Андижон – туркий дунёнинг маданий юраги
24.07.2026 233
Маданият турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим восита, кўнгилларни яқинлаштирувчи мустаҳкам кўприкдир. Зеро, тарихий хотира, тил, адабиёт, санъат ва миллий анъаналар инсониятнинг нафақат ўтмиши, балки келажакдаги тараққиёт йўлини ҳам белгилаб беради.
Шу маънода, Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ томонидан амалга оширилаётган “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” дастури қардош халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим халқаро ташаббуслардан биридир.
2025 йилда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри мазкур нуфузли мақомни муносиб адо этиб, 2026 йилда маданий эстафета Ўзбекистоннинг қадимий ва навқирон шаҳарларидан бири — Андижонга топширилди. Бу қарор фақат бир шаҳарга берилган фахрий унвон эмас, балки Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, халқимиз бунёдкорлик салоҳияти ва туркий дунё тараққиётига қўшган ҳиссасининг халқаро эътирофи ҳисобланади.
Таъкидлаш жоиз, “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” дастури ТУРКСОЙ ташаббуси билан 2012 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳанинг бош мақсади туркий халқлар умумий маданий меросини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш, шаҳарлар ўртасидаги маданий ва ижодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро англашув ҳамда ҳамжиҳатликни кучайтиришдан иборат. Танланган шаҳар бир йил давомида турли маданий тадбирлар – концерт ва фестивал, театр томошалари, кўргазма ва адабий учрашувлар, илмий конференция ва маданий мерос лойиҳаларига мезбонлик қилади.
Мазкур анъана 2012 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳридан бошланган. Кейинги йилларда Эскишеҳир (Туркия), Қозон (Россия Федерацияси), Марв (Туркманистон), Шеки (Озарбайжон), Туркистон (Қозоғистон), Кастамону (Туркия), Ўш (Қирғизистон), Хива (Ўзбекистон), Бурса (Туркия), Шуша (Озарбайжон), Анев (Туркманистон) ва Ақтау (Қозоғистон) шаҳарлари туркий дунё маданият пойтахти сифатида фаолият юритди. 2026 йилда эса ушбу тарихий рўйхатдан Андижон шаҳри ҳам жой олди. Шу тариқа, Андижон Хивадан кейин Ўзбекистоннинг мазкур нуфузли мақомга сазовор бўлган иккинчи шаҳрига айланди.
Маданият пойтахтини танлаш масаласи ТУРКСОЙга аъзо мамлакатлар маданият вазирлари Доимий кенгашида кўриб чиқилади. Бунда номзод шаҳарнинг тарихий ва маънавий аҳамияти, туркий цивилизация ривожидаги ўрни, ўзига хос маданий мероси, халқаро тадбирларни қабул қилиш имконияти ҳамда давлат ва маҳаллий ҳокимиятнинг ташкилий тайёргарлиги муҳим аҳамият касб этади. Демак, бу унвон фақат тарихий ўтмиш учун эмас, балки мавжуд маданий салоҳиятни замонавий шаклларда намоён этиш имконияти учун ҳам берилади.
Мазкур вазифани кенг кўламда амалга оширган Ақтау шаҳрида 2025 йил 28 ноябрь куни ўтказилган ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг 42-йиғилишида Андижонни 2026 йилги Туркий дунё маданият пойтахти деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Таъкидлаш жоиз, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу замин қадимдан савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, илм-фан, адабиёт ва санъат марказларидан бири бўлиб келган.
“Бобурнома”да табиати, туркий тили ва бозорлари алоҳида эътироф этилган бу кўҳна шаҳар ТУРКСОЙ томонидан “Фарғона водийсининг гавҳари” ва 2026 йилда “туркий дунёнинг юраги” деб бежиз танланмади. Зеро, ҳудуднинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Абдулҳамид Чўлпон мероси, Андижон полькаси, аския санъати, дўппидўзлик, кулолчилик каби бой номоддий маданий бойликлари ва ўзига хос меҳмондўстлик анъаналари бугунги кунда бутун туркий дунё учун бебаҳо қадрият ҳисобланади.
Андижонда турли миллат вакиллари ўртасида шаклланган ижтимоий ҳамкорлик, маданий алмашинув ва ўзаро ишонч муҳити эса унинг туркий дунё маданий маконидаги нуфузини янада мустаҳкамлаётган ижобий тенденция сифатида намоён бўлмоқда.
2026 йил 24 июнь куни Андижоннинг Бобур шаҳрида ташкил этилган расмий очилиш маросимида ТУРКСОЙга аъзо мамлакатларнинг юқори мартабали вакиллари, маданият ва санъат намояндалари ҳамда қарийб минг нафар меҳмон иштирок этди.
Очилиш тадбирларининг энг ёрқин воқеаларидан бири - 479 нафар профессионал раққос ва 20 минг киши ижросидаги “Андижон полькаси” композицияси “Энг йирик ўзбек халқ рақси ижроси” сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилди. Бу натижа ўзбек миллий рақс санъатининг жаҳон миқёсидаги яна бир юксак эътирофи бўлди.
Қайд этиш жоиз, Андижоннинг маданият пойтахти сифатидаги вазифаси фақат бир йиллик байрам ва тантаналар билан чекланмайди. Йил давомида ўтказиладиган фестиваллар, илмий анжуманлар, кўргазмалар, концертлар, ижодий форумлар ва адабий учрашувлар шаҳарнинг халқаро нуфузини ошириш билан бирга, маданий туризмни ривожлантириш, тарихий обидалар ва миллий ҳунармандчиликни тарғиб қилишга ҳам хизмат қилиши лозим.
Айни пайтда бу мақом Андижон учун катта масъулият ҳамдир. Тадбирлардан кейин ҳам фаолият кўрсатадиган маданий майдонларни шакллантириш, маҳаллий ижодкорларни халқаро лойиҳаларга жалб этиш, Бобур ва Чўлпон меросини рақамли платформаларда кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллий қадриятларга қизиқтириш асосий вазифалардан бўлиб қолиши зарур.
Зеро, “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” бўлиш — фақат шараф эмас, аждодлардан қолган маънавий меросни келажак авлодларга муносиб етказиш масъулияти ҳамдир.
Равшанбек АБДУРАҲИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси
