Андижонда

Янги қароргоҳ янги марраларга ундайди


18.06.2025   113

Андижон футболи учун муҳташаммаскан – барча шароитларга эга замонавий қароргоҳ барпо этилди.

Ўтмишга назар. “Андижон” клуби 1964 йилда ташкил топгандан буён шу кунггача мустақил қароргоҳга эга бўлмаган. Шу йиллар давомида ўндан ортиқ жойда кўчманчи бўлиб истиқомат қилишган. Бунинг устига мутлақо етарли шароитлар бўлмаган. Талаб этиладиган шароитлардан ўндан бир қисми ҳам мавжуд эмас эди. Клуб футболчилари сарсон-саргардонликда, оворагарчиликда кўп қийинчиликларга дуч келиб кайфиятлари бузилган. Бу жамоа ўйинларига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаган. Кутилган натижаларга эришишга тўсқинлик қилган. Ҳатто шуғулланишлари учун махсус майдон бўлмагач (асосий футбол майдонида шуғулланиш – машқ ўтказиш мумкин эмас), турли туманлар ва вилоятлар майдонларида машғулот ўташларига ҳам тўғри келган.

Ниҳоят 61 йиллик азоб ва машаққатга чек қўйилди.

Хақ ва бор гапни мамнуният билан айтиш керакки Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг улуғвор ғоялари туфайли мамлакатимиз истиқлолнинг ойдин йўлига чиқиб олди. Барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Юртимиз обод, халқимиз фаровон, тинч-осуда ҳаёт кечирмоқда.

Юртбошимизнинг ғамхўрлиги туфайли улкан муваффақиятларга эришмоқдамиз. Ёшларимизни фан, адабиёт ва санъат, спорт соҳаларида жаҳон миқёсидаги ютуқлари ана шу ғамхўликнинг мевасидир. Кўп соҳаларда дунёни забт этяпмиз. Битта армон, битта орзу – бу ўзбек футболини жаҳонга олиб чиқиш эди. Президентимизнинг спортга, жумладан футболни ривожлантиришга қаратилган эътибори туфайли ўша армон ечилиб, қувончга айланди. Ўша орзу рўёбга чиқди. Ўзбекистон терма жамоаси 34 йиллик тарихида илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлди. Буни биз БирлашганАраб Амирликлари билан бўлиб ўтган сафар ўйинида қўлга киритдик. Юртбошимиз Ўзбекистон халқини тарихий ғалаба билан табриклади.

Тошкентнинг “Бунёдкор” ўйингоҳида гуруҳ босқичининг сўнгги учрашувида терма жамоамиз Қатар термасини 3:0 ҳисобида таслим этиб бежиз мундиалга йўл олмаганлигини исбот этди. Мазкур учрашувни Президентимиз ўйингоҳнинг ўзида кузатиб борди. Беллашув сўнггида мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари ва футболчиларини “Ўзбекистон ифтиҳори” унвони ва қимматбаҳо енгил автомашиналар билан тақдирлади.

Мана шу ютуқларнинг, рағбатларнинг давоми ўлароқ, Андижонда бунёд этилган қароргоҳ футболимизнинг порлоқ келажаги пойдеворига яна бир устун қўйилди десак, муболаға бўлмайди.

Президентимиз қарор ва фармонлари, кўрсатмаларидан тўғри хулоса чиқарган изланувчан ва ташаббускор вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижоннинг барча соҳаларда ривожлантиришни таъмин этиш баробарида футболни жонлантириш йўлида ҳам жонбозлик кўрсатмоқда. Атрофга боқинг. Қисқа фурсат ичида “Бобур” арена капитал таъмирдан чиқарилди. “Андижон” футбол клубига бош ҳомий “Ўзавтосаноат” уюшмаси (раиси иқтидорли раҳбар У.Рўзиқулов) тасдиқланди. Мана икки йилдирки жамоа таркибини кучайтириш, ёш, иқтидорли футболчиларни кашф этиш ва уларга етарли шароитлар яратиб бериш ҳақида салмоқли ишлар бажарилмоқда. Энг муҳими, клубга замонавий база-қароргоҳ бунёд этиш зарурат эди, бу муаммога ҳам чиройли амалий ечим топилди. Вилоят раҳбари қароргоҳ учун табиати гўзал, сўлим жой Хўжаобод туманининг Учкўча маҳалласидаги “Азим обод” оромгоҳини танлади.

Бу ҳудуд Шаҳрихонсойнинг шундоққина ёнидаги хушманзара жой. Бу ҳақида мазкур маҳаллада яшовчи 83 ёшли Абдурашид ота Усмонов шундай таъриф беради:

– Бу ҳудуд авваллари чакалакзор, ташландиқ жой бўлган. Бундан 70 йил аввал маҳалламизда яшаган Азим ака (ҳайдовчи бўлган) шахсан ташаббус кўрсатиб, шу жойни обод қилган. Бир неча юзлаб мевали ва манзарали дарахтлар эккан. Йўлаклар чиқарган. Бинолар қурган, ҳовузлар ташкил этган. Дам олувчилар учун махсус жойлар қилинган. Натижада одамлар хордиқ чиқарадиган оромгоҳ-чойхона ташкил этилган. Шунинг учун тарихий номи “Азим обод” деб аталиб келган.

Ушбу жойни футболчиларга қароргоҳ қилиб бериш ҳақидаги хушхабарни қўллаб-қувватладик. Маҳалламизда ашаддий футбол мухлислари яшайди. Андижон U-19 жамоасини ўйинчиси Билолиддин Туркбоев ҳам бизнинг маҳалладошимиз. Қойил қолдикки, тез орада бу ҳудуд янада гўзаллашиб, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Биз хурсандмиз. Бу маҳалламиз учун ҳам совға.

Мазкур қароргоҳ 4,5 гектар ерни қамраб олади. Ер тўласи билан 3 қаватдан иборат бўлган улкан бинода 114 ўринли ётоқхона, офислар, тренажерлар жойлашган. 108 х 66 хажмда 2 та футбол майдони, мухлислар учун 1200 ўринли ўриндиқ, ёпиқ минифутбол майдони, ёпиқ ва очиқ сув ҳавзалари (бассейн) 150 ўринли ошхона, душ, ванна, турк ҳаммоми, меҳмонхоналар мавжуд. 40 ўринли меҳмонхона эса рақиб жамоалар учун мўлжалланган. Қўйингки жаҳон андозаларига мос келадиган равишда барпо этилган ушбу қароргоҳ Ўрта Осиёда ягона ҳисобланади. Қароргоҳдаги бунёдкорлик ишлари “Ўзавтосаноат” уюшмасининг 32 миллиард сўмлик маблағи ҳисобига қад ростлади.

Шу йилнинг 17 июнь куни қароргоҳни очилиш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда бир неча минглаб жамоатчилик вакиллари қатнашди. Вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов ушбу қароргоҳни бунёд этишда моддий кўмаги учун “Ўзавтосаноат” уюшмаси раиси У.Рўзиқуловга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Қатнашчиларга концерт намойиш этилди. Тадбирда республика футзал ассоциациясининг президенти Б.Маматқулов ва Республика футбол афсоналари Биродар Абдураимов ва Республика футбол ассоциацияси фахрийлар кенгашининг раиси Тўлаган Исоқов, таниқли футбол шарҳловчиси Даврон Файзиев ва Ҳайрулло Ҳамидовлариштирок этдилар.

Тадбир иштирокчиси Андижон шаҳрида яшовчи Абдуллажон ота Тўраевни суҳбатга тортдик.

  • Ёшим 90 да. “Андижон” жамоасига ташкил топган кундан бошлаб мухлислик қиламан. Ҳақиқатда “Андижон” футболчилари кўп қийинчиликларни бошидан ўтказди. Қароргоҳ бунёд этилгани жуда улкан иш бўлди. Бунақа шароит, бунақа имкониятлардан “Андижон” суперлигада чемпион бўлмаса ярашмайди. Энг аввало, ташаббускор, қадамларидан ўт чақнайдиган вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва “Ўзавтосаноат” уюшмаси раиси У.Рўзиқуловларга – мард ўғилларимга Андижон халқи номидан миннатдорчилик изҳор этаман. Кам бўлмасинлар, мана буларни халқпарвар раҳбарлар деса бўлади.

Умид қиламизки Абдуллажон ота айтганларидек мана шундай бекаму кўст шароитлардан сўнг “Андижон” суперлигани юқори поғоналарини забт этади.

Янги гўзал маскан – янги қароргоҳ “Андижон” жамоасига ва барчамизга муборак бўлсин!

Ғуломқодир АБДУРАҲИМОВ,

Футбол шарҳловчиси, “Республика футболни ривожига ҳисса қўшганлиги” учун нишони совриндори.