Вояга етмаганлар учун янги ҳуқуқий имконият: жазони ўтаган вояга етмаганлар судланмаган деб ҳисобланиши белгиланди
19.11.2025 37
Ўзбекистон қонунчилигида вояга етмаганлар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган яна бир муҳим қадам қўйилди. Жиноят кодексига киритилган ўзгартишга кўра, айрим вояга етмаганлар жазони ўтаб бўлганидан кейин судланмаган деб ҳисобланади.
Жиноят кодексининг 77-моддасига киритилган ўзгаришга мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар ўта оғир бўлмаган жиноят содир этган ўзига тайинланган жазони тўлиқ ўтаб бўлган вояга етмаган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Яъни, у шахснинг судланганлик ҳолати қонун бўйича бекор бўлади ва унинг ҳуқуқий мақоми судланмаган шахс мақомига тенглаштирилади.
Бундай ўзгартиришни киритишдан кўзланган мақсад — вояга етмаганларнинг ҳаётга ижтимоий қайта мослашишини осонлаштириш, судланганлик қайдномаси ўсмирнинг ўқиши, ишга жойлашиши ва жамиятдаги мавқеига жиддий таъсир қилади. Судланмаган деб ҳисоблаш орқали уларга “иккинчи имконият” берилади, судланганлик билан боғлиқ ижтимоий босим ва камситиш ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.
Демак, ўта оғир жиноятни содир қилган ва қасдан содир қилган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс томонидан қасдан жиноят содир қилганлик учун бу имтиёз татбиқ этилмайди. Бундай вазиятда вояга етмаган шахс жазони ўтаб бўлса ҳам умумий қоидаларга мувофиқ судланган деб ҳисобланади.
Шуни алоҳида қайд этиш муҳимки, вояга етмаган шахс, 18 ёшга тўлгунга қадар ўта оғир жиноят содир этмаган бўлиши, ўз жинояти учун тайинланган жазони тўлиқ ўтаб бўлиши, жазони ўтагандан кейин қасдан яна жиноят содир этмаслиги зарур.
Агар шахс қасдан содир қилган жинояти учун судланмаган деб топилганидан кейин қасдан янги жиноят содир этса, унга нисбатан “судланмаган” деб ҳисоблаш тўғрисидаги норма қўлланмайди. Яъни, бу қоида жиноятни такроран қасдан содир этувчиларга нисбатан амал қилмайди.
Бу қўшимча чеклов имтиёздан суиистеъмол қилиш ҳолатларини олдини олиш, жамият хавфсизлигини таъминлаш ва вояга етмаганларни қайта жиноят содир этиш эҳтимолини камайтиришга қаратилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2025 йилги ушбу ўзгартиш — Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятга ижобий интеграциялаш ва қайта тарбия қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий қадамдир. Энди ўта оғир бўлмаган жиноят содир этиб, жазони ўтаб бўлган ҳар бир ўсмир ўз ҳаётини судланганлик тамғасисиз янгидан бошлаш имконига эга бўлади. Бироқ, мазкур имтиёз ўта оғир жиноят содир қилган ва қасдан жиноят содир қилиб, судланмаган деб торилгандан сўнг қайта жиноят содир қилган шахсларга нисбатан қўлланмайди.
Кобилжон Муталиев,
жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси
