“Ўзбек халқининг тил хазинаси” тезаурус-луғати буюк халқимиз учун муносиб совға бўлади
14.03.2026 156
Инсон умри вақт билан ўлчанса-да, унинг асосий мезони у томонидан ҳаётлик даврида бажарган яхши ишлари, эзгулик йўлидаги меҳнати, одамларга қилган яхшиликлари билан ўлчанади дейиш мумкин. Бу дунёда минглаб, миллионлаб, миллиардлаб одамлар яшаб ўтди. Аммо уларнинг ичидан ўз ҳаётлари давомида ёрқин из қолдирганлари тарих зарварақларидан ўрин олган.
Бутун ҳаётини илмга, унинг нурли йўллари орқали зиё тарқатишга бағшида этган, фидойи, жонкуяр олимларимизни юртимизнинг ноёб олмосларига ўхшатсак арзийди. Умр йўлларини ватани, халқи равнақи учун заҳмат чекиб, муборак 83 ёшида ҳам илму урфон йўлида буюк ишларга бел боғлаган филология фанлари доктори, профессор Муҳторхон Умархўжаев билан суҳбатни Сиз азиз муштарийларга ҳавола қиламиз.


Ижтимоий фаолият…
Камина ходимингиз 1943 йилда Андижонда таваллуд топдим. Ўз давр имкониятларидан келиб чиқиб ўрта таълим мактабини тамомлаганимдан сўнг икки йил талаба бўлиш насиб қилмади. Сўнгра Тошкент давлат чет тиллар педагогика институтининг немис тиллар факультетига ўқишга қабул қилиндим. Илмга бўлган муҳаббатим ва доимий дунё таниган олимлар билан фаол алоқаларим туфайли институтда қолдим. Аввал Москвада, кейинчалик эса Германияда таҳсил олдим. Ушбу йиллар давомида Берлин академиясида луғатшунослик бўйича иш олиб бордим. Илмий изланишлар, диссертациялар ёқлаб ватаним Андижонга қайтдим. Бу ерда ташкил этилган Андижон давлат тиллар педагогика институти (ҳозирги Андижон давлат чет тиллари институти)да фаолиятимни бошладим. Ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, катта илмий ходим, профессор, кафедра мудири, декан вазифаларида ишладим. Бироз вақт ўтиб ушбу даргоҳда сал кам 20 йил вақт давомида ректорлик лавозимида таълим жараёнига қўлдан келганича бош-қош бўлдим.
Умрим сарҳисобини юритсам 50 йилдан ортиқ илмий ҳамда педагогик фаолиятим мобайнида бевосита ва билвосита луғатшунослик билан шуғулланибман. Шогирдларимдан сўрасам, 60 га яқин китоб чиқарган эканман, 200 дан ортиқ мақола ва тезислар ёзибман. Кези келганда уларнинг баъзиларини тилга олсам: “Очерки по современной фразеографии”, “Основы фразеографии”, “Немисча-русча-ўзбекча фразеологик луғат”, “Умумий тилшунослик (ўқув қўлланма)”, “Олмон тили лексикологияси ва фразеологияси”, “Диний атамалар ва иборалар. Оммабоп қисқача изоҳли луғат”, “Немисча-ўзбекча зооним компонентли фразеологизмлар ўқув луғати”, “Қизил китоб”га тушмас туйғулар (қомусий луғат)”, “Икки буюк замондошим (хотиралар)”, “Сўз дунёси – тил дунёси, тил дунёси – сўз дунёси. Ёш филологлар учун қўлланма” ва бошқалар.
Буни қарангки, ҳаётим доимо олимлар, шоирлар, адабиётшунослар, илм аҳллари орасида кечди. Инсон қай йўлни танласа, шу йўл орқали нияти, мақдасига кўмакдошлар айни йўлда учрар экан.
Илм йўлидаги изланишлар…
Маълумки, кишиларнинг кундалик фаолиятида уларнинг она тили ажралмас восита ҳисобланади. Тилнинг софлигини сақлаш, луғат бойлигини ошириб бориш, тил тараққиётини замонавий ахборот технологиялари ютуқлари билан интеграциясини таъминлаш, унинг илм-фан тили сифатида нуфузини ошириб бориш барча кишиларнинг зиммасига бирдек юкланади. Ушбу вазифаларни бажарувчи восита сифатида луғатларларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳар бир халқ ўз норматив луғатларини яратишдан аввал ўз тезаурусларига эга бўлиши лозим. Афсуски, бизда ҳали ундай ҳазиналар деярли йўқ. Ўзбек тилининг илк изоҳли луғати 1981 йилда 60 минг сўзни ўз ичига олган ҳолатда нашр этилди. Ҳозирда бу луғат 80 мингта сўзни қамраб олган. Энди ўйлаб кўрайлик, наҳотки шундай буюк ва улкан тарихи, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машрабдек сўз заргарлари бор халқнинг луғат бойлиги 80 минг бўлиши мумкинми? Асло.
XX-XXI асрларда жаҳон тилшунослигида миллий тилларнинг лексик бойлигини тизимли тарзда ўрганиш ва уларнинг семантик муносабатларини аниқлашга қаратилган тадқиқотлар кенг ривожланди. Айниқса, тезаурус типидаги луғатлар яратиш йўналиши инглиз, рус, француз, немис, хитой ва бошқа тиллар мисолида муваффақиятли амалга оширилган. Масалан, “Oxford English Thesaurus”, “Rogetʻs Thesaurus”, “WordNet” каби лойиҳалар сўзларнинг маъно муносабатларини (синонимия, антонимия, гиперонимия, меронимия ва бошқаларни) тўлиқ қамраб олган интеллектуал тизимлар ҳисобланади. Рус тилшунослигида ҳам сўнги йилларда эришилган илмий ютуқлар асосида луғатшунослик ва семантик таҳлил соҳасида катта илмий натижалар берди. Улар тилнинг лексик тизимини фақат изоҳлаш эмас, балки маъно муносабатларини моделлаштиришга ҳам йўналтирилган ҳисобланади.
Ўзбек тилшунослигида сўз бойлигини тадқиқ этиш йўналишида қатор изоҳли ва икки тилли луғатлар, шу жумладан О. Мадраҳимов, Ш. Раҳматуллаев, А. Хожиев, Э. Бегматов, Н. Маҳмудов, Н. Маҳмудов, А. Мадвалиев, Б. Менглиев ва бошқаларнинг ишлари муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилган. Бироқ, бу ишлар луғат-тезаурус форматидаги комплекс семантик тизимни қамраб олмаган. Шу боис ўзбек тилининг миллий сўз хазинасини тезаурус шаклида яратиш ва сунъий интеллект орқали семантик боғланишларни аниқлаштириш йўналиши ҳали етарлича ривожланмаган.
Бугунга қадар халқимизнинг сўз хазинасини орфографик, орфоэпик, грамматик хусусиятларини, этимологик маълумот, сўзнинг изоҳланиши, стилистик бўёқдорлик, соҳавий қўлланиш, далилий-иллюстратив мисоллар, синонимлар, антонимлар, маълумотлар корпусидаги частота, топонимлар ва антропонимлар каби компонентларни ўзида жамлаш орқали тизимлаштирилган луғат-тезаурус яратишда методологик бўшлиқ сезилмоқда. Мавжуд луғатларда сўзлар асосан содда изоҳга таянади, бу эса сўзларнинг семантик муносабатлари (синоним-антноним), маданий контексти (топонимлар ва антропонимлар) ва статистик хусусиятлари (частота)ни тўлиқ ўзида акс эттирмайди. Фикримизча ўзбек тилининг сўз бойлигини қамраб олган луғат-тезауруслар мавжуд эмаслиги натижасида миллий лексик меросни сақлаш, тадқиқ этиш ва таълим ҳамда таржимонлик амалиётида ундан самарали фойдаланиш имкониятлари чекланган.
Шундай ўйлар менга узоқ вақт давомида тинчлик бермади ва мен миллатимиз ғурури бўлган она тилимизни нақадар бой ва соф эканлигини исботлашга қарор қилдим. Она тилимиз луғат бойлиги статистикада кўрсатилгандан бир неча баробар кўпроқдир аслида. Шу тариқа олган билимларим, Москва ва Германиядаги буюк устозлар берган таълим, улар билан бирга ўтказган тажрибаларим асосида ўзбек тили изоҳли тезаурусини яратишга жазм қилдим. Яхши ниятлар ила, ўз навбатида залворли ва юксак масъулият юклайдиган лойиҳа, янги илмий асарга таълиф беришга киришиб, унга “Ўзбек халқининг тил хазинаси” тезаурус-луғати дея ном бердик. “Тезаурус” сўзи тил хазинаси деган маънони англатади.
Ғоямиз ҳақида гапиришдан олдин луғатшунослик юки тўғрисида француз гуманист адиби, тилшунос ва тарихчи Юстус Скалигернинг назмда ифодалаган фикрини келтириб ўтсам. Мазкур шеърий қаторлар улуғ шоиримиз Чустий томонидан рус тилига қилинган таржима асосида маромига етказилиб қуйидагича она тилимизга ўгирилган:
Кимики зўр жазога маҳкум эрса,
Шунинг-чун чекса қайғу, ғам ҳар онда,
Темирчи бўл дема қийнаб уни сен,
Кўмир қаздирма-ю, ишлатма конда,
Жазо берма, луғат туздиргил унга,
Бундайдек мушкул иш йўқ ҳеч жаҳонда.
Луғат тузувчилар қанчалик қийинчиликларга дуч келиши, мазкур касбнинг осон эмаслиги, лексикограф меҳнатининг машаққатли эканлиги тўғрисида юқоридаги мисралар сўзлаб турибди. Барча омилларни инобатга олган ҳолда, ўзбек халқининг тил бойлигини таҳлил қилиш мақсадида шогирдларим билан Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакийлар давридан бошлаб кейинги минг йилликдаги барча сўзларни тўплаш учун корпус-платформа яратишга киришдик.
Бунинг натижасида бир миллиардлик махсус корпус яратилди. Бундан ҳам аниқроқ айтадиган бўлсам, турли йилларда кирилл ва лотин ёзувларига асосланган ўзбек тилида чоп этилган фольклор, илмий, расмий, бадиий, диний, публицистик ҳамда оммабоп жанрлардаги 3 мингга яқин китоб, 700 та журнал ва газеталардан бир миллиард гаплар (синтактик бирлик) йиғилди. Шунда шогирдларимга “қани, болаларим, бир ҳирмонни кўтарайлик, қанча сўз жамланибди”, дедим. Таҳлилларимиз натижасида турли фаоллик дараасига эка бўлган 3 миллион 25 мингта сўз чиқди. Бу ҳажмдан, албатта, ўзбек тилшунослари ҳам ҳайратда қолдилар. Барча сўзлар частотаси билан, яъни такрори билан қўлланган. Масалан,
VijdonTiynat
Vijdonan Tiynati
Vijdoniy Tiynatida
Vijdonli Tiynatiga
Vijdonlilik Tiynatim
Vijdonsiz Tiynatin
Vijdonsizlik Tiynatiniва бошқалар.
Бу сўзлар бизнинг луғатда битта сўз дейилади, аммо булар чет тилларига таржима қилинса алоҳида гап бўлади. Шундай таҳлиллар билан 5 мартадан ортиқ келган сўзларни луғатга киритишни режа қилдик. Бунинг натижаси ўлароқ, олиб борган изланишларимиз самарасида 500 мингдан ортиқ сўзларни ўз ичига олган “Ўзбек халқининг тил хазинаси” қомусий-луғат номли илмий асосланган ва барча учун мўлжалланган лексикографик асарга тартиб берилмоқда.
Лойиҳамизнинг янгилиги шундаки, у ўзбек халқининг сўз хазинасини грамматик хусусиятлар, этимологик маълумот, орфоэпия, орфография, маънолар ва изоҳлар берилиши, стилистик бўёқдорлик, соҳавий қўлланиш, далилий-иллюстратив мисоллар кенглиги, синоним-антонимлар, маълумотлар корпусидаги такрорланиш даражаси, топонимик атамалар ва буюк шахс номлари билан боғлиқ кўплаб компонентни ўзида жамлаган илк комплекс луғат-тезаурус ҳисобланади.
