ЯНГИ АНДИЖОН – БУГУНГИ ВА КЕЛАЖАК ҲАЁТИ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛГАН УЛКАН ЛОЙИҲАДИР
13.03.2022 947
Хабарингиз бор, Юртбошимизнинг топшириғига асосан Янги Андижон шаҳарчасини барпо этиш юзасиданАндижон туманининг Истиқлол массиви адирликларида бунёдкорлик ишлари жадаллик билан кетмоқда. Қисқа муддат ичида ушбу ҳудудда янги шаҳар пайдо бўлади. Яшил макон умумиллий ҳаракати давомида массив ҳудудларига ўтқазиб келинаётган кўчатлар амалга кириб, шаҳарча қиёфасига ўзгача кўрк беришни бошлади. Кўплаб замонавий бинолар қад ростламоқда. Андижон вилояти бошқа жойларга нисбатан сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади. Чунки бу ерда тектоник ҳаракатлар ер сатҳининг юқори қатламларида рўй беради.
Мисол учун, 1902 йилда 6.4 балл магнитудали ер қимирлаши кузатилган. Шаҳар деярли вайронага айланган эди. Зилзиланинг интенсивлик даражаси эса9 баллдан юқорини ташкил қилган. Шу боис, ҳудудда қурилиш ишларини бажаришда аниқ ҳисоб-китоблар, юзага келиши мумкин бўлган зилзилалар оқибатида келиб чиқадиган хавфлар инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши муҳимдир.
Сейсмик ҳудудларда лойиҳалаш ва қурилиш ишларининг характери, ҳажми, сейсмик бўлмаган жойларга нисбатан ўзига хос хусусиятлари билан фарқ қилади. Ҳозирда қурилиш учун белгиланган нормалар ишлаб чиқилган. Бино лойиҳасини тузаётганда, ҳисоб ва ҳаёт синовларидан ўтган маълум конструктив чоралар кўрилса, иншоотнинг зилзилага қаршилиги ортади. Янги Андижон – бугунги ва келажак ҳаёти билан боғлиқ бўлган улкан лойиҳадир. У ижтимоий, иқтисодий, экологик ва технологик мувозанатнинг ер усти ва ости инфратизимини шакллантириб, инсонларнинг ижтимоий ҳаётини шакллантиришга хизмат қилади.
Шу боис массивда бунёд этилаётган кўп қаватли биноларнинг сейсмик хавфларга бардошлилигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институтининг профессор-ўқитувчилари ҳудудда сейсмик тадқиқотлар ўтказдилар. Тадқиқотлар жараёнларини биз ҳам ижодий гуруҳимиз билан бирга кузатган эдик.




Куни кеча Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида «Янги Андижон» массиви ҳудудида бунёд этилаётган кўп қаватли уйлар ва бошқа объектларнинг сейсмик хавфларга бардошлилигини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар якунига бағишланган тақдимот ўтказилди.
- Президентимизнинг топшириқларига биноан экин суғоришга оид бўлмаган майдонларнинг 4 минг гектари танлаб олинган эди. Шунингдек Янги Андижон шаҳрини барпо этиш жараёнида замонавий технологияларга асосланган ҳолда унинг микросейсмик харитасини ишлаб чиқиш белгиланган. Ушбу чора-тадбирлар асосида Янги Андижон Дирекцияси ва Сейсмология институти билан тузилган шартномага кўра илмий ишларни амалга оширдик. Бугун эса барча тадқиқотлар ниҳоясига етиб, лойиҳа тақдимотига йиғилдик,- дейди дирекция директори Азизбек Омонов.





- Белгиланган муддат давомида ҳудуднинг 201 та нуқтасида тадқиқотлар олиб бордик. 5 та жойда сейсмостанция ўрнатилиб, унинг натижаларига кўра микросейсмик хариталаш ишлари амалга оширилди. Бу эса қурилаётган биноларнинг сейсмобардошлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, - дейди Фанлар академияси Сейсмология институти бош мутахассиси Элдорбек Ядигаров.
Тақдимот давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларига мутахассислардан жавоблар олдилар.
Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.
