ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ҚАБУЛИДАН СЎНГ: АЁЛИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТДА БАРАКА БЎЛАДИ
10.07.2021 494
Элнинг фаровонлиги, бозорларнинг баракаси,дастурхонларнинг тўкинлиги, қўйингки, одамларнинг кайфияти шу юртни бошқариб турган раҳбарга кўп жиҳатдан боғлиқ. Тўғриси, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан юзма-юз кўришмаган эдим. Лекин у кишини ғойибдан ҳурмат қиламан, елиб-югуришига, шижоатига қойил қоламан.
Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида барпо этилажак Янги Андижон шаҳри лойиҳаси билантанишдилар. Уй-жой муаммоси ечимига янгича ёндашиш ташаббусларини қўллаб-қувватладилар.
Шаҳар режалаштирилаётган ҳудудда чоғроққина боғим, шийпоним бор эди. Рости, боламдай парваришлаган ниҳолларим энди мевага кириб, меҳнатларим самарасини кўраётгандим. Майдонда катта қурилиш ишлари бошлангач, боғим бузилди. Роса ачиндим. Лекин ҳеч жойга арз қилмадим.
Нега дейсизми? Атрофга боқиб, телевидение орқали кузатиб Андижонимиздаги йирик бунёдкорлик ишларини, чекка-чекка гўшалардаги янгиланишларни кўриб, тўлқинланиб кетаман. Уч нафар ўғлим бор. Бари оилали, неваралар сони бештага етди. Рўзғоримиз битта. Уйимиз тор бўлса ҳам феълимиз кенг. Болаларимнинг хуш ҳулқи, келинларимнинг чиройли тарбияси, катталарнинг эпли тутуми туфайли турмушнинг баланд-пастини аччиқ-тизиқ гапларсиз енгиб келяпмиз. Уларга қараб чол-кампир ўйланиб қоламиз. Ҳар бири алоҳида яшашни, ўз уй-жойига эга бўлишни хоҳлайди, албатта.Буни биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
Бу гапларни негаайтяпман? Битта оиладаки, фарзандни Ватанли қилиб қўйиш ташвиши шунча бўлса, кундан-кун аҳоли сони ортиб бораётган Андижонда уй-жой муаммосини кўтариб юриш, унга йўқ жойдан имкон қидириб ечим топишнинг ўзи қаҳрамонлик эмасми?
Янги Андижон шаҳри қанчадан-қанча оилалар учун Ватан бўлади. Битта эканку, ўнта боғим бўлса ҳам, шундай оқил ва одил ислоҳотлар учунбераман, дедим.
Кўп ўтмай вилоят ҳокими ўша ҳудудда боғи бузилган ҳар бир одам билан алоҳида суҳбатлашиб, қалбига қулоқ солди. Мен билан ҳам дилдан, оддий одамлардек гаплашди.
– Нима ташвишингиз, муаммонгиз бор, –деб сўради.
– Муаммо йўқ. Ҳамманинг тинчини ўйлаётган сизга раҳмат, – дедим.
Шу куни кўпчилик қатори менга ҳам қулай ва суғориш учун сув мўл-кўл бўлган ҳудуддан ер ажратилди. Кўчатлар ва шийпонлар ўрни янгиси билан қопланиши хусусида топшириқ берилди.
Дилкаш суҳбатдан сўнг ўзимни дунёдаги энг бахтли одамдай ҳис этдим. Қабулда кўпчилик аёллар эдик. Учрашувдан сўнг барчанинг юзида миннатдорлик балқиб турганини кўрдим.
Онам, опам, синглим дея, юртининг аёлларини эъзозлаган раҳбар кам бўлмайди.Буни Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёналарига ёруғ юз билан юзланаётган андижонликларнинг кайфиятидан билиб оласиз. Кўкка бўй чўзаётган биноларда ҳадемай болажонларнинг кулгулари янграйди. Отахону онахонлар давру давронга шукроналар айтиб, дуолар қиладилар: "Юртимизга, Юртбошимизга, раҳбарларимизга кўз тегмасин!"
Заҳрохон
ҲАМДАМОВА,
"Азим – Малик
саховати"фермер хўжалиги юритувчиси.
