Вилоятимизда АҚШ компаниялари ҳамкорлигида қатор лойиҳалар амалга оширилади

13.09.2025 61
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида америкалик инвесторлар ёки Америка компаниялари билан қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Ҳар икки давлат учун фойдали бўлган иқтисодий-ижтимоий алоқалар кўламини кенгайтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида АҚШ сафарида бўлиб турган делегация америкалик ватандошларимиз, қатор компаниялар вакиллари билан учрашиб, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди. Қўшма Штатларга хизмат сафарининг илк тадбири Америкада яшаётган юртдошларимиз, хусусан, андижонлик ватандошлар билан учрашув бўлди.
Учрашувда океанортида тадбиркорлик, илм-фан, таълим ва тиббиёт соҳаларида фаолият олиб бораётган ватандошлар иштирок этди. Мулоқотда мамлакатимиз, хусусан, Андижонда саноатни модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, аграр соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, ахборот технологиялари, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Вилоятимизнинг тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини АҚШ бозорига йўналтириш хусусида фикрлашилди.
Америкалик ватандошлар томонидан юртимизга инвестиция жалб қилиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фан соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Учрашув Андижон вилояти ва АҚШдаги андижонликлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамда ижтимоий соҳаларда янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шундан сўнг вилоятимиз ҳокими бошчилигидаги делегация АҚШнинг йирик молиявий-хизмат кўрсатувчи компанияси – “Oppenheimer” бошқарув директори Жон Тонелли билан учрашув ўтказди.
Дунё мегаполисларидан бири Нью-Йорк шаҳрида жойлашган, молия, инвестиция ҳамда брокерлик соҳасида фаолият юритувчи компания вакиллари билан учрашувда ана шу йўналишларда Андижонда амалга ошириладиган йирик лойиҳалар билан таништирилди. Хусусан, қиймати 180 миллион долларлик текстиль саноат зонаси, 20 миллион долларлик Хонобод шаҳридаги “Сунъий кўл дам олиш мажмуаси” ҳамда қиймати 1 миллиард долларлик “Бобур шаҳри” шаҳарсозлик лойиҳаларининг тақдимотлари ўтказилди.
Учрашув давомида томонлар иқтисодий кўрсаткичлар ва сармоявий имкониятлар бўйича фикр алмашди. Келишув натижасига кўра, “Oppenheimer” мазкур йирик лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди.
Сафар доирасида вилоят делегацияси Нью-Йорк шаҳрида қатор учрашувлар ўтказди. Жумладан, делегация халқаро миқёсда катта нуфузга эга WRAP ташкилотининг дастурлар бўйича катта директори ҳамда АҚШ – Ўзбекистон Савдо палатаси ижрочи директори билан музокаралар олиб борди.
Ташкилот жаҳондаги энг йирик мустақил сертификатлаш ташкилотларидан бири бўлиб, ҳозирда дунёдаги 40 дан зиёд мамлакатда 3 мингдан ортиқ корхона ва фабрикалар WRAP сертификатига эга.
Вилоятимиз тўқимачилик саноати бўйича мамлакатимизнинг етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Андижонда йилига 1,2 миллиард доллардан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва уларнинг 60 фоизидан кўпроғи Россия, Туркия, Хитой ва Европа мамлакатларига экспорт қилинади. Эндиликда тўқимачилик саноати маҳсулотларини Америка бозорига киритиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.
Учрашув чоғида Андижон тўқимачилик маҳсулотларини Америка бозорига киритиш, дистрибьюторлар тармоғи орқали кенгайтириш, маҳсулотлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига етказиш ҳамда WRAP сертификати орқали халқаро ишончни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, америкалик инвесторлар ва нуфузли бренд компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
АҚШ – Ўзбекистон Савдо палатаси вакиллари билан музокараларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Сафар давомида делегация вакиллари Нью-Жерси штатида жойлашган, асли андижонлик тадбиркор Сардор Ашуров томонидан ташкил этилган саноат корхонасида бўлиб, фаолият билан яқиндан танишдилар.
Мазкур корхона “Alcopon” алюмокомпозит панелларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Хомашёнинг муайян қисми Андижондан ярим тайёр ҳолда етказиб келиниб, корхонада қайта ишланади ва АҚШ ички бозорига тайёр маҳсулот сифатида тақдим этилади. Корхонада тайёрланаётган алюмокомпозит панеллар замонавий меъморчилик ҳамда қурилиш соҳасида талаб юқори бўлган, енгил, мустаҳкам ва узоқ муддатли маҳсулот сифатида Америка бозорида ўз харидорларига эга.
