Андижонда

УСТОЗЛАР УЛУҒЛАНДИ


28.09.2022   343

Републикa Мaънaвият вa мaърифaт мaркaзи вилoяти бўлими тoмoнидaн 1 октябрь - Устoз вa Мурaббийлaр куни мунoсaбaти билaн таълим соҳасида узоқ йиллар ишлаб, келажак авлодга сабоқ берган ўқитувчилар байрам билан муборакбод этилди.

Дастлаб Избоскан тумани халқ таълими бўлимида 14 йил раҳбарлик қилиб, тизимни юқори поғоналарга кўтарган тажрибали устоз Аҳмаджон Қосимов хонадонига борилди. Тумандаги 5-, 16-умумтаълим мактаби ўқувчилари, устознинг собиқ ўқувчилари, шогирдлар дил сўзларини шеърлар, қўшиқлар орқали ифода этдилар. Салкам 80 ёшни қаршилаётган Аҳмаджон Қосимов ҳалоллик, меҳнатсеварлик, кўп китоб ўқиш инсонни ҳамиша улуғлашини алоҳида таъкидлади.

Кейинги манзил Пахтаобод туманидаги Навбаҳор маҳалласи бўлди. Маҳаллада битта мактаб, битта мактабгача таълим муассасаси бор. Ҳудуд унчалик катта бўлмаса-да, бу ердан жамиятимизнинг турли жабҳаларида катта-катта лавозимларда фаолият кўрсатаётган инсонлар кўп чиққан. Сабаби, 31-мактабнинг устозлари қаттиққўллиги шу билан бирга билими ва меҳрибонлиги билан таниқли.

Турсуной Раҳимова хонадонида шу куни катта байрам бўлиб кетди. Анзират Хўжамқулова, Гулчеҳра Умрзоқова, Абдусалом Нурматов каби кекса устозлар шарафланди.


- Ўқитувчилик энг улуғ касблардан бири. Касбимдан доим фахрланганман, - дейди Турсуной Раҳимова. – Ярим асрга яқин болажонлар билан ҳамнафас бўлиб ишлаш кишига завқу шавқ бағишлайди. Инсон келажагини тарбиялашдек муқаддас юмушни астойдил меҳр бериб адо этганимиздан мамнунман.

Андижон шаҳридаги 6-, 19- умумтаълим мактабларида 50 йил давомида фидокорона ишлаб, нафақага чиққан Хосиятхон Холмирзаеванинг хонадонида ҳарбий оркестр садолари янгради. Ўқувчилар ватанпарварлик қўшиқлари остида рақсга тушдилар. Миллий куй-қўшиқлар янгради.

Шу куни кексалик гаштини сураётган кўплаб устозлар ҳолидан хабар олинди, саҳналаштирилган дастурлар давомида совғалар улашилди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.