Андижонда

Янги Андижонда бир кун: ҲАР ЖАБҲАДА БУНЁДКОРЛИК


18.12.2021   57

Аҳоли зич жойлашган вилоятимизда уй-жой масаласи долзарб. Шу боис Президентимиз ташрифи чоғида Андижон туманининг Истиқлол массивидаги адирликларда янги шаҳар қуриш ташаббусини сурган эди. Уни амалга ошириш мақсадида туркиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилиб, Янги Андижоннингтамал тоши қўйилди. Қарийб 7 ойдан буён баланд-паст тепаликлардан иборат ҳудудда улкан қурилишнинг биринчи босқичи жадаллик билан олиб борилмоқда.

Мутахассислар режасига асосан 4 минг гектарни қамраган янги шаҳарнинг ярмини уй-жой ва ижтимоий соҳа бинолари, саноат зоналари ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари эгаллайди. Ҳудуднинг қолган иккинчи қисмида кўкаламзорлаштириш ҳаракати бошланди."Яшил макон" акцияси доирасида ўтқазилган павлония кўчатларини суғориш ишлари олиб бориляпти.

"Yeni kazan insaat" турк компанияси билан биргаликда дастлабки 5 км. масофага оқава сув (канализация) қувурларини ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. 2021-2041 йилларда мазкур ҳудудда бос-қичма-босқич 100мингдан зиёд иш ўрнини яратиш кўзда тутилмоқда.

"Бинокор мадад қурилиш" масъулияти чекланган жамияти шаҳарчадаги мактабгача таълим ташкилоти биносининг бунёд қилинишига бош пудратчи. Кундан-кун қад ростлаётган иншоот қурувчиларни янада шижоатлантирмоқда.

– Биз қураётган 2-3 қаватли боғча 420 нафар тарбияланувчига мўлжалланган, – дейди иш бошқарувчи Сардорбек Сиддиқов. – 45 нафар ишчи-ходимимиз туну кун меҳнат қиляпти. Насиб қилса кичкинтойлар масканини Наврўз байрамигатопширамиз.

Бу ердайўлсозлар учун ҳам иш етарли. Улар ҳам давлатимиз раҳбари ташаббусини амалга ошишига ўз ҳиссаларини қўшишга астойдил бел боғлаган.

– Янги Андижон қурилишида ишлар авжида, – дейди, "Мунтазам йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси" иш юритувчиси Тохиржон Ўрақов. - Барча талаблар бажариляпти, керакли техника ва жиҳозлар жалб қилинган. Йўлнинг умумий узунлиги 9 кмдан иборат. Шаҳарчага олиб борадиган йўлни сифатли қилиб имкон қадар бу йил тугатиш ниятидамиз.

Нафақат замонавий уйлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари, кенг ва равон йўллар, бир сўз билан айтганда аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароитларга эга замонавий ҳудуд барпо этиш кўзда тутилган. Бу эса одамларнинг турмуш даражасини юксалтириш, юртимиз қиёфасини ўзгартириш мақсадида бошланган ва узоқ муддатга мўлжалланган эзгу ишларнинг самарасидир. Улуғ мақсад йўлида фидойи-лик кўрсатаётган барча бунёдкорларга «Ҳорманг» деймиз.

Нуржаҳон

ЙЎЛДОШЕВА.

Муҳаммадали

МУҲАММАДҚУЛОВ олган суратлар.