Андижонда

Янги логистика маркази билан янги имкониятлар сари


17.07.2026   12

Марҳамат туманида иш бошлаган “Эрши логистика маркази” юртимизда рақамли иқтисодиёт ва логистика соҳасини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда юзлаб ёшларни доимий иш билан таъминлашга хизмат қиладиган йирик инвестиция лойиҳаларидан бирига айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида Марҳамат тумани марказида барпо этилган замонавий “Эрши логистика маркази”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов, вилоятимиз раҳбарияти, туман ва шаҳар ҳокимлари, АҚШнинг қатор логистика компаниялари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, рақамли хизматлар кўламини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб, мазкур марказ ана шу саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодаси эканини қайд этдилар.

Вилоятимизда ахборот технологиялари соҳасида эришилаётган натижалар эътиборга молик. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида IT хизматлари экспорти 8,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўтган 2025 йил якунларига кўра эса бу кўрсаткич 28 миллион АҚШ долларига етди. Бу 2024 йилга нисбатан қарийб икки баробар ўсиш демакдир. Бугунги кунда Андижон вилояти IT хизматлари экспорти бўйича республикада Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Тадбиркор Акмалжон Жумабоев ташаббуси билан амалга оширилган, умумий қиймати 6,5 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа ҳудудда замонавий логистика тизимини шакллантириш, экспорт хизматлари ҳажмини ошириш ва янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Марказда юкларни қабул қилиш, сақлаш, саралаш ва етказиб бериш бўйича замонавий логистика хизматлари йўлга қўйилган. Бу эса тадбиркорларга вақт ва маблағни тежаш, маҳсулотларни тезкор етказиб бериш ҳамда хизматлар сифатини янада ошириш имконини беради.

Лойиҳа доирасида 350 нафарга яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Айни вақтда 270 нафар марҳаматлик ёш доимий иш билан таъминланди. Айниқса, чет тилларини мукаммал биладиган ва замонавий касб-ҳунарларни эгаллаган ёшлар учун муносиб меҳнат шароити ҳамда юқори даромадли иш ўринлари яратилгани эътиборлидир.

Мажмуа ҳудудида ходимлар ва ташриф буюрувчилар учун замонавий ошхона, кафе ва дам олиш масканлари барпо этилгани қулайликнинг бир ифодасидир.

“Эрши логистика маркази”нинг фаолият бошлаши Марҳамат тумани иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, экспорт географиясини кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ёшларнинг замонавий касбларни эгаллаши учун янада кенг имкониятлар яратади.

Эргашой ЖЎРАЕВА,

Марҳамат тумани ҳокимлиги матбуот хизмати