Атрофга назар

ЎЗБЕКИСТОНДА АЙРИМ МАҲСУЛОТЛАРНИ ЭКСПОРТ ҚИЛИШ ТАҚИҚЛАНДИ


03.06.2022   261

Ўзбекистонга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.

Айрим маҳсулотларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш, экспорт қилиш тақиқланди. «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 июндан қуйидагиларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш (экспорт қилиш) вақтинчалик тақиқланди:

ўсимлик ёғи, шу жумладан пахта, кунгабоқар ёғи;

кунгабоқар уруғлари ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва мевалари.

Шунингдек, 2022 йил 1 майдан 2023 йил 1 январгача бир қатор товарларни (жумладан, балиқ, янги ёки қуритилган цитрус мевалари (лимондан ташқари), маргарин ва бошқа) олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланди.

Қолаверса, 2023 йил 1 январгача давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари доирасида импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш бўйича чекловлар ҳамда Ўзбекистонга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.

Қайд этилишича, 2022 йил 1 августгача асосий озиқ-овқат маҳсулотларини қўшимча жамлаш ва очиқ бозорга интервенция қилиш механизми жорий қилинади.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан мажбурий рақамли маркировкаланадиган маиший техника турлари белгиланганди.