ВИЛОЯТ СУДИ РАИСИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИДА ҚАНДАЙ МАСАЛАЛАР КЎТАРИЛДИ?
22.06.2022 297
Андижон вилояти суди раиси Талъатжон Мелибоев Марҳамат туманида сайёр қабул ўтказди. Мулоқотлар давомида йигирмага яқин фуқароларнинг арзу шикоятлари тингланиб, атрофлича ўрганилди.
Таъкидлаш керак, фуқароларнинг у ёки бу масалада турли идораларга йўллаётган мурожаатларини кўриб чиқишда мутасаддилар томонидан жойларда ташкил этилаётган қабуллар муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, одамларнинг вақти тежалаётгани, оворагарчиликларнинг олди олинаётгани, муаммоларга имкон қадар тезкор ечим топилаётгани бор гап.
Мазкур сайёр қабулда ҳам мурожаатгўйларнинг уй-жой, мерос, никоҳдан ажратиш, алимент ундириш билан боғлиқ муаммолари, жиноятчиликка дахлдор, хусусан, фирибгарларга алданиб, чув тушиб қолиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Тадбир доирасида туман ҳамда туманлараро судлар судьяларининг маҳаллий аҳоли вакиллари билан мулоқотларида ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олишда, айниқса, аёллар ва ёшлар орасида ҳуқуқбузарликлар қайд этилмаслиги учун жамоатчилик назорати муҳимлиги, коррупцияга қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг фаоллиги аҳамият касб этиши қайд этилди.