Атрофга назар

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ҚИЗЛАРИ ЭНГ БАХТЛИ ҚИЗЛАР ЭКАНИНИ БАРАЛЛА АЙТАВЕРАМАН...


18.04.2022   321

Иқтидор туғма бўлгандагина, у ҳақиқий истеъдодга айланиб, юксак марраларни забт эта олади. Фақат бироз рағбат уни юзага чиқаришга хизмат қилса бас...

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик айни ғунчаларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига, турли соҳаларда ҳавасмонанд чаманзор яратишларига замин бўлаётир.

Мухлиса Машрабова эндигина 20 ёшда. Жалақудуқнинг баҳаво, сўлим гўшаларида болалиги ўтган бу қизнинг хонандаликка иштиёқи жуда эрта шаклланди. Турли санъат тадбирларида мумтоз ашулалар билан иштирок этиб, эътибор қозонганида ҳали мактабнинг бошланғич синфида ўқирди.

Бора-бора астойдил мақсадга айланган қизиқиш билан анъанавий хонандалик сирларини ўрганишга ҳаракат қилди. Билим ва кўникмалари самараси ўлароқ, вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган "Биз буюк юрт фарзандларимиз", Наврўз, Мустақиллик байрамлари ва бошқа тадбирларда миллий қўшиқлар билан фаол иштирок этиб янада чархланди. Республика иқтидорли талабалар клуби аъзоси бўлган Мухлиса мамлакатимиз ва халқаро танлов-фестивалларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Хусусан, Россиянинг Волгоград ва Сочидаги ўтказилган "Мў вместе" халқаро конкурс - фестивалларида III ва I даражали диплом билан тақдирланган. Шунингдек, бир қатор республика ва вилоят кўрик-танловлари ғолибаси. Наврўз, 8 март - "Халқаро хотин-қизлар куни" байрамлари муносабати билан Андижонда ўтказилган маданий-маърифий тадбирлардаги фаол иштироки учун фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

Мухлиса Машрабованинг ютуқларини фахр билан узоқ давом эттириш мумкин. Марралар унга янги ғалабалар сари қадам бўлаётганини ўзи ҳам таъкидлайди:

- Масалан, Олий ва ўрта махсус таълим Вазирлиги ҳузуридаги олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш маркази ҳамда Самарқанд вилояти иқтидорли талаба ёшлар клуби билан ҳамкорликда ташкил этилган "Талант шоу" лойиҳасида I даражали дипломга лойиқ кўрилганим мени "Мозий иқтидорли талаба ёшлар клуби" ташаббуси билан ўтказилган "Cover va musiqalar" танловида Андижоним шарафини ҳимоя қилишга ундагани рост. Бундай танловлардаги эътирофлардан фақат куч оламан. Янги Ўзбекистон қизлари ