ВАТАНПАРВАРЛИК СЎЗДА ЭМАС, АМАЛДА НАМОЁН
14.01.2026 35
Она юрт тинчлиги ва осойишталигидан азизроқ неъмат борми, бу дунёда?! Уни муҳофаза қилишдан ҳам улуғвор жасоратчи? Йўқ, албатта. Ҳарбийлар, том маънода ана шундай жасорат ва матонат тимсолларидир. Бу касб инсондан чинакам ватанпарварликни, фидойиликни, метин иродани талаб этади. Улар бугунги тинч-осойишта, дориломон, фаровон ҳаётимизнинг кафолати. Улар бор экан, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, сарҳадларимиз мустаҳкам. Шу боис ҳам ҳарбийлик – мардлар касби, дейилади, Ватан ҳимоячилари доимо улуғланади, шарафланади.

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Хонобод шаҳрида жойлашган 99823-сонли ҳарбий қисм фаолияти билан танишарканмиз, айни ўйлар хаёлимиздан кечгани рост. Мазкур масканга муддатли ҳарбий хизматни тамомлаган аскарлар танлов асосида қабул қилинади.
- Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича муҳим ва устувор йўналишлар белгилаб олинган, - дейди ҳарбий қисм командири, подполковник Шерзодбек Ҳайдаров. - Шу асосда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
- Бугунга келиб, вилоятда Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари саноқли қолган, - дейди командирнинг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, майор Жасурбек Саъдуллаев. – Улардан бири булоқбошилик Абдуғани ота Ғаффоров ҳарбий қисмимизнинг “отахони” десак муболаға эмас. Байрам, тантаналарни қўя туринг, одатий кунларда ҳам йўқлашни канда қилмаймиз. Улардан армия сирларини ўрганганларимиз кўп. Бу каби хайрли ишларни амалга оширишда бир тану бир жонмиз.
Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, Миллий Армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди.
Ўрни келганда таъкидлашни истардим, айни пайтда мамлакатимизда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларга янги хонадонларнинг топширилаётгани, оила аъзолари учун қўшимча равишда кўплаб иш ўринлари яратилаётгани, 3 мингдан зиёд ҳарбий пенсионер ишга жойлаштирилгани, ҳарбий хизматчиларнинг мингдан ортиқ фарзандларига олий ўқув юртларида таълим олишлари учун давлат грантлари ажратилаётгани фикримиз далилидир. Чунончи, бизнинг қисмимизда ҳам яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб уй-жойларга эга бўлган сафдошларимиз анчагина. Масалан, шу тизимда қарийб йигирма йилдан буён фаолият кўрсатаётган Элмуроджон Исаков, Маъруфжон Исомиддинов, Носиржон Қўчқоровлар оиласи янги хонадонларда истиқомат қилмоқдалар.
****
Маълумки, 2019 йилдан буён 15 декабрдан 15 январга қадар бутун республикамиз бўйлаб ҳарбий ватанпарварлик ойлиги ўтказилиб келинмоқда. Мазкур ойлик доирасида ҳарбий қисм хизматчилари умумтаълим мактаблари, “Мурувват” ва “Саховат” уйлари, маҳаллаларда бўлиб, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказадилар. Уларда миллий армиямизнинг бугунги кундаги нуфузи ва қудрати ҳақида ҳам сўз юритиб, ёшларни ҳарбий касбга йўналтириш, онгу тафаккурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч экани, миллий армиямиз билан фахрланиш туйғуларини чуқур англаш зарурлигини таъкидлайдилар. Шунингдек, Ватан тинчлиги йўлида ҳалок бўлган хизматдошлари оилаларидан хабар оладилар.
Дарвоқе, ютуқларимиз ҳам талай. Мудофаа вазирлиги томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Ўз касбининг устаси” кўрик-танловининг жорий йилдаги босқичида хизматчиларимиз Учқун Юсупов “Энг илғор техник назоратчи” номинацияси бўйича ғолиб бўлган бўлса, Зуҳриддин Алишеров “Энг илғор пулмётчи” деб топилди. “Энг илғор ҳарбий қисм” танловида эса жамоамиз 1-ўринга муносиб кўрилгани фахрланишимизга арзийди.
Ҳа, ютуқлар салмоғи залворли. Яна бир ташаббус дилни яйратди. Ҳарбий қисмда кураш тўгараги фаолият кўрсатяпти. Нафақат хизматчиларнинг фарзандлари, балки Хонободнинг барча маҳаллаларидагийигитчалар (албатта, қизиқиши борлар) ушбу спорт тури билан тобланяпти. Тренер Муроджон Долимов ҳарбий бўлиш билан бирга кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони. Айни кунда тўгаракда 20 нафардан зиёд бўлажак спортчиларни кўриш мумкин.
Атрофдаги Фитрат, Тейит, Истиқлол каби маҳаллалар билан ҳамкорликни тизимли йўлга қўйганмиз. Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида бу амалий ҳаракатларимизни янада такомиллаштирамиз. Жумладан, еттилик билан биргаликда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, уларнинг жисмонан ва руҳан баркамол бўлиб вояга етишишларига йўналтирадиган қатор тадбирларни режа қилиб олдик.
Ўзининг муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ, хизмат бурчини шараф билан адо этаётган баҳодирлар ҳам улуғ аждодлар анъаналарини давом эттирган ҳолда халқимиз орзу-умидларини рўёбга чиқариш, юртимиз равнақи, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз тинчлигини ҳимоя қилиш йўлида собитқадамдир. Бугун дунёда кечаётган геосиёсий вазият, унинг турли кўринишдаги таҳдидлари фонида содир бўлаётган тенденциялар энг қимматли бойлигимиз – Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш нақадар муҳим эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Она юрт тупроғига муҳаббат ва содиқликни кўксида туғ каби тутган мана шундай мард майдонларимиз омон бўлсинлар.
Гулжахон ЖАББАРОВА,
Зилола РАҲМОНОВА