Мулоқотда тадбиркор Андижонда замонавий қурилиш материаллари шоурумини ташкил этиш, маҳаллий бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш нияти борлигини билдирди. Ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Пенсильвания штатидаги энг йирик шаҳар – Филадельфияда бўлиб, ушбу шаҳарда яшаётган, ишлаётган ватандошлар билан ҳам учрашув ўтказди. Учрашувда Андижон шаҳри, Балиқчи, Шаҳрихон, Марҳамат, Қўрғонтепа ва бошқа туманлардан борган юзлаб ҳамюртларимиз турли соҳаларда самарали фаолият юритаётганликларини айтиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртимизда тадбиркорлар, инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди, АҚШлик ватандошлар иштирокида, ҳамкорликда Андижонда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикрлашилди.
Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Америка Қўшма Штатларига расмий сафарининг галдаги манзили Иллинойс штати Чикаго шаҳри бўлди. Бу ерда делегация вакиллари йирик компаниялар ҳамда расмий идоралар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди. Музокаралар жараёнида тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги саноати, таълим ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, делегация Иллинойс штатимолиявийвазириСусанаМендоза билан учрашди. Суҳбат давомида давлат бюджети даромад ва харажатларини назорат қилиш, молиявий ҳисоботларни шакллантириш ва давлат тўловларини амалга ошириш тажрибалари ўрганилди. Икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда экспорт йўналишларини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув якунида Сусана Мендоза жорий йил сентябрь ойи охирида Андижон вилоятига ташриф буюриш ниятини билдирди.
Сафар доирасида Андижонда ижтимоий-иқтисодий тараққиётга хизмат қиладиган ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, таълим ва илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. АҚШнинг Virginia Commonwealth, Ball ҳамда Syracuse университетлари раҳбарияти билан учрашувлар ана шу мақсадлар ҳақида сўз борди. Академик алмашинув, илмий ҳамкорлик ва қўшма дастурлар бўйича шартномалар имзолади.
Шунингдек, UGL ва «UMT Global» логистика компаниялари билан музокаралар ўтказилиб, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича келишувларга эришилди. “Microsoft” компаниясининг катта дастурий таъминот муҳандиси Зафар Аҳмедов билан суҳбатда ёшларимизнинг компанияда ишлаш имкониятлари ва қўшма лойиҳалар масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф вилоятнинг таълим, иқтисодиёт, логистика, ахборот технологиялари ва инновациялар соҳасидаги халқаро ҳамкорлик салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Чикаго шаҳрида 22 йилдан бери истиқомат қилаётган марҳаматлик тадбиркор раҳбарлик қилаётган “UMT Global Logistics” компанияси фаолияти билан танишув ҳам ишчанлик руҳда ўтди. Компания юк ташиш соҳасида ижара, лизинг, таъмирлаш, сотиб олиш ва сотиш каби йўналишларда замонавий хизматларни тақдим этмоқда. Шунингдек, компаниянинг онлайн платформасида марҳаматлик ёшлар, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам фаолият юритиб, айримлари ойига 1000 доллардан ортиқ даромад топмоқда. Вилоят ҳокими улар билан Zoom орқали мулоқот қилиб, режа ва истакларини тинглади.
Компания томонидан инспекция, техник таъмир, кузатиш ва паркингни қамраб олган махсус лойиҳа ҳам тақдим этилди. Музокаралар чоғида бу тажрибани Андижонда жорий этиш, кўп тармоқли хизмат кўрсатиш технопарки ва касбга ўргатувчи устахоналар ташкил қилиш, шунингдек, ёшларни хорижий тилларга ўқитиш масалалари муҳокама этилди.
Ташриф якунида “UMT Global Logistics” компанияси ва Андижон вилояти ҳокимлиги ўртасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича меморандум имзоланди. Шубҳасиз, “UMT Global Logistics” фаолияти Америка бозорида ўзбек тадбиркорларининг муносиб ўрнини намоён этиб, мамлакатимиз тадбиркорлик салоҳиятининг жаҳон майдонида ҳам юксалаётганидан далолатдир.
