Атрофга назар

UZASBO ВА UZCARD АХБОРОТ ТИЗИМИ ИНТЕГРАЦИЯ ҚИЛИНДИ


02.06.2022   260

Июнь ойидан бошлаб UzASBO ва Humo ахборот тизими ўртасида ҳам икки томонлама маълумот алмашинувини йўлқа қўйиш режалаштирилган.

Молия вазирлиги Ахборот технологиялари марказининг UzASBO дастурий мажмуаси ва Ягона умумреспублика процессинг марказининг Uzcard ахборот тизими ўртасида май ойидан бошлаб икки томонлама маълумот алмашинуви йўлқа қўйилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ахборот технологиялари маркази томонидан UzASBO дастурий мажмуасида ойлик иш ҳақи қисмига қўшимча ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгартириш орқали UzASBO дастурий мажмуасида ходимнинг пластик картасининг банк ҳисоб рақами Uzcard ахборот тизимидан автомат шаклланадиган бўлди.

Шу кунга қадар, дастурга буджет ташкилоти ҳисобчилари томонидан ходим пластик картасининг банк ҳисоб рақами маълумотлари тижорат банкидан берилган маълумот асосида тўлдирилган. Бунинг натижасида ҳисобчилар томонидан ходимнинг пластик карта маълумотларини тузатиш ёки ўзгартириш киритилиши мумкин бўлган.

Ҳозирда давлат бюджети маблағларини тўғри сарфлаш ва аниқ йўналтириш мақсадида пластик карта маълумотларини UzASBO дастурий мажмуасида инсон омили ёрдамида ўзгартириш киритиш имконияти чекланди.

Бугунги кунда Молия вазирлиги Ахборот технологиялари маркази ва Миллий банклараро процессинг маркази ўртасида технологик йўриқнома ишлаб чиқилмоқда. Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб Молия вазирлиги Ахборот технологиялари марказининг UzASBO дастурий мажмуаси ва Миллий банклараро процессинг марказининг Humo ахборот тизими ўртасида икки томонлама маълумот алмашинувини йўлқа қўйиш режалаштирилган.

Аввалроқ Uzcard аҳолига моддий ёрдам тарқатилиши фонида тўлов карталаридан пул ечиб олишда фирибгарлик схемалари фаоллашаётганидан огоҳлантирганди.