Атрофга назар

“ЎЗ ТИЛИГА САДОҚАТ - БУ ВАТАНИЙ ИШДИР”


21.10.2022   393

Исҳоқхон тўра Ибратнинг шундай фикри бор: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилларни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”. Албатта, бу айни ҳақиқат!

1989 йил 21 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами, айтиш жоиз бўлса, Ибрат таъкидлаганидек ватаний иши эди.

Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.

2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши қувонарли ҳол бўлди. Ушбу қонун билан ҳар йили 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб нишонлаш белгиланди. Бу эса она тилимизни қай даражада ардоқлашимизни ва ҳурмат қилишимизни билдиради.

Сўнгги йилларда ўзбек тили ва адабиётини ривожлантиришга, тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга қаратилган бир қанча самарали ишлар амалга оширилмоқда. Тил сиёсатини такомиллаштиришга ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланиши давлат тили нуфузини янада оширди.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида тилимизни ривожлантиришнинг муҳим белгилари белгиланган. Жумладан, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришишнинг бирдан бир йўлини танлаб олдик, яъни давлат тилида иш юритиш. Бунга нафақат иш юритиш, балки иш юритиш орқали одамлар онгида ўзбек тили имкониятларини тўлиқ сингдириш – ёзма нутқ, оғзаки нутқ ва ташқи кўргазма тил сиёсатининг асосий технологияларидандир.

Салкам 100 йиллик мустамлака сиёсати она тилимиз бўлган ўзбек тилининг ҳам софлигига путур етказди. Ўзбек тилининг мавқеи тобора пастлаб борди. Халқ ичида тил тарбияси ва таълими олиб борилмаганлиги учун тилга фақат “муомала воситаси” деб қаралди ва унинг қандай бўлиши эътибордан соқит қилинди.

Аммо 1989 йилдаги оламшумул эзгу воқеа ана шу паст қарашларга чек қўйди! Она тилимиз мавқеини юксакка кўтарди. Мана, 28 йилдирки, Ўзбекистон халқи 21 октябрь санасини катта қувонч билан кутади ва миллатнинг гўзал байрамларидан бири сифатида нишонлаб келади.

21 октябрь санаси. Тил байрами… Бу байрам миллатнинг, ўзликнинг, ўзбекнинг байрами. Она тилимизга давлат тили мақоми берилган кун барчага муборак бўлсин!

Зилола РАҲМОНОВА