Атрофга назар

УСТОЗЛАРНИ ЭСЛАБ...


30.09.2022   323

Инсон туғилиб, бирор касб-ҳунарни эгаллашида, билим олиб, жамиятда ўз ўрнини топишида, жамият учун, ватан учун, халқ учун бирор манфаатли ишларни амалга ошириш учун етук инсон бўлиб етишишида устозлар таълими, тарбияси ва ҳунар ўргатиши асосий омилдир. Ярим асрдан зиёд ўтган умримни сарҳисоб қиладиган бўлсам, ҳаётимда кўплаб устозларни кўрдим, уларнинг тарбия ва ўгитларига амал қилиб кам бўлмадим.

Устозлар ҳақида сўз борганда, биринчи ўринда ҳаётда комил инсон бўлиб тарбияланишимда, жамият учун фойдали иш бажариш учун илм олиб, ҳаётнинг паст-баланд чўққиларини босиб ўтишимда илк ва бошланғич устозларим ОТА-ОНАМни эътироф этишни истардим. Уларнинг кўрсатмалари, маслаҳатлари билан олий маълумотли, нуфузли идораларда ишлаш шарафига муяссар бўлдим.

Умумтаълим мактабида ўқиб юрган даврларимни кўп хотирлайман. Собиржон Маматқулов, Абдухалил Солиев, Солижон Собиров (Аллоҳ рахматига олсин), Эътиборхон Холматова, Рашида Хасанова, Аҳмаджон Хомидов каби фидойи ўқитувчиларим ҳаёт йўлимда жуда яхши намуна бўлган бўлсалар, Асака шаҳридаги билим юртида Муҳаммаджон Хомидов, Муҳаммаджон Рўзиев каби устозлар илмни ҳунар билан узвий боғлаб бориш бўйича таълим бердилар.

Олий таълим даврида инсон нафақат билим олади, балки ўзининг келажагини яратиш йўлида изланишлар олиб боради, интилади. Устозларни бу соҳаларда нафақат таълим берувчи, балки ҳаёт йўли чироқларини ёритиб берувчи нурга қиёсласа бўлади. Қаршибоев, Валихонов (Оллоҳ рахматига олсин), Эгамбердиев, Илҳом ака Мирзаев, айниқса Анорбоев ва Толибжон Худойбердиевларнинг меҳнатларини алоҳида таъкидлашни истардим. Устоз Анорбоевнинг талабчанлиги, дарсларни мазмунли ўтиши, илм сирларини содда ва равон тилда ҳаётдаги мисоллар билан боғланган ҳолда олиб бориши, Толибжон Худойбердиевнинг дарс мазмун-моҳиятини кўргазмали қуроллар ва ҳаётий воқеалар асосида олиб боришлари талабанинг унинг дарсларида мажбуран эмас, балки ўз ҳоҳиш-истаги билан қатнашиш истагини кучайтирар эди. Биз талабалар ушбу устозларнинг дарсига шошилардик, дарсда эса завқ олардик ва кўтаринки кайфиятлар билан чиқардик.

Олий ўқув юртида олган билимларни мустақил ҳаётнинг қайноқ муҳитида амалиётга татбиқ қилган илк кезлардаёқ устозлар машаққатини англаб етдим. Мутахассислигим техникага алоқадор бўлганлиги сабабли, дастлаб ўзим таҳсил олган билим юртида, кейин вилоят миқёсидаги ташкилотларда ўтмоқда. Билим юртида ишлаган кезларим ўзимга таълим берган устозларнинг кўрсатма ва тавсиялари билан ишлаш даврим жуда мазмунли ва таассуротларга бой бўлди.

Вилоятда ишлаган давримда ўзимнинг мутахассислигим бўйича менга Рафиқжон Қаххоров (Аллох рахматига олсин), Равшанбек Алимов (Охиратлари обод бўлсин), Бахтиёржон Жўраев, Абдувоҳид Қўчқаров, Муталибжон Атабаевлардан билим сирларини пухта эгаллашга интилдим. Бугунги кунда ишлаб келаётган жойимда норматив ҳужжатлар билан ишлаш, ишни сифатли бажариш бўйича уларнинг ўгитлари ҳамон маёқ бўлмоқда

Инсоннинг шаклланишида энг биринчи дўст бу – китоб дейишлари бежиз эмас. Кўплаб китоблар ўқиш, янги матбуот хабарларини кузатиб бориш ҳар қандай инсоннинг тафаккурини ошишига хизмат қилади. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров, Саид Ахмад, Муҳаммад Юсуф каби ижодкорларнинг асарлари ҳам жамиятда ўрнимни топишда хизмат қилганлигини тан олишим керак.

Ҳаётим давомида менга устозлик қилган, бугунги кунда бу дунёни тарк этган барча устозларимни Оллоҳдан охиратларини обод қилишини, қиёмат кунида жаннат эшикларидан киришлигини сўраб қоламан. Бу дунёда қилган барча солиҳ амалларини ўзларига савоб тарозисида оғир бўлишини тилаб қоламан.

Ҳозирда яшаб, меҳнат фаолиятини олиб бораётган устозларимни эса умрлари узоқ бўлиб, кексалик гаштини роҳатда ўтказишларини, олдига қўйган барча мақсадларига эришишларини, умрларининг охиригача биз шогирдлари учун насиҳатгўй бўлиб юришларини тилаб қоламан. Бунда, уларга мустаҳкам соғлик ва куч-қувват, оилавий тинчлик тилайман.

Бугунги нишонланаётган “Устозлар ва мураббийлар куни” байрамида уларни байрам билан самимий муборакбод этаман, БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ УСТОЗЛАР!!!

М.ҲАЙДАРОВ,

Асака тумани.