Атрофга назар

Ўзбекистон парламенти депутатлари Германия Бундестаги фаолияти билан танишмоқда


30.11.2022   166

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Девон ходимлари ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакилларидан иборат делегация амалий ташриф билан Германияда бўлиб турибди.

Ташриф доирасида мамлакатимиз парламенти аъзолари Германия Бундестаги фаолиятини ташкил этиш тажрибаси, жумладан, унинг бошқаруви, илмий хизмати, доимий комиссиялари, парламент назорати ва мурожаатлар органлари, кутубхоналар ва бошқа тузилмалари фаолияти билан яқиндан танишадилар.

Шунингдек, партия фракциялари, ихтисослаштирилган қўмиталар фаолияти, Бундестаг ва сайлов округларидаги ялпи мажлислар жараёни билан танишиши режалаштирилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.

Таъкидлаш жоиз, парламентлараро алоқалар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги самарали ривожланаётган икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисмидир. Бу борадаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Сўнгги беш йилда парламент делегацияларининг 10 дан ортиқ ташрифлари амалга оширилди. Германия парламенти аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар билан боғлиқ долзарб масалаларга бағишланган турли анжуман, форум ва бошқа тадбирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Германия Бундестаги билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва Бундестагнинг “Германия – Марказий Осиё” Парламент гуруҳи икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Германия парламентаризмининг бой тажрибаси ва анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон делегациясининг Германияга ташрифи Ўзбекистон парламенти фаолиятини янада такомиллаштиришга, уни амалий жиҳатдан бойитишга хизмат қилади.