Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг айрим жиҳатлари
14.11.2023 359
Таълим ва тарбиянинг бош вазифаларидан бири жамиятдаги ёшларни Она-Ватанга меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялашдир. Бу ўз навбатида замонавий билимлар орқали ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришни тақозо қилади.
Бундай долзарб вазифанинг кун тартибига қўйилиши бежиз эмас. Ёшлар дунёқарашида тафаккур, жаҳон тараққиётида рўй бераётган ўзгаришлар, таъсир ўтказувчи сифатида сақланиб қолмоқда.
Шуниси аёнки, тарихий билимлар ёшларни кўп нарсага онгли равишда қарашга ундайди. Уларнинг ҳар бири қалбида Ватанга меҳр туйғуларини, бугунги кун қадрига етиш ҳиссини шакллантиради.
Юқори цвилизациялашган бугунги маконда ёшлар билан якка тартибда ишни йўлга қўйиш, уларда ахлоқийлик фазилатларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Чунки азалдан одоблилик, ахлоқ инсон учун энг зарур зийнатлардан ҳисобланган. Одамзодни юксакларга кўтарадиган ҳам, унинг қадр-қимматини оширадиган ҳам ана шу ахлоқий баркамолликдир.
Шу ўринда қадимги Рим файласуфи Эпикратнинг “барча кашфиётлар ичида гўзали яхши тарбия олган инсондир”, деган ўгитини ҳамиша ёдда тутиш ўринлидир. Ёшларда ана шундай фазилатларни тарбиялашда оила ва ташқи муҳит, хусусан мактаб ва ўқув юртларининг аҳамияти катта.
2017 йил Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, глобал дунёда ёшлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва уларга қулай имкониятлар яратишни назарда тутувчи Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция қабул қилиш таклифини билдирган эди.
Ушбу конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2020 йил 12 августда “Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги Самарқанд онлайн форумида атрофлича муҳокама қилинган.
Бугунги кунда Ўзбекистон жами аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шунинг учун, Ўзбекистонда ёшларнинг ҳаётий мақсадларини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча шароитлар яратилиб, уларнинг муаммолари давлат сиёсати даражасида ҳал этилмоқда.
Хусусан, кейинги олти йилда ёшлар сиёсати самарадорлигига оид жами 77 та қонун ва қонуности ҳужжатлари, жумладан, 2016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, 2017 йил 30 июнда мамлакат ёшлари ҳаётида янги саҳифа очилди: Давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, унинг асосий мақсади ёшларнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга қаратилди. Ўз навбатида, Президент таклифига кўра, “Ўзбекистон Республикасида ёшлар кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун билан 30 июнь – “Ёшлар куни” деб эълон қилинди.
Айни дамда ёшларнинг ҳар томонлама кучли, салоҳиятли, илм-маърифатли, ватанпарвар шахслар сифатида униб-ўсишлари йўлида қатор тузилмалар самарали фаолият юритиб келмоқда. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар масалалари бўйича комиссия, Қуйи ва Юқори палата қошидаги “Ёшлар парламентлари”, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Ёшлар академияси ва бошқалар шулар жумласидандир.
Ҳокимликлар қошида “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш учун “Ёшлар жамғармалари” ташкил этилиб, уларнинг фаолияти ёшлар манфаатлари учун йўналтирилган.
Шу ўринда, Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси томонидан давлатнинг ғамҳўрлиги ва эътиборини кутаётган, кўмакка муҳтож ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг ўтказилишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг июнь-июль ойлари давомида маҳалла, сектор, туман (шаҳар), вилоят кесимида “Ёшлар бандлигини таъминлаш дастурлари” ишлаб чиқилган.
Дастур орқали 21 минг 980 нафар ишсиз ёшлар қамраб олинган бўлиб, ҳозирда уларнинг 19 минг 52 нафарининг (86,7 %) бандлиги таъминланган. Хусусан, 6 112 нафар ёшлар доимий иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, 2 162 нафари касб-ҳунарга ўқитилган. Ёшларнинг 2 129 нафарига субсидия, 1 949 нафарига ер майдорлари, 1 785 нафарига эса кредит маблағлари ажратилган. Шунингдек, “уста-ҳунарманд”ларга бириктирилган ёшлар сони 3 076 нафарни, тадбиркорлик лойиҳалари ҳисобига янги яратилган иш ўринларига жойлаштирилганлар сони 1 838 нафарни ташкил қилган.