Иллинойс штати — АҚШ иқтисодиётида етакчи ўрин эгаллайдиган учта ҳудуддан бири ҳисобланади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва саноат, молия ва савдо ҳамда транспорт хизматлари жадал ривожланган.
Хусусан, Иллинойснинг энг йирик шаҳри Чикаго АҚШдаги “Учинчи шаҳар” сифатида машҳур бўлиб, Нью-Йорк ва Лос-Анжелес билан бир қаторда мамлакатнинг йирик молия ва бизнес марказларидан бири саналади. Чикаго шунингдек, дунёдаги энг катта молия ва логистика ҳабларидан бири сифатида танилган.
Шу доирада Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Иллинойсдаги «Triumph Business Capital» компаниясида учрашув ўтказди. Музокаралар компаниянинг бизнесни ривожлантириш бўйича вице-президенти Милжан Чирич билан бўлиб ўтди.
«Triumph Business Capital» кичик ва ўрта бизнес субъектларига молиявий хизматлар кўрсатиш, жумладан, инвойс-факторинг орқали айланма маблағ билан таъминлаш борасида АҚШда етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.
Учрашувда томонлар қатор йўналишларда ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар. Жумладан, истиқболли инвестиция лойиҳаларига сармоя йўналтириш, маҳаллий тадбиркорлар учун қулай молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда қўшма бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликка асос солувчи дастлабки қадамлар қўйилди.
Андижон вилояти ҳокимининг “Rose Management LLC” компанияси директори Constantino Poulakis билан учрашуви ҳам самарали кечди. “Rose Management LLC” — Чикагода “500 тез ривожланаётган компаниялар” рўйхатига кирган, мулк бошқаруви, сармоя ва бизнес қидирув ҳамда турли соҳалардаги инвестицияларни амалга оширувчи нуфузли компания ҳисобланади.
Учрашувда Андижон вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган йирик инвестициявий лойиҳалар тақдим этилди ҳамда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Навбатдаги расмий ташриф Миссури штатида бўлди. Штатнинг марказий шаҳри — Сент-Луисда бир қатор янги ҳамкорлик йўналишлари бўйича музокаралар ўтказилди.
АҚШнинг Миссури штатидаги Сент-Луис шаҳрида Андижон тўқимачилик маҳсулотларини намойиш ва сотишга ихтисослашган янги савдо уйи ўз фаолиятини бошлади.
Очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, “ITF Group LLC” ижрочи директори Саидазим Бурхонхўжаев, маҳаллий бизнес вакиллари ҳамда юртимизнинг тўқимачилик саноати тадбиркорлари иштирок этдилар.
Савдо уйи — шоурум сифатида ҳам хизмат қилиб, унда Андижон вилоятида ишлаб чиқарилаётган тайёр кийим-кечаклар намойиш этилади. Шунингдек, маҳаллий ва халқаро харидорлар учун доимий савдо майдони сифатида фойдаланилади.
Сент-Луис шаҳри АҚШнинг йирик логистика марказларидан бири ҳисобланади. Шу боис ушбу савдо уйи орқали ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларни мамлакатнинг турли штатларига кенг тарқатиш имкониятига эга бўладилар. Бу қадам Андижон тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳиятини ошириш, янги бозорларга чиқиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кенг имконият яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Делегациямиз аъзолариСент-Луисдаги ITF Group компанияси фаолияти билан ҳам танишдилар. Ҳамюртимиз Саидазим Бурханхаджаев асос солган мазкур йирик ташкилот халқаро логистика ва омборхона ечимларини таклиф этишда етакчи ҳисобланади. Компания инфратузилмаси билан уйғунлашган HaulerHub рақамли платформаси юк жўнатувчи, ташувчи ва брокерларни ягона тизимда бирлаштириб, транспорт жараёнларини тезкор ва самарали бошқариш имконини бермоқда. Шу жиҳатдан ITF Group Шимолий Америка бозорида ишончли ва нуфузли юк брокерларидан бири сифатида эътироф этилган.
Учрашувда компаниянинг иш тажрибаларини ўрганиш, Андижон вилоятида логистика хизматларини ривожлантириш ва АҚШ бозорига маҳаллий маҳсулотларни кенгроқ чиқариш имкониятлари муҳокама этилди. Ҳамкорлик натижасида вилоятимизда замонавий логистика тизимини жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Андижон вилояти делегациясининг Америка Қўшма Штатларига расмий сафарининг ҳар бир куни мана шундай манфаатли музокараларга бой бўлди.
Вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.