Андижонда

ЎЗБЕКИСТОН-ХИТОЙ: БУ ЙИЛ АНДИЖОНДА КИЧИК ВА ЎРТА ЛОЙИҲАЛАР ЙИЛИ БЎЛАДИ


15.01.2024   902

Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация 3-11 январь кунлари Хитой Халқ Республикасида бўлиб, вилоятимиз учун манфаатли бўлган бир қатор келишувларни амалга оширдилар. Делегация Хитойнинг 7 та провинцияси 8 та шаҳрида бўлди.

Мазкур ташриф натижалари, инвестициялар асосида амалга ошириладиган лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик масалалари ҳақида Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган матбуот анжуманида батафсил маълумотлар берилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Ҳамроевнинг берган маълумотларига кўра, музокаралар давомида қиймати 20 миллион доллардан 100 миллион долларгача бўлган кичик ва ўрта лойиҳаларни имзолаш, Хитойнинг машҳур брендларини Андижонга олиб кириш ва дунё бозорига Андижон орқали чиқаришни йўлга қўйиш каби жиҳатларга эътибор қаратилди. Жумладан, спорт кийимлари ишлаб чиқариш бўйича дунёда 3-ўринда турадиган “Anta” брендини олиб келиш борасидаги музокаралар ижобий ечим топди.

Ташриф давомида таълим, қурилиш материаллари энергетика, фармацевтика, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги компаниялар билан музокаралар бўлиб ўтди.

Вакилларимиз умумий ҳисобда қиймати 5,1 миллиард доллар бўлган 56 та келишувга эришдилар.

Шунингдек, вилоят ҳудудида 200 гектар (келгусида кенгайтиришни ҳисобга олган ҳолда) ер майдонида саноат зонаси ташкил этиш таклифлари билдирилди.

“GRS Geothermal” компанияси билан биргаликда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ва иссиқхоналарни иситиш тизими билан таъминлашни йўлга қўйишни режалаштирилди. Ушбу компания ер остидан иссиқ сув чиқариш ва бурғулаш орқали иситиш тизимларини яхшилашга эришилади.

Чжецэянь провинцияси Иу шаҳридаги ишлаб чиқарувчилар бозори намунасида (7 км масофада кўп қаватли бозор ташкил этилган бўлиб, ишлаб чиқарувчиларга хом ашё ва аксессуарлар етказиб берилади) Хўжаобод-Ўш йўналишида кўпқаватли бозор ташкил этиш учун ер ажратиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар билан юк автомобиллари, электроавтобус ҳамда оғир тиркамалар ишлаб чиқариш юзасидан келишувлар олиб борилди.

"Андижон сув таъминоти" МЧЖ тасарруфидаги ичимлик суви қудуқларида истеъмол қилинаётган электр энергиясини тежаб қолиш бўйича ҳам лойиҳалар режалаштирилди. Бунда 2000 тага яқин қудуқларга сарфланаётган электр қуввати энди қуёш панель станцияси орқали таъминланади. Ушбу станция Хўжаобод туманида жойлашган “Сув таъминоти” МЧЖга қарашли 7 гектар бўш ер майдонида қурилиши мўлжалланмоқда.

Хитойлик инвесторлар билан олиб борилган музокаралар жараёнида Андижоннинг ҳар бир ҳудуди, унинг ўзига хос жиҳатлари, чегарага нисбатан жойлашуви, тупроғи, коммуникацияси ҳам эътиборга олинди.

Булоқбоши туманида йиллик 18 миллион квадрат метр керомагранит, йиллик 750 минг тонна оҳак ва йиллик 100 миллион тонна полипропилен қоп ишлаб чиқариш ва 300 та юк машиналарига хизмат кўрсатувчи логистик хизматларни ташкил этиш бўйича умумий қиймати 300 миллион долларлик келишувга эришилди.

Бугунги кунда Хитойнинг йирик олийгоҳларидан бири Liaoning Normal university да таҳсил олаётган 16 нафар ўзбекистонлик талабанинг 7 нафари андижонлик ёшлар экан. Таълим муассасасида бугунги кунда талаб юқори бўлган ихтисосликлар ўқитилади. Мазкур университетнинг, шунингдек, Шанхай шаҳридаги ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш коллежи филиалларини Андижонда ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга Сиан шаҳридаги “Tian university” да ҳар йили 20 нафар андижонлик талабанинг грант асосида таълим олиши амалга оширилади.

Умуман олганда, мазкур амалий ташриф натижалари ўлароқ, Андижонда бу йил кичик ва ўрта лойиҳалар йили бўлади.