Атрофга назар

ЯНГИ СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ БЕРИЛМОҚДА


12.04.2022   262

Фракция йиғилишларига 3 та қонун лойиҳасини олиб чиққан бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси бу гал кўпчиликка хушхабар етказди. Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали - янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёзли давр уч йилдан беш йилга узайтирилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди;

- болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;

- 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар бўлган даврда Қорақолпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари берилади;

- 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган даромадлари барча товарлар ва ҳизматлар реализациясида камида 80 фоизни ташкил қилувчи корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланаётгани қонун лойиҳасида акс этган. Бу орқали солиқ тизимидан яхши хабарлар кутаётган фуқаролар учун жуда қулай имкониятлар тақдим этилмоқда.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Д.Ғаниев бу имтиёзлар фақатгина янги тадбиркорларга эмас, балки барча тадбиркорлар учун қўлланилишига аниқлик киритди. Барча фракциялар томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳа иккинчи ўқишда маромига етказилади.