Андижонда

Якунланган 6 ой: Кадастр тизими фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй берди?


25.07.2024   748

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Андижон вилоятида 218,1 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Олиб борилган тадбирлар натижасида 79,2 фоиз ноқонуний ҳолат бартараф этилган.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари томонидан ОАВ вакиллари ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида атрофлича маълумотлар берилди.

-Агентликнинг асосий вазифаларидан бири ер ва кадастр назорати ишларини амалга ошириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга эришишдир, - дейди агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Олти ой мобайнида йўналишдаги ноқонуний 334 та ҳолатни суд тартибида кўриб чиқилиши учун судларга даъво аризалари киритилган бўлса, 55 та ҳолатда аниқланган ер қонун бузилиш ҳолатларида жиноят аломатлари мавжудлиги кўринган ва ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилган. Бундан ташқари, 1 минг 252 та ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жарималар расмийлаштирилган. Албатта, масъулларимиз мурожаатлар ечими билан ҳам катта масъулият билан ишлашга ҳаракат қилмоқдалар. Хусусан, йил бошидан бугунга қадар барча манбалар орқали келиб тушган жами 424 та мурожаатнинг 279 таси ижобий ҳал қилинган, 98 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 4 таси тегишли тартибда асосли ҳолда рад этилган бўлса, 43 таси мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Анжуманда, шунингдек, соҳадаги кадрлар масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида вакант штатлар бўйича argos.uz сайтига берилган эълон билан 5 та бўш турган иш ўрнига мутахассислар қабул қилинди. Ишга қабул қилиш ва юқори лавозимга ўтказиш фақат АРГОС тизими орқали шаффоф ва очиқ тарзда амалга оширилмоқда.

Давомда журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Зилола РАҲМОНОВА.

Элёрбек МАМАЖОНОВ олган суратлар.