ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ БАЙРАМИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА ҲАМ КЕНГ НИШОНЛАНДИ
30.08.2022 1178
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛ АЗИЗ, ИНСОН АЗИЗ МАЗКУР ШИОР ОСТИДА ЎТКАЗИЛАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН
РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ БАЙРАМИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА ҲАМ КЕНГ
НИШОНЛАНДИ
1991 йил 31 август санасида қўлга киритилган миллий мустақиллик ХХ асрда халқимиз томонидан амалга оширилган буюк маънавий жасорат намунасидир. Халқимизнинг мазкур тарихий ютуғи жонажон юртимизга эркинлик ва озодлик эпкинларини олиб келди, миллий тикланиш ва тараққиёт йўлига олиб чиқди.
Истиқлол қуёшидан баҳри олган элимиз ҳаётида ўтган давр унутилмас, асрларга татигулик воқеаларга бой бўлди. Кенг кўламли ислоҳотлар барча жабҳаларда улкан ўзгаришларга сабаб бўлди. Жаҳон ҳамжамияти эътирофига лойиқ салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.
Президентимиз Ш. Мирзиёев таъкидлаганларидек, "Мустақиллик йилларида – тарихан қисқа бир даврда ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал этиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, миллий давлатчилигимизни, азалий қадрият ва урф-одатларимизни, муқаддас динимизни тиклаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритганимизни фахр билан тилга оламиз".
"Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!" шиори остида давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги шодиёналари вилоятимизда ҳам кўтаринки руҳда нишонланди.

Андижон вилояти марказидаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг амфитеатрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Шукуҳли даврадан жой олган каттаю кичикнинг юз-кўзларида шундай дориломон кунларда яшаётганликлари, асосийси, ўз ҳаётларидан мамнунликлари намоён бўлиб турди.
Андижоннинг мусаффо осмони узра жаранг сочган шўх карнай-сурнай садолари шодиёна бошланганидан дарак берди.
Тадбирда вилоятдаги меҳнат фахрийлари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, давлатимизнинг юксак орден ва мукофоти совриндорлари, жамиятнинг илғор ёшлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари жамулжам бўлдилар. Тантанани ҳар соҳада илғор ютуқларга эришган йигитлар Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини кўтарган ҳолда ўз чиқишлари билан бошлаб берди.





Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов айём билан йиғилганларни, барча ҳамюртларимизни табриклади.
Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг вилоят театрлари актёрлари томонидан она халқимизнинг буюк ўтмиши саҳналаштирилган ҳолда намойиш этилди. Аждодлар сиймолари талқинидаги саҳна кўринишида элимизнинг асрлар ичра босиб ўтган залворли йўллари ўз аксини топди.






"Болалар мадҳи" садолари остидаги саҳна чиқишларида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари куй ва қўшиқлар ижро этдилар.
Ватанимиз номини жаҳон майдонларида янада юксалтираётган, байроғимизни баланд ҳилпиратаётган андижонлик спорт усталарининг эришаётган ғалабалари таҳсинга сазовордир. Юртимиз довруғини чор тарафга таратган спортчиларнинг чиқишлари Андижон намунавий мақом ансамблининг мумтоз наволарига уланиб кетди. Шундан сўнг ватанпарварлик руҳига йўғрилган ҳарбий қўшиқлар томошабинларга ажиб завқу шавқ, кўтаринки кайфият бағишлади. Ҳарбийлардан таркиб топган гуруҳнинг шаҳдам қадамлари, жанговор ва жисмоний ҳаракатларини маҳорат билан намоён этиши байрам шукуҳини оширди.


Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари бир оила фар- зандларидек аҳил-иноқликда яшаб келмоқдалар. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлари бадиий жамоаларининг чиқишлари йиғилганларда дўстлик ришталарини янада боғлади десак, асло муболаға бўлмайди.


Юртимизнинг мусиқий тимсоли - «Андижон полкаси» шўх садолари барчани рақсга чорлади. Ўтган йили вилоят раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Андижон ёшлар симфоник оркестри даврага ўзгача руҳ бағишлади. Оркестр эстрада хонандалари томонидан ижро этилган "Ифтихор", "Бу ҳаёт" каби куй-қўшиқлар кўпчиликда ўзгача таассурот қолдирди.


Оқшом чўкиб, ранго-ранг чироқлар билан безатилган давра янада файзли тус олди. Элимиз суйган санъат усталари, эстрада хонандаларининг куй-қўшиқлари қатнашчиларнинг шўх рақсларига уланиб кетди. Таниқли хонандалар Жасур Мавлонов, Имрон, Феруза Жуманиёзова, Зиёда Қобулова, Аброр Азизов, шунингдек, вилоятимизнинг ардоқли санъаткорлари ижро этган қўшиқлар тантанага хуш кайфият қўшди.




"Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" ғоясини ўзида мужассам этган қутлуғ байрам барчада унутилмас кун бўлиб қолди. Ушбу эзгу ғоя асосида олиб борилаётган ишлар бизни ҳар галгидан-да юксак марраларни эгаллашимизга, муваффаққиятлар томон одимлашимизга руҳий қувват бўлиши шубҳасиз.
Мустақиллигимизнинг 31 йиллик тўйи юртимиздаги барча ҳудудларда давом этмоқда.
“Andijonnoma.uz” online гуруҳи
