Атрофга назар

“Ватанга қайтариш” - инсонийлик рамзи


09.08.2025   128

Мамлакатимиз бўйлаб хайрли ташаббусга қанот берилди. Жорий йил 30 июлдан 30 августга қадар Ўзбекистонда “Ватанга қайтариш” номли кенг кўламли хайрия акцияси ўтказилмоқда. Бу эзгу тадбир 30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилди.

Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги 30 дан ортиқ дипломатик ваколатхоналари масъуллари ҳамкорликда олиб бораётган ишларни самарали ташкил қилиш бўйича қадамма-қадам вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, элчихона ва консулликлар 7 августга қадар, хорижий давлатларнинг Депортация марказларидаги ўзбекистонлик фуқароларни аниқлайдилар ва рўйхатни Миграция агентлигига тақдим этадилар. 15 августгача эса шахсий маълумотлари етарли бўлмаганлар учун зарур ҳужжатларни тайёрлаб, иккинчи рўйхатни агентликка юборадилар. Миграция агентлиги ўз навбатида тақдим этилган рўйхат асосида 1-3 иш куни ичида авиа чипталарни харид қилади.

Ҳақли савол туғилади: фуқаролар хорижий давлатларда оғир аҳволда қолган фуқаролар агентликка ўзлари мурожаат қилсалар бўлмайдими? Жавобни миграция агентлиги вилоят ҳудудий бўлими етакчи мутахассиси Муроджон Мухторовдан олдик:

  • Албатта, мумкин. Бундай ҳолатда агентлик ходимлари 1-2 соат ичида ўша инсон билан боғланади ва ҳужжатларни масофавий қабул қилади. Аризани 1 кун ичида кўриб чиқиб, 2 кун муддатда йўл чипта билан таъминлайди. Фуқаро юртга қайтгач, маҳаллий ҳокимликлар, Бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмиталари улар билан руҳий, ижтимоий ва иқтисодий мослаштириш ишларини амалга оширади. Таъкидлаш керак, акция доирасида илк навбатда Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Жанубий Кореяда депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болалар қайтарилади.

Айни вақтда акция мазмун-моҳиятини тўла очиб берувчи видеороликлар, лавҳалар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди. Бу эса чет эл мамлакатларида диёрига қайтолмай қийналаётган, оғир ҳолатда қолган юртдошларимиз учун имкониятдир.

Зилола РАҲМОНОВА