Атрофга назар

УСТОЗЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ, УЛАРНИНГ ҚАДРИ ВА ЎРНИГА МОС ЭҲТИРОМ КЎРСАТИШ АЗАЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДАНДИР


27.06.2022   241

- Юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда, айниқса, сиёсий-ижтимоий жараёнларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозимлиги баробарида конституциянинг такомиллаштирилиши ҳам ўта долзарб масала сифатида кун тартибига чиқмоқда. Сўнгги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда кучли фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Ўқитувчи сифатида “Педагогларнинг мақомини ошириш, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини” Конституция даражасида белгиланиши юзасидан таклиф мени ғоят қувонтирди. Уни қўллаб-қувватларканман, бир жиҳатни алоҳида қайд этишни истайман. Устозларни эъзозлаш, уларнинг қадри ва ўрнига мос эҳтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздандир. Бу анъанани янада юқори босқичга олиб чиқиш таълим тизимидаги янги ислоҳотларга кенг йўл очади. Айтиш жоизки, сўнгги беш йилда педагогларга кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилди. Уларнинг эркин изланишлари, янги-янги ташаббусларни илгари суришлари тизимда инновацион педагогик усулларнинг жорий этилишига туртки бўлди. Оқибат, янги Ўзбекистоннинг бунёдкор ёшлари майдонга чиқаётир. Бу норманинг киритилиши билан мазкур ишлар янада кенг қулоч ёяди, соҳа мутахассислари учун очилган имкониятлар эшиги эртамизнинг салоҳиятли, билимдон, ташаббускор, илғор ғояли эгаларини етиштириб беришга хизмат қилади.

Ферузахон АҲМЕДОВА,

Андижон давлат тиббиёт институти

академик лицейи директори.