Андижонда

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ННТлар, жамоат комиссияси ва фони, жамоатчилик назорати нигоҳида


24.05.2024   530

Андижон шаҳридаги савдо-саноат палатасида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ҳудудий бўлинмаси томонидан Ўзбекистон – 2030” стратегияси – ижтимоий давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим омили”мавзусида семинар ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси ва Жамоат фонди ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир стратегия мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тушунтириш, ушбу жараёнда давлат органлари, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирокини янада кучайтириш, вазифалар ижросини таъминлашда зарурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалий таклиф ва тавсияларни илгари суриш мақсадларини ўзида ифода этди.


-Давлат раҳбарининг 2023 йил 15 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030 стратегияси” ҳамда 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни самарали рўёбга чиқариш, долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш шароитларини яхшилашда маҳаллий ННТ ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда иштироки муҳим ўрин тутади, - дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарходбек Атаханов. – Айни кунда вилоятимиз бўйича ННТлар сони жами 618 тани ташкил этган ва уларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 тага ошган. Фуқаролар ташаббуси билан тузилган ННТлар сони 60 тани (9,7%) ташкил қилмоқда. Ўтган йиллар давомида вилоятдаги ННТларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида бир қатор муҳим ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, 2022-2023 йилларда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида иштирок этиб ғолиб бўлган 22 та жамоат ташкилотининг лойиҳалари қарийб 1,9 млрд. сўмга молиялаштирилган.

Шунингдек, тадбирда ННТлар томонидан муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқаришда ривожланган хорижий давлатлар билан ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида ҳам самарали ишлар қилингани таъкидланди.

Шунингдек, жараёнда иштирокчиларнинг асосий эътибори Стратегиянинг эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантиришга қаратилган вазифалар юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгилаш ва уларни тўлақонли амалга ошириш, ННТлар фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, фуқаролик жамияти институтларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масалаларига қаратилди.


Бўлиб ўтган баҳс-мунозараларда вилоят учун энг долзарб аҳамият касб этаётган ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, таълим соҳасидаги ислоҳотларда фаол иштирок этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтириш, экологик муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш, фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ аҳоли ҳаётига хавф солувчи офатларнинг олдини олиш, айниқса, вилоятнинг чегараолди ҳудудларида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳаларида тегишли давлат ташкилотлари ва манфаатдор идоралар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Зилола РАҲМОНОВА.

Элёрбек МАМАЖОНОВ олган суратлар