Шу билан бирга, бугунги кунда жами 2 928 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Андижон вилоятидаги 733 та умумтаълим мактабларини 2023 йилда жами 31 минг 840 нафар битирувчилар тамомлаган. Битирувчиларнинг бугунги кунда нима иш билан бандлиги хатловдан ўтказилган ҳамда иш билан таъминланмаган битирувчиларнинг келажакда ўзи қизиққан йўналишда бандлигини таъминланиши бўйича таклифлар олиниб, бандлигини таъминлаш чоралари кўриб келинмоқда.
Ҳозирда 30 минг 563 нафар (96 %) битирувчилар бандлиги таъминланган. Қолган, 1 минг 277 нафарини бандлигини таъминлаш масаласи ўрганилмоқда.
Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар “Ёшлар дафтари”га 38 минг 599 нафар ёшлар киритилган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг 27 минг 662 нафарига (68,7 %) амалий ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилган. 10 минг 937 нафар ёшларни дафтардан чиқариш чораларини кўрилмоқда.
“Беш ташаббус олимпиадaси”нинг иккинчи мавсумида маҳаллалардаги ёшлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этиш учун 436 минг 20 нафар (жами ёшларнинг 55,5 %) ёшлар www.5tashabbus.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтказилган.
Шунингдек, маҳалла босқичида ғолиб бўлган 62 минг 951 нафар (шундан 29 990 нафар қиз болалар) ёшлар иштирокида олимпиаданинг сектор босқичлари ташкил этилган.
Ўтказилган танлов ва мусобақаларда жами 5 минг 666 нафар маҳаллалардаги ёшлар иштирок этган.
Булардан ташқари, мактаб ўқувчилари, олий таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда профессионал таълим муассасалари ўқувчи ёшлари ўртасидаги мунтазам мусобақалар ўтказиб келинмоқда.
Ана шу каби имконият ва шарт-шароитлардан бугун ёшларимиз ўз орзу-умидлари, интилишлари ва мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида ҳеч иккиланмай фойдаланишаётгани, ғайрат-шижоатли, фидойи ва ташаббускор йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир.
Алоҳида яна бир муҳим масалани, яъни 2018 йил сентябрь ойида ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эса, илм-фанга чанқоқ, истеъдодли ёшларимизни етакчи хорижий олий ўқув юртларида бакалавр, магистратура ва докторантурада ўқишлари учун грантлар ажратиб келинаётганини таъкидлаш ўринли.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма босқич, комплекс чора-тадбирларга таяниб изчил давом эттирилмоқда.
Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли равишда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши янги Ўзбекистоннинг янги тарихида яна бир инқилобий босқичга асос солди.
Ўзбекистонда жамиятнинг энг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёш авлодга “муаммо” деб эмас, балки эртанги тараққиётни таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси, деб қаралмоқда. Натижада, юксак билимли, ғайрат-шижоатли, замонавий фикрлайдиган, мустақил, қатъий позицияга эга ёшлар ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.
Албатта, ёшларни янгиланаётган демократик, инсонпарвар жамиятга муносиб қилиб тарбиялаш ўз навбатида улар ижтимоий кафолатини ҳам таъминлашни тақозо қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистондай ёшлар мамлакатида ёшлар сиёсати, уларга катта ишонч сифатида қаралиши миллат истиқболига юксак ишонч борлигидан далолат беради.
Келгусида, ёшларимизни ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом, руҳан бақувват, мамлакат келажагини ўз келажаги сифатида кўра оладиган қилиб қилиб тарбиялаш, уларни турли ёт ғоявий ҳуружлардан асрашдаги ишларимизда барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз мақсадга мувофиқ саналади.
Шавкатбек СУЯРОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси