Атрофга назар

ЎЗБЕКИСТОН БАНКЛАРИ ТАҚДИМ ЭТАЁТГАН КРЕДИТ ФОИЗЛАРИ ҚАНЧА?


12.07.2023   268

Банк вазифасига кўра одамларга ўқиш, тадбиркорликни бошлаш, уй-жой харид қилиш ёки шу каби зарурий харажатлар учун маблағ яъни кредит беради. Инсонлар кредитни белгиланган вақтда ва белгиланган услубда маълум фоизи билан банкка қайтариши керак. Бир қараганда банк пулга эҳтиёжи бўлган одамнинг жонига оро киргандек кўринади. Аслида ҳам шундайми?

"Theglobaleconomy" сайтининг 2022 йилги ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон юқори фоизли кредит бўйича дунёда 109 мамлакат ичида 5-ўринни эгаллаган.

Тижорат ва давлат банклари Марказий (миллий) банк бошчилигида кредитлар учун белгилайдиган банк фоиз ставкасидан келиб чиқиб ихтиёрий равишда кредит фоизларини белгилайди. Ўзбекистонда Марказий банк томонидан белгиланган фоиз ставкаси айни пайтда 14 фоизни ташкил этади.

Бошқа қўшни мамлакатлар билан солиштирсак бу кўрсаткич бироз юқорироқ. Масалан, Қирғизистонда фоиз ставкаси май ойидан буён ўзгаришсиз 13% миқдорида турибди. Тожикистонда 10%.
Дунёда энг паст кўрсаткичдаги фоиз ставкаси Японияга тегишли: 0.1%. Иқтисодиёти қудратли бўлган мамлакатлар - Хитойда фоиз ставкаси 3.55, АҚШда 5.25 этиб белгиланган. Ўзбекистонда эса энг минимал фоиз ставкаси 2015, 2016, 2017 йилларда 9% бўлган.

Ўзбекистонда "Таълим кредити", "Oilakredit.uz" каби имтиёзли кредитлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 январдаги ПҚ-39-сон қарорига мувофиқ, 2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 13 трлн сўм, шундан 2,8 трлн сўм “Микрокредитбанк” АТБ, АТ Халқ банки ва “Агробанк” АТБ ресурслари ҳисобидан йўналтирилган ва фоиз ставкаси 14% этиб белгиланган.

Ўзбекистондаги ипотека кредити бўйича ўртача кўрсаткич Tradingeconomics.com" маълумотларига кўра, 22.2 фоизга тенг.

Бошқа мамлакатлар:
Хитой 4.2 фоиз;
Жанубий Корея 4.4 фоиз;
Япония 1.02 фоиз;
Франция 2.54 фоиз;
Германия 3.88 фоиз;
Буюк Британия 4.57 фоиз;
АҚШ 6.34 фоиз;
Канада 4.26 фоиз.

Маълумотлар фоиз ставкалари паст бўлган мамлакатларнинг аксарияти дунёнинг ривожланган давлатлари эканини кўрсатиб турибди.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.