Қийинчилик ва машаққатлар…
Тан олиб айтиш керакки, замонавий тилшунослик сўнгги йилларда сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва лингвистик маълумотларни автоматлаштирилган қайта ишлаш тизимлари ривожи туфайли янги босқичга кўтарилди. Тил бирликларини чуқур семантик таҳлил қилиш, уларнинг динамикасини кузатиш, катта ҳажмдаги лингвистик корпуслардан самарали фойдаланиш ҳамда янги авлод электрон луғат платформаларини яратиш бугунги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишига айланди. Сунъий интеллектнинг лингвистик жараёнларга кенг жорий этилиши лексикография, корпус лингвистикаси, компьютер лингвистикаси ва рақамли луғатшуносликнинг ўзаро интеграциясини кучайтирди ҳамда луғат тузиш амалиётини тубдан янгилади. Илгари бир лексемага изоҳ бериш учун қўл меҳнати асосида юзлаб манбалар таҳлил қилинган бўлса, бугун BERT, GPT, Word2Vec, Sketch Engine, FastText каби моделлар орқали сўзларнинг семантик муносабатларини аниқлаш, синонимик қаторларни автоматик шакллантириш ва контекстуал маъноларни таҳлил қилиш имкони яратилди. Ҳар бир олим ёки илм йўлидаги инсонлар замон билан ҳамнафас бўлиши керак. Қачонки олиб борилаётган ишлари янги теҳнологиялар, кашфиётлар ёрдамида амалга оширилса, ана шунда натижа аъло бўлади.
Бизнинг ишимиздаги энг мураккаб жараёнлардан бири бу ўзбек алифбосини шу кунга қадар 3-4 марта ўзгаргани бўлди. Чунки бу ҳолат тилнинг талаффузига, ёзилишига таъсир қилмай қолмайди.
Бундан ташқари, катта миқдордаги гаплардан сўзларни териб олиш (анализ-синтез) авваллари картотека йиғиш орқали қилинарди. Аммо ҳозир сунъий интеллект даврида ишимиз бирмунча осонлашди. Китоблар сканер қилиниб, дастурга кўра сўзларни ҳар бири қайси асарда қай ҳолатда ва неча марта келганини кўрсатиб беради. Ишнинг бу босқичида ҳам баъзи қийинчиликлар юзага келди. Айрим китоб безаклари, нақш ва ҳошиялар сканер асосида сўз таркибига қўшилиб янги сўзлар (квази/сунъий сўзлар)ни ҳосил қилди. Бу эса ишни бироз қийинлаштирди. Чунки компьютер танлаб олган сохта “сўз”ларимиз алифбо тартибида мавжуд сўзлар билан аралашиб, уларни табиий сўзлардан ажратиб олиш алоҳида вақт оладиган жараёнга айланди.
Ҳозирда биз амалга ошираётган луғатга киритилган Бош сўзларни кодификация қилиш (ҳадлаш) ҳам узоқ вақт ҳамда синчковлик талаб этадиган жараён ҳисобланади. Бир қарашда сунъий интеллект инструментлари орқали ушбу муаммони осон йўл бўлан бу жараённи тез фурсатда якунига етиш мумкиндек гўё. Бироқ назарда тутилган луғат мақоласининг 12 компонентига алоҳида эътибор бериш, ҳар бир киритилаётган маълумотларга танқидий ёндошиш бажарилаётган амалларнинг илмий асосланганлигини, илмий одоб қоидаларига риоя этилиши ишнинг қийматини белгилаб беради.
Албатта, илм йўлида изланишлар игна билан қудуқ қазиганга тенг. Ҳозирги вақтда ўзбек/туркий тил ва хорижий тиллар мутахассислари ҳамда замонавий рақамли технологиялар бўйича мутахассислардан ташкил топган илмий жамоамиз билан бу поғоналарни секин-аста босиб ўтмоқдамиз.
Билдирилган ишонч, натижа сари илгарилаш ва энг асосийси, “Ўзбек халқининг тил хазинаси” қомусий луғатини 500 мингга етканини билишдек бахт чеккан заҳаматларимизнинг энг катта мукофотидир. Умид қиламизки бошлаган ишимизнинг амалий натижаси бўлган “Ўзбек халқининг тил хазинаси” тезаурус-луғатининг икки хил варианти: босма нашр ҳамда электрон луғатлар БУЮК ХАЛҚИМИЗ учун муносиб совға бўлади ва келгуси авлодларимиз учун дастурул амал бўлиб хизмат қилади.
