Атрофга назар

ВАЪДА ҚИЛИНГАН МИЛЛИОНЛАР


18.04.2022   326

ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ ТАРМОҚЛИ МАРКЕТИНГ ОРҚАЛИ МЎМАЙ ДАРОМАД ТОПИШ МУМКИНМИ?

Телеграм каналлари орқали "Уйда ўтириб бизнес қилишни ўргатаман, бир ойда 5 миллион сўмдан 1000 долларгача ҳалол фойда оласиз" мазмунидаги смслар барчамизга келиб турса керак. Баъзида қизиқиш уйғотадиган, баъзан эса ғашимизни келтирадиган бундай бизнес хабарлари аслида асослими?

Кейинги йилларда луғатимизда тармоқли маркетинг деган ибора тез-тез қўлланмоқда. Юқо-рида айтиб ўтилган смс хабарлар негизида ушбу тизим сотувчиларининг рекламалари мавжуд.

Тармоқли маркетинг - тармоқли ташкилот товарларини мустақил тарқатадиган, сотувчи агентлар ташкил этишга асосланган товарларни чакана сотиш турларидир. "Oriflame", "Faberlic", "Avon", "Сибирское здоровье", "NL", "Beverli" каби сиз билган ва билмаган компанияларнинг барчаси тармоқли маркетинг ҳисобланади.

Ҳар қандай савдо фирмаларининг фаолиятига назар ташласангиз, биринчи навбатда истеъмолчи ёки жамият эмас, балки изланувчан, ёш, сўзамол инвесторлар ўз товарларини қизиқтириб, реклама қилишади. Асл мақсад - маҳсулотларнинг фойдаси ёки ишлаб топиш мумкин бўлган маблағга эмас, сон-саноқсиз сотувчиларни компанияга жалб қилиш, уларнинг вақти, маблағи ва ресурсларидан унумли фойдаланишга қаратилган.

Тармоқли маркетинг дунёси бошдан оёқ катта-кичик ёлғонларга йўғрилган десак адашмаймиз.

Биринчи ёлғон ушбу тизимга кирган ҳар бир сотувчи албатта пул сарфлайди (йўқотади десак ҳам бўлаверади). Мўмай маблағ олиш истагида бўлганлар илк бошланғичда ҳеч қандай даромад олмай ишлайдилар. Арзимаган совғалар ёки кам миқдордаги фоиз ставкалари ҳақида тўлиб-тошиб гапирилгани билан, кўзга кўринмас майда харажатлар (йўлкира, почта хизмати) қўшилиб, олинган фойдадан асар ҳам қолмайди. Фирмаларнинг маркетинг тизимида бир неча кишигина катта миқдорда пул тўплай олиши мумкин. Тизимдаги оддийгина менеджернинг яхшигина даромад олиши учун бир неча минг киши ўз ҳисобидан пул тикиб, тинмай меҳнат қилиши керак бўлади. Хуллас, компанияларнинг юқори даражада ўсиши, ривожланиши учун қанча-қанча оддий ишчилар жалб қилиниб, ўзларига "оғдириб олиниши" зарур. Пули ва вақтини бой бераётганлар вақтида ишини тўхтатиб, тизимни тарк этадилар. Аммо ўрнига янги-янги рекламаю чақирувлар билан бошқа пул тикувчи содда одамлар келиб қўшилади. Қарабсизки, компанияларнинг маҳсулотлари қаторида ўзлари ҳам кун сайин ўсиб бораверадилар.

Бир йил давомида "Oriflame" компаниясида ишлаб кўрдим, дейди, Муаззамхон Нишонбоева. Аввалига бир миллиондан кўпроқ пул тикдим. Таниш-билишлар, дугоналаримга маҳсулотлар таклиф қилдим. Албатта, ҳар ойда маълум бир миқдорда балл тўпланиб, совғалар келиб турарди. Лекин мўмай даромад олишнинг иложи йўқ. Чунки атрофда мен каби косметика компанияларида ишловчи рақобатчилар кўп. Ундан ташқари савдо дўконларида ҳам ушбу маҳсулотлар сотилади. Яхши харидорларни доимий мижозга айлантириб олиш учун насияга савдо қилиш ёки маҳсулотни ўз нархида сотиш керак. Кичик фоизларга эришиш учун мен билан бирга бир занжир бўлиб ишлагани бошқа сотувчиларни жалб қилишимга тўғри келади. Аммо бу мушкул, ойма ой тиккан пулларим маҳсулот ҳолида қолиб ёки ким- нингдир қўлида кутилаётган маблағ бўлиб туриб қолганлиги учун бу ишдан кетдим.

Тармоқли маркетингни яна бир катта ёлғони шундан иборатки, шодлик ва бахтга тўла янгича турмуш тарзини ваъда қилиб, ҳаётда ҳамма нарсага эришишнинг ягона йўли қилиб кўрсатилади. Бунда, албатта, бироз ютуқларга эришган (ортида қанча қийинчиликлар бор билмаймиз), чет эл саёҳатларига чиққан, янги автомобиль сотиб олган менеджерлардан фойдаланилади. Уларнинг руҳлантирувчи шиорларга бой бўлган нутқлари, ўзлари мисолида эришган ҳашаматли ҳаётлари, интилувчан ва истеъдодли бўлиб кўриниши тингловчиларни тўлқинлантириб юборади ҳамда шу оқимга олиб киради.

Лекин ҳамма ҳам бу ҳашамат ортида қандай қийинчиликлар, қанча-қанча сарф қилинган пуллар ёки оддий одамларнинг тинимсиз меҳнати орқали эришилганини билмайди.

Кўп йиллардан буён фирмаларнинг косметика маҳсулотларидан фойдаланаман, дейди Фотимахон Эшонова. Менга ҳам жуда кўп маротаба шу тизимда ишлаб кўришни, ўзим учун маҳсулотларни арзон нархларда олишим, бундан ташқари шахсий бизнес қилишим мумкинлиги, совға ва ойлик маошлар берилиши ҳақида айтиб келишарди. Лекин менга сотувчиликдан кўра харидор бўлиш маъқул кўринди. Чунки, буни ҳам эплаган эплайди. Сотилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотга эга бўлмасангиз, уларни яхши ва ёмон томонларини, кимга қандай воситани тавсия қилишингизни билмасангиз бу иш сиз учун эмас. Лекин ишлатган маҳсулотларимдан кўнглим тўлади. Бироз қимматроқ бўлса-да, сифати талабга жавоб беради.

Олиб борган сўровномаларимизга кўра, косметика фирма маҳсулотлари ҳақида салбий фикрлар олмадик. Албатта, шунча реклама, қў-йилган нарх-наволарни ҳисобга олинса, ТМ маҳсулотлари бу борада етакчилик қилиши аниқ. Лекин баъзи дори-дармон сотувчи компаниялар ҳақида ижобий фикрлар кўрмадик. Кўпчилик дори воситаларини фалон сўмга олиб, ҳеч қандай фойдаси ҳам зарари ҳам бўлмаганини айтишди. Ўзим ҳам икки уч йил олдин машҳур фирмадан бир қути кальцийни бир ойлик маошимга тенг нархда сотиб олгандим. Аммо мен кутган натижа чиқмади.

Энг қизиғи, ножўя таъсир ёки ҳодисага дуч келинса, кимга арз қилиб, қайси ташкилотга мурожаат қилишни билмаймиз. Бунинг устига товарларни бирор тинишимиз ёки қариндошимиз орқали сотиб олган бўламиз. Маҳсулотлар эса бизга бошқа давлатлардан кириб келади.

Индаллосини айтсак, бизнинг халқимиз ишонувчан, соддадил. Айниқса, "хўрозқанд чет элники бўлса..." деган мақолни барчамиз эшитганмиз. Шундай экан сизга таклиф қилинаётган "сеҳрли" дори-дармонлар ёки билмаган ҳар қандай маҳсулотларингизни ўз мутахассиси билан маслаҳатлашиб сотиб олинг. Агарда тизимдан ишга таклиф қилишса, ўзингиз биласиз (пул топмоқчимисиз ёки сарфламоқчимиз?). Ваъда қилинаётган миллионлар қўлингизгача етиб келмаслиги ҳам мумкин.

Моҳигул СИДДИҚОВА.

"Andijonnoma" махсус мухбири.