага мувофиқ янги уйлар қурилмоқда. Улар Наврўз байрами арафасида янги уйга кўчадилар.

Маҳалланинг каттаю кичиги ободликка ҳисса қўшиш ниятида бел боғлаган. Мевали, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, оқланяпти. Ариқлар чопилмоқда.

Хуллас, кун сайин обод бўлаётган Унгутда кўтаринкилик. Кўпчиликнинг ҳамжиҳат ҳаракати билан маҳалла замонавий қиёфа касб этмоқда.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.

Суратларда: Унгут маҳалла фуқаролар йиғинидаги бунёдкорликдан лавҳалар.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.