Атрофга назар

ЎЗБЕК БОКСЧИЛАРИ 6 ТА ОЛТИН МЕДАЛЬ БИЛАН БИРИНЧИ БЎЛИШДИ


28.02.2022   394

Жорий йилнинг 22-27 февраль кунлари Болгария пойтахти София шаҳрида бокс бўйича нуфузли “Stranja Cup» халқаро турнири бўлиб ўтди.

Ўзига хос «кичик жаҳон чемпионати» сифатида эътироф этиладиган мазкур турнир тарихда 73 марта ташкил этилди. Унда жаҳоннинг 37 мамлакатидан 370 нафардан ортиқ эркак ва аёл боксчилар иштирок этишди.

Мусобақа эркаклар ўртасида 13та, аёллар ўртасида эса 12та вазн тоифасида ташкил этилди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур турнирда 8 нафар эркак ва 5 нафар аёл боксчи билан қатнашиб, якунда 6 та олтин ва битта бронза медалини қўлга киритди.

Қувонарлиси, мусобақа якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Россия терма жамоаси эса 5та олтин билан иккинчи ўриндан жой олди. Кучли учликка эса Қозоғистон терма жамоаси 4 та олтин медаль билан якун ясаб берди. Ён қўшниларимиз эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақаларда 2 тадан олтин медалга эга чиқишди.

Кеча терма жамоамиз таркибидаги энг оғир вазнли боксчимиз, +92 кг вазн тоифасида рингга чиққан Лазизбек Муллажонов ҳам олтин медалга сазовор бўлди.

Терма жамоамиз сафида совриндор бўлган боксчиларимиз:

Олтин медаль:

-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов,

-57 кг: Абдумалик Халаков,

-63,5 кг: Мужибилло Турсунов,

-80 кг: Одилжон Аслонов,

-92 кг: Мадияр Саидраҳимов,

+92 кг: Лазизбек Муллажонов,

Бронза медаль:

-52 кг: Турсуной Раҳимова

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бугун тунда, яъни 28 февралдан 1 мартга ўтар кечаси соат 02:00да юртимизга қайтиб келишади.