Атрофга назар

Янги ташаббус, қулай тўлов усули ва қарздорликка муносиб ечим


14.03.2026   57

Андижон вилоятида аҳолига қулайлик яратишга қаратилган яна бир яхши ташаббус йўлга қўйилди. Унга кўра, фойдаланилган ичимлик суви учун тўловларни бевосита ҳудудларнинг ўзида, меҳнат жамоаларида қабул қилиш амалиёти ташкил этилди. Жумладан, “Ҳудудий электр тармоқлари” Андижон ҳудудий филиалида бўлиб ўтган тадбир давомида ишчи-хизматчилар томонидан тўловларни амалга ошириш учун барча зарур шароитлар яратилди. Тўловларни қабул қилиш учун махсус техник воситалар ўрнатилиб, жараён “Андижон сув таъминоти” АЖ масъуллари томонидан назоратга олинди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” Андижон ҳудудий филиали ходими Абдулазиз Абдуллаевнинг таъкидлашича, яратилган бу қулайлик ходимлар учун айни муддао бўлмоқда. “Эндиликда иш жойимиздаёқ тўлов қилиш имконияти борлиги вақтдан ютишга хизмат қилмоқда. Қарздорликни қанча кечиктирсак, бундан фақат истеъмолчининг ўзи зарар кўради. Шунинг учун бундай шароитларни барча корхона ва ташкилотларда ташкил этиш керак”, — дейди у.

Бу каби тадбирнинг муҳим афзаллик томони шундаки, у фуқаролар ва меҳнат жамоалари учун вақтни тежаш ҳамда тўловларни осон ва тез амалга ошириш имконини яратади. Шу билан бирга, коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни камайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Саминжон ХУСАНОВ.