Атрофга назар

ЎЗБЕКИСТОН ВА ЯПОНИЯ МАДАНИЙ МЕРОСЛАРНИ САҚЛАШ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРМОҚДА


16.11.2022   168

Япония ҳукумати билан қиймати 400 минг долларга яқин бўлган «Ўзбекистон Республикасида Буюк Ипак Йўли маданий мероси архивларини сақлаш ва рақамлаштириш» лойиҳаси бўйича Алмашув нотаси ва Грант битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маданий мерос агентлигининг маълум қилишича, амалга оширилаётган лойиҳа Ипак Йўли бўйлаб топилган ноёб маданий бойликларни асраб-авайлашга кўмаклашиш, уларни ҳимоя қилиш ишлари самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон маданияти ривожига катта ҳисса қўшиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлигининг тимсолига айланишга қаратилган.

Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда япон технологиялари ва маданий мерос объектлари ва предметларини сақлаш бўйича тажрибасини жорий этиш кўзда тутилган.

Хусусан, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон давлат тарих музейи ва Термиз археология музейига коллекциялар ва экспонатларни асраш учун ускуналар, шунингдек рақамли архивлаш учун зарур ускуналар, шу жумладан 3Д сканерлар, 360 даражада суратга оладиган камералар ва бошқа жиҳозлар топширилади.