ЯНГИ АНДИЖОН - БУЮК ЎЗГАРИШЛАРГА ЭШИК ОЧМОҚДА
01.09.2022 1022
Шуҳратбек АБДУРАҲМОНОВ,
вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси
Истиқлол дунё билан бўйлашиш имкониятларини берди. Тан олиш керак, сўнгги беш йилда одамларнинг дунёқараши ўзгариб, янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳар бир кунига дахлдорлик ҳиссини кучайтиряпти. Айниқса, инсон қадри, шаъни ва манфаатлари ҳар қачонгидан юксакларга кўтарилмоқда.
"Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" деган улуғвор ғоя асосида халқимизнинг беқиёс жасорати ва матонати билан қўлга киритилган Истиқлол байрамини кенг нишонлаяпмиз. Бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимиз тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади, албатта.
Босиб ўтган шонли йўлимизга назар ташлаб, эртанги кунимизга, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортади. Бу борада барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўйдик ва бу йўлда қатъият билан давом этмоқдамиз.
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида одамларни рози қилиш, уларнинг яхши яшашлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш вазифалари турибди. Бугун ҳар қандай раҳбарлик курсисида ўтирган шахс одамларнинг дарди билан яшашни ўз иш тамойилига айлантирмаса, узоққа бормайди. Тўғри, вақт шитоб билан ўтиб боряпти, ишлар тиғиз. Лекин юрагида ўти бор йўлбошчи ҳамма ишга улгуриши керак.
Ҳозир Улуғнорда балиқчилар фаолиятинитаҳлил қилсангиз, бироздан сўнг Хонободда аҳоли билан мулоқот қилишга тўғри келади. Бу орада Булоқбоши, Пахтаобод, Жалақудуқдаги иш жараёнлари билан ҳам танишишингиз зарур. Бугун дунёга боқаётган Андижонимизга хорижлик сармоядорларнинг ташрифи ҳам кўпайди. Улар билан истиқболли ҳамкорлик шартномаларини тузиш ҳам кечиктириб бўлмайдиган масала эканлиги ёдингизда туради. Тиниб-тинчимаслик ва шижоатда раҳбарларнинг ўзи намуна бўлаётгани каттаю кичикни астойдил ҳаракат қилишга ундаяпти.
Атрофга боқинг! Янги Андижондаги ўзгаришлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишларидан кўзингиз қувнайди. Бу ёғи Хўжаободу Қўрғонтепа, у ёғи Улуғнору Бўстон туманини оласизми, жаҳонга юз тутиб, иқтисоди мустаҳкамланиб боряпти. Ташқи бозордахўжаободликларнинг трикотаж маҳсулотлари ўз брендини юқорига кўтариб турибди. Шаҳрихон ҳунармандларини кўз-кўз қилса, Асаканинг боғлари бол улашяпти. Қўйингки, қайси туманга йўлингиз тушса, аҳоли юзи-кўзида ишчан кайфият ва шукроналикни туясиз.
"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 32 та маҳаллада умумий қиймати 370 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш олиб борилмоқда. Шаҳар ва туманларнинг 16 та марказий кўчалари намунали кўринишга келтирилди.
Пахтаобод туманининг энг оғир ҳудуди– Дурдиёрмаҳалласидаги шароитларни ўргандим, одамларнинг ташвишу қувончларига қулоқ тутдим. Ичимлик суви тизимини янгилаш, йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминотини яхшилаш, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва қишлоқ врачлик пункти хизматига зарурат масалалари ўртага ташланди. 20 га яқин йирик муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш юзасидан амалий ҳаракатлар бошланди.
Бугун Дурдиёрга боринг, танимайсиз. Истеъмолга яроқсиз электр симлари, симёғочлар барча-барчаси янгиланди. 150 бола қамровига мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти замонавий кўринишда қайта тикланди. Капитал таъмирланганмуҳташам бинода ҚВП мақомига эга бўлган тиббий хизматларнинг тез ва сифатли амалга оширилиши учун барча имкониятлар яратиляпти. 100 иш ўрнига эга трикотаж цехининг қурилиши авжида. Шаҳарникидан қолишмайдиган инфратузилмадан аҳоли мамнун.
Избоскан тумани Обод маҳалласи Файзиобод кўчасида янги 280 ўринли мактаб бунёд этилаётган бўлса, Турон кўчасида 350 ўринли таълим муассасаси қайта реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилди. Шаҳрихон туманидаги Юзлар маҳалласи аҳли ҳам йирик кўламдаги янгиланишлар, фаровонлик туфайли байрамни ёруғ юз, кўтаринки кайфият ва кўнгиллар ободлиги билан кутиб олмоқда.
Бундай ободликка юз тутаётган гўшалар ҳар бир туманда бор.
Улкан қурилиш майдонига айланган вилоятимизда кўплаб янги-янги корхона ва турар-жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда.
Жорий йилда вилоятда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришдастурлари доирасида қиймати 1 трлн. сўмдан зиёд бўлган 128 та объектни қуриш ва таъмирлаш ишлари якунига етай деб қолди. Ҳозирда уларнинг 30 таси фойдаланишга топширилди.
Водий вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистон аҳолиси учун хизмат қилиши кўзда тутилаётган Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида қиймати 360 млрд. сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугунгача объектда 115 млрд. сўмдан зиёд қурилиш ишлари бажарилди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси билан Андижон шаҳрида Бобур шоҳкўчасининг 2 та қисмини туташтирувчи темир йўл устидан ўтувчи қиймати 316 млрд. сўмлик кўприк қурилиши амалга оширилмоқда. Кўприк ишга тушса, ҳудуддаги транспорт қатнови тартибга келади ва тирбандликларнинг олди олинади.
Яна бир масала, "Очиқ бюджет" – халқимизни,фуқароларимизни бюджет жараёнига жалб қилиш механизмининг ишга туширилиши жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва жамоатчиликни бюджет жараёнининг иштирокчисига айлантиришда муҳим восита бўляпти. Жорий йилда ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда баён этилган ўринли ва долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш учун 90 млрд. сўм маблағлар йўналтирилди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи доимий эътиборимизда. Ўтган йилда 6 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар қурилган бўлса, жорий йилда 7 мингдан зиёд хонадонли уй-жойлар қад ростламоқда. "Аср лойиҳаси" бўлаётган "Янги Андижон" шаҳрида биринчибосқичда 74 та кўп қаватли, 2 минг хонадонли уйлар барпо этилмоқда. 120 гектар майдонга 100 минг тупдан зиёд кўчат экилиб, яшил ҳудудлар яратилди.
Ушбу массивда уй-жойлар билан бирга аҳоли учун зарур бўлган 420 ўринли мактабгача таълим ташкилоти,1 минг 680 ўринли мактаб, 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ҳамда 2 минг иш ўрнига эга бўлган фабрика фойдаланишга топширилади. Бунданташқари, 3 минг кв. метр майдонда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ҳамда йўл-коммуникация инфратузилма объектларида ишлар давом эттирилмоқда.
Маълумки, ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида инвестиция лойиҳалари муҳим ўрин тутади. Жорий йилда вилоятимизда умумий қиймати 900 млрд. сўм бўлган 167 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, қарийб 9 минг янги иш ўрни яратилди.
Мисол учун, "Асакатекстил" МЧЖ томонидан йилига 100 млн. доллар маҳсулот экспорт қилиш қувватига эга, 5 та босқични тўлиқ қамраб олган, ип-йигирув, тўқув, мато бўяш ва сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, корхонада 2400 та янги иш барпо қилинди.
Андижон – ишбилармонлар юрти. Тадбиркорлик, ҳунармандлик қон-қонимизга сингиб кетганидан фахрланамиз. Атрофга назар солсангиз, тадбиркорликнинг исталган турини топасиз. Изланиб,янгилик яратаётганларнинг отасига балли!
