ВИЛОЯТ СЕССИЯСИ: КУН ТАРТИБИДА ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР
17.05.2023 401
Бугун 17 май куни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш масаласи кўрилди.
Мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган мазкур сиёсий жараённи адолатли, холисона, ошкоралик ва очиқлик тамойиллари асосида ўтишида округ сайлов комиссияси аъзоларининг ўрни муҳим саналади. Шу боис ҳам, бу жараёнга маъсулият билан ёндашиш зарур. Сессия давомида округ комиссияси аъзолигига номзодлар таништирилди ҳамда улар комиссия аъзолигига тавсия этилиши юзасидан овозга қўйилди.
Шунингдек, сессия ишида вилоят ИИБ жамоат ҳавфсизлиги хизмати ЙҲХБ ва унинг қуйи тизимлари томонидан йилнинг биринчи чораги давомида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат ҳавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Кун тартибига қўйилган қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги ҳамда вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш масалаларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги «2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан жорий йил май ойига қадар амалга оширилган ишлар бўйича вилоят сектор раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.
Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, вазифалар белгилаб олинди.