Атрофга назар

ЯХШИ ЛАВОЗИМ ВА ЯХШИ ОЙЛИК сабр-матонат, малака орқали келади


14.01.2026   66

Бугунги кунда вилоятда 14-30 ёшдаги 851,8 минг нафар йигит-қиз мавжуд. Улар билан ишлашда давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган тизим асосида 879 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолият юритиб келмоқда.

Ўтган йил бошидан ўтказилган хатлов натижаси вилоятда жами 24 минг 402 нафар ишсиз ёшлар аниқланди. Уларга бириктирилган корхона ва муассасалар раҳбарлари мунтазам тарзда индивидуал ишлар олиб бордилар. Бунинг самараси ўлароқ бандлик 100 фоиз таъминланди.

Бундан ташқари, 2025 йилнинг 30 июнь куни Президентнинг ёшлар билан ўтказилган учрашувида берган топшириғига асосан, вилоятдаги ишсиз ҳамда меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар қайта ўрганилди. Натижада 21 минг 183 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги аниқланди. Йил якунига қадар уларнинг муқим иш ўрнига эга бўлишигаэришдик.

Шунингдек, бандлик масаласида “call markaz” фаолияти йўлга қўйилиб, ёшларнинг ҳар қандай муаммо ва таклифлари ижобий ҳал этилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш” жамғармаси орқали 52 нафар ишсиз тенгдошларимиз ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган тадбиркорларга жами 4 млрд 203 млн сўм, Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ “Миллий банк” томонидан олий таълим муассасаларининг 294 нафар битирувчисига 15 млрд 86 млн сўм, “Алоқабанк” томонидан 654 нафар ишсиз ва тадбиркорлигини кенгайтириш мақсадидаги ёшларга 70 млрд 314 млн сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада 968 нафар ёшнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, қўшимча 1 минг 421 та янги иш ўрни яратилди.

Сарҳисоб қилсак, 2024-2025 ўқув йилида вилоятимиздаги мактабларни жами 37 минг 946 нафар 11-синф битирувчи тамомлаб, уларнинг 7 минг 422 нафари меҳнат бозорига кириб келди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликдаги амалий ҳаракатлар натижасида барчасининг бандлиги таъминланди.

17 минг 914 нафар ўқувчи профессионал таълим муассасаларини тамомлади. Меҳнат бозорига кириб келган 4 минг 125 нафар битирувчининг барчаси ҳозир ўзи хоҳлаган фаолият билан шуғулланиб, оиласига даромад олиб келмоқда.

Шунингдек, олий таълим муассасаларини битириб, ишлаш истагида бўлган 3 минг 459 нафар мутахассиснинг ўз йўналишида иш топишига кўмаклашилди. Жами битирувчиларнинг 16 минг 741 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, 2 минг 228 нафари тадбиркорлик фаолиятига йўналтирилди. 1 минг 437 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, 345 нафари тартибли миграцияга юборилди.

Вилоят ҳокими ёшлар бандлиги масаласига доим жиддий эътибор қаратиб келади. Мактаб, техникум ва олий ўқув юртларида ўқувчи ҳамда талабалар билан бўлган учрашувларида уларнинг хоҳиш-истакларини диққат билан эшитади, илғор ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Ўтган декабрь ойида бўлиб ўтган юзма-юз мулоқот чоғида ҳам бу борада жиддий масалалар кўтарилди. Корхона-ташкилот раҳбарларига вакант ўринларни шаффоф тарзда ойдинлаштириш, янги ишчининг меҳнатга, жамоага кўникмаларини шаклланишига ёрдам беришларини уқтирди. Шунингдек, йигит-қизларга қарата ҳар қандай муваффақиятга, катта маошли юқори лавозимларга аста-секинлик, сабр-матонат билан эришилишини ҳаётий мисолларда уқтириб ўтди.

Шахсан Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси ва куюнчаклиги сабаб вилоят ҳамда туман, шаҳар даражасида Ишсиз ёшлар билан ишлаш бўйича штаблар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу штабларга 11 та ташкилот ва идоралар мутасадди сифатида бириктирилиб, бандлик бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар мониторинг қилиниб, мувофиқлаштирилмоқда.

Бошланган 2026 йилда ҳам вилоятимизда ишсиз ёшлар ҳамда таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида алоҳида мақсадли чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Бу жараёнда ёшларни доимий иш ўринларига жойлаштириш ҳамда уларга муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу чора-тадбирларнинг барчаси йил номига мувофиқ равишда маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтиришга қаратилган.

Акмалжон ТАНГИРҚУЛОВ,

вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи.