Андижонда

Вилоят сессиясида: Андижон вилояти ҳудудида бир мандатли сайлов округларини тузиш тўғрисида МСК га тақдимнома киритилди


06.08.2024   558

Бугун Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича вилоят ҳудудида бир мандатли сайлов округларини тузиш тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига тақдимнома юбориш ҳамда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Л.Қурбоновнинг мурожаати ҳақидаги масалалар кун тартибига қўйилди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 9-моддаси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида” ги Қонуннинг 6 ва 24-моддаларига асосан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича вилоят ҳудудида бир мандатли сайлов округларини тузиш тўғрисидаги тақдимномани Марказий сайлов комиссиясига юборилиши юзасидан қарор қабул қилди. Тақдимномада вилоят ҳудудида 7 та бир мандатли сайлов округлари тузиш ва уларнинг чегаралари ҳақида маълумот тақдим этилган. Бу йилги сайловларда вилоятимиздан 2 миллион 34 минг 690 нафар сайловчи иштирок этиши кутилмоқда.

Иккинчи масала юзасидан вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг бюджет даромадлари бажарилиши ҳолати,ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни амалда тўланганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 июлда ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида давлат Солиқ органларига юклатилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича мурожаати эшитилди.

Жорий йилнинг 2-чораги учун бюджет даромадларига 810,7 миллиард сўм режа белгиланган бўлиб, амалда 853,6 миллиард сўм (105 фоиз) га бажарилган. Ўтган олти ой давомида айланмадан олинадиган солиққа тушган тушумлар 110 фоизга ўсган.

Мурожаат якунида сессия иштирокчилари солиқлар юзасидан аҳолини қийнаётган саволларга очиқлик киритдилар. Депутатлардан тушган таклиф ва мулоҳазалар билан тўлдирилган ҳолда иккинчи масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.