Қутлуғ сана арафасида Андижон тумани саноат ҳудудида одеял ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона иш бошлади."KB GOLD SELIN" масъулияти чекланган жамияти томонидан Корея технологиялари асосида ишга туширилган мазкур корхонада кунига 500 дона турли ҳажмдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Буюртмадан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш ҳажмини бир неча баробарга ошириш имконияти мавжуд.
Мустақиллик байрами арафасида120 дан ортиқ мана шундай янги иншоотлар, маҳалла гузарлари, тадбиркорлик корхоналари фойдаланишга топширилди.
"Маҳаллабай" ва "хонадонбай" ишлаш асосида Андижон намунасини яратиб, шу орқали вилоятни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари тизими жорий этилди.
Бизнинг асосий ниятимиз камбағалликни қисқартириш ҳамда бу йўналишда кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишдир. Бунинг учун, аввало, ишсизликни камайтиришимиз керак.
Бу мақсадларда жорий йилда 420 минг ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашни олдимизга мақсад қилган эдик, ҳозирга қадар 310 мингдан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Бу борада хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда "Оилавий тадбиркорлик" дастурини амалга ошириш учун 855 млрд. сўмга яқин маблағ кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш учун йўналтирилмоқда. Йил бошидан буён4 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 41 мингтага етди.
Аҳолининг кам таъминланган қатлами, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан хайрли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Мустақилликнинг олий неъматларидан бири – инсон омилига, унинг ҳаёти ва тақдирига ҳамиша бағрикенглик билан ёндашиш муҳити яратилганлиги, деб ўйлайман.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида бугун ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, ҳозирга қадар "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" даги қарийб 70 мингга яқин фуқарога 56 млрд. сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Андижон ёшлари - билими, ҳаракатлари ва натижалари билан ҳар соҳада энг илғорлардан бўлиб, доимо бизни қувонтириб келган.
Мутафаккирларимиз "Ҳомийликнинг энг афзали илмга қилинган ҳомийликдир," деб бежизга айтишмаган. Фарзандлар камолига сармоя тиксангиз, эртанги кунингиз мунаввар бўлиши шубҳасиз. Оддий бир мисол, Қўрғонтепа туманидаги ёғ заводи очилиши тантанасида суҳбатим давомида ишчи аёл боласи шартнома асосида ўқиётганини айтди. Фарзандининг ўқиши учун контракт пулларини тўлаб бераман, дедим. Эртага шу йигитча катта бир ташкилот ёки корхонани бошқаришига ишонаман. Учрашув давомида қўрғонтепалик мактаб битирувчилари орасида энг юқори балл тўплаб, олийгоҳга қабул қилинган талабаларга ноутбуклар ҳадя қилинди. Бу ҳам бир мотивация.
Бугун ҳар бир раҳбар юртнинг боласига ўз фарзандидек ғамхўрлик қилиши шарт. Чунки келажак баркамол авлод қўлида экан,болаларнинг бегонаси бўлмайди.
Шу мақсадда, таълим муассасаларининг инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда қарийб 350 млрд. сўмга яқин маблағлар ҳисобига 20 та боғча, 30 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.Болажонларимизни боғчага қамровини ошириш мақсадида йил бошидан буён 112 та нодавлат боғчаси ташкил этилди. Йил якунига қадар, 2 та давлат ва 180 та нодавлат боғчаси ташкил этиш ҳисобига қамров даражаси камида 85 фоизга етказилади.
Президентимизнинг "Ёшлар - миллатимизнинг фахри, эртанги кунимизнинг энг катта кучи," дея таъкидлайдилар. Юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида сўнгги йилларда вилоятимизда олийгоҳлар сони 9 тага етказилди. Ҳозирда яна 2 та олийгоҳни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ўзгаришлар, ҳеч шубҳасиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги ва эртанги тараққиётимизга бевосита боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам таркибий ўзгаришларни амалга ошириб келмоқдамиз. Хусусан, аҳоли даромадларини яхшилаш мақсадидаПрезидентимизнинг ташаббуслари билан 45 мингга яқин оилаларга 4,4 минг гектар экин ерлари ажратиб берилган эди. Йил якунига қадар яна 4 минг гектар экин ерларини ажратиш режалаштирилган. Бу билан яна 40 минг оила қўшимча даромад манбаига эга бўлади.
Қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, деҳқонлар даромадини кўпайтирадиган, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни етиштириш устида тинмай изланишлар олиб борилмоқда. Асака адирликларида узумзор боғ барпо этилишининг ўзи катта воқеликдир.
Бу йил донни очиқ биржа савдоларига чиқариш – адолатли тизим бўлди. Миришкордеҳқонларимизнинг меҳнатиянада қадрланди ва 2 баробар кўп даромад олишга эришдилар. Айни пайтда қарийб 79 минг гектар ерга экилган пахта майдонларида "оқ олтин" меҳр билан парваришланмоқда. Мақсадимизўртача 38 центнердан ҳосил йиғиб, териб олишдан иборат.
Вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида гапирганда, аввало, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган туб ўзгаришлар, уларнинг ён-атрофдаги воқеаларга муносабати, сиёсий фаоллиги ва фуқаролик позицияси тобора ўсиб бораётганини таъкидлаш лозим. Бу давлатимиз Мустақиллигининг 31 йиллик тўйини ёруғ юз билан қаршилаётган ҳар бир андижонликнинг ҳатти-ҳаракатларида, юзу кўзида намоён бўлаётир.
Бугун биз муҳим сиёсий ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Бошланаётган янги даврдаги ўзгаришларга фуқаролар бефарқ эмас. Улар Асосий қонунимизни такомиллаштириш жараёнида ташаббускор бўлиб, таклиф ва мулоҳазаларини эркин ифода этдилар.
Юртимизда ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт-саодати учун, деган тамойил ҳаёт тарзимизга сингиб улгурди. Мамлакатимизжадал тараққиётимиз туфайли юксакликка ва иқтисодий мустаҳкам давлат даражасига кўтарилди. Ҳудди шу даврда бугунги куннинг замонавий ибораси бўлган ижтимоий жамият, ижтимоий давлат барпо этиш йўлидаги фикрлар илгари сурилмоқда. Ижтимоий давлатда барчафуқароларнинг илм олиши, жамиятдаги иштироки, меҳнат ваколатлари тенг ҳуқуқлилик асосида кафолатланади. Яратилаётган шароитлар барча учун баробардир. Ва унда ҳар бир фуқаронинг фаол бўлиши талаб этилади.
Вилоятимиз қиёфаси кун сайин янгиланиб, мамлакатимизнинг энг гўзал ва обод ҳудудларидан бирига айланмоқда. Озод ва обод юртда яшайдиган, янгича фикрлайдиган одамларнинг уйлари ҳам, уларнинг ҳаёти, турмуши ҳам гўзал ва фаровон бўлиши керак, албатта.Биз мана шундай заминда яшаяпмиз. Ўтаётган йилларга, ойларга, кунларга ҳамиша шукроналик ҳисси билан боқиш эртанги кунимизнинг янада порлоқ бўлишидан далолатдир.
Тадбиркорлик соҳаси вилоят иқтисодиётининг муҳим драйвери ҳисобланади. Тараққиёт, фаровонлик ўз-ўзидан содир бўлмайди. Интилган, изланган, барча учун фойдали бўлган ташаббусларни олиб чиққан ишбилармон одамларгина мақсад сари дадил қадам ташлайдилар. Эл-юрт уларни бизнес оламининг фаол вакиллари сифатида ҳурмат билан тилга олади
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар натижаси ўлароқ, чекка ҳудудларда янги корхоналар ишга туширилмоқда, ишсизлик муаммосига аниқ ва манзилли ечим топиляпти, шу билан бирга,халқимиз турмуш фаровонлиги юксалиб бормоқда. Яқинда Президентимиз Фармони билан "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони билан тақдирланганлар сафида Янги Андижон тараққиётига ҳисса қўшаётган "Oliy standart tex" МЧЖ раҳбари Муслимбек Абдувосипов,"Asaka tekstil" МЧЖ раҳбари Хамдамбек Абдуллаев,"Sayyora favvorasi" МЧЖ раҳбари Ботиржон Қодиров, "Nil-granit" МЧЖ раҳбари Бахтиёржон Тўлқинов, "Skorton tekstil" МЧЖ раҳбари Азизбек Шахабалиев, "Liderlar maktabi" НТМ раҳбари Мухайё Шодмоналиеванинг борлиги биз андижонликларни яна бир бор қувонтирди.
Вилоятда тўқимачилик саноати етакчи соҳалардан биридир.Бугун 700 га яқин шундай корхона фаолият юритмоқда. БиргинаАндижон шаҳридаги "Dinar group" масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонасиниолсак,Италия, Австрия ва Туркия давлатларидан келтирилган мато бўяш ва тикув ускуналари билан жиҳозланган. Мингдан зиёд ишчи-ходимлар тайёрлаган маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилмоқда. Корхона йилига 3,5 миллион дона тайёр трикотаж ва 5 минг тонна ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.
Кадрлар тайёрлаш ва мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурлари қабул қилинганлиги таълим-тарбия соҳасида эски қолип ва асоратлардан ҳоли,барчанинг ҳавасини келтирадиган янги тизим ҳаётга тадбиқ этилгани тарихий жараён бўлди. Мустақил ва эркин фикрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган авлод шаклланмоқда. Улар Ватанимизнинг эртанги кунини, тақдирини ўз қўлига олишга қодир фарзандлардир.
Ёшларимизни спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар учун кўплаб имкониятлар ва қулайликлар яратиш мақсадида Республикада 2 та йирик лойиҳадан бири бўлган "Универсал спорт" мажмуаси қурилиши ҳам якунланиб қолди. Жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи мажмуа бир вақтнинг ўзида 500 нафардан ортиқ ёшларга спортнинг 17 тури бўйича машғулотлар олиб бориш имконини беради.
Шаҳар ва туманлари марказларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, уларнинг жозибадорлигини ошириш, туристик йўналишларда замонавий объектлар қурилаётгани ҳам вилоятимиз кўркига кўрк қўшаётир. Андижон шаҳри марказидаги Алишер Навоий номидаги мадният ва истироҳат боғида катта ўзгаришлар бўлди. Боғнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш, миллий анъаналарга хос муҳит яратиш билан бирга замонавий меъморчилик асосида янгиликлар киритилди. Кўзни қувонтирадиган фавворалар, ландшафт-дизайнлар боққа кирганларнинг баҳри дилини очади. Замонавий смарт ўриндиқлар, турли аттракционлар эл хизматида.
Сўнгги беш йил ичида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида аҳолининг барча қатламига, айниқса, узоқ қишлоқ аҳолисига юқори сифатли тиббий хизмат янги босқичга кўтарилди.
Қишлоқ жойларда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатувчи қишлоқ оилавий поликлиникалари, тиббиёт пунктлари малакали мутахассислар билан таъминланди. Диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Андижонликлар нафақат ўзи туғилиб истиқомат қилаётган юртини, балки Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманини ҳам гуллаб-яшнаши учун бел боғлаганлар. Туманда иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга оид кенг кўламдаги ишларни амалгаоширяпмиз.
Кегейлида 2022-2023 йиллар давомида умумий қиймати 604 миллиард сўмга тенг 23 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 1 минг 700 та иш ўрни яратилади.
"Сабо ҳамкор" МЧЖ томонидан "Nethouse" замонавий ёзги иссиқхона ва логистика маркази барпо этилгани қорақалпоқ қардошларимизни чексиз қувонтирди. Вилоятимиздаги туман ва шаҳар ҳокимликлари Кегейлидаги маҳаллаларни оталиққа олиб, йўлларни таъмирлаш, теварак-атрофни обод қилиш, иқлимга мос кўчатларни экиш ишларини сифатли адо этдилар.
Оролбўйидаги мана шундай хайрли ҳаракатлардан андижонлик бунёдкорлар, йўлсозлар, тиббиёт ходимлари қўйинки, ҳеч ким четда қолгани йўқ. Ҳадемай, 17-туманимизнинг боғу роғлари мева беради.
Халқимизни рози қилиш учун янги қирраларни, янги имкониятларни топишимиз зарур. Мамлакат тараққиёти йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳар бир инсон - қайси соҳада қайси вазифани бажармасин, бу ютуқларда менинг қандай ҳиссам бор, дея ўзига ҳисобдорлик, танқидий-таҳлилий назар ташлаши лозим.
Бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда. Маънавий уйғоқ жамият – бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир. Жойларда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши биринчи навбатда ҳокимларга, уларнинг билим ва тажрибаси, ишбилармонлик хусусиятларига боғлиқ. Энг муҳими, улар одамларнинг ишончини қозонган бўлиши шарт. Аҳоли жойлардаги раҳбарларга, уларнинг иши, хизмат ва муомала маданияти, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий савиясига қараб, давлат ҳокимиятига баҳо беради. Халқнинг ўю ташвишлари, қувончу муаммоларини ўйлаб яшаш ҳар қандай раҳбарнинг биринчигалдаги вазифасидир. Элнинг фаровонлиги, бозорларнинг баракаси, дастурхонларнинг тўкинлиги, қўйингки, одамларнинг кайфияти шу юртни бошқариб турган раҳбарларга кўп жиҳатдан боғлиқ.
Ватанимиз мустақиллигининг шонли 31 йиллигини эзгу ва олижаноб ниятлар билан қарши олаяпмиз. Янги Ўзбекистоннинг, Янги Андижоннинг тараққиётига ҳар биримиз салоҳиятимизни, куч-ғайратимизни, борлиғимизни бахшида этишимиз зарур. Вилоятимизнинг олис ва энг оғир шароитдаги маҳаллаларига эътибор қаратяпмиз. Инсон она Ватанимизнинг қай гўшасида бўлмасин, ўз қадрини шу юрт учун азиз эканлигини юрак-юракдан туйса, эзгу мақсадларимизга эришган бўламиз.
Энг улуғ, энг азиз байрам - Мустақилликнинг ўттиз бир йиллиги кенг нишонланаётган бугунги кунда вилоятимиз аҳлининг Истиқлолни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларни ривожлантиришдаги фидокорона меҳнатларига Президентимиз томонидан муносиб баҳо берилаётганлиги барчамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди. Давлатимиз раҳбари томонидан вилоятимизнинг бир гуруҳ пешқадам вакиллари мамлакатимизнинг энг юксак мукофотлари билан тақдирландилар.
31 йил. Инсоният тарихида қисқа давр бўлиши мумкин, аммо шу йиллар мобайнида ўз мазмуни жиҳатидан асрларга тенг буюк ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Буни улкан, оламшумулислоҳотлар, беқиёс ўзгаришлар мисолида кўришимиз мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили мустақиллигимизнинг 30 йиллик тантанасида таъкидлаганидек, орадан ҳали қанча йиллар, асрлар ўтади. Юртимизда янги-янги авлодлар дунёга келади. Миллий давлатчилигимизни тиклаб, бизга тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида мана шундай беқиёс имконият яратиб берган Истиқлолимиз жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин, ўчмас саҳифа бўлиб қолади.
Азиз ва қадрли ватандошларим, мўътабар отахон ва онахонларимиз, мунис опа-сингилларимиз, жонкуяр ёшларимиз!
Сизларни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг шонли ўттиз бир йиллик байрами билан чин дилдан самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Юртбошимиз омон бўлсин. Гўзал ва бетакрор Андижонимизга кўз тегмасин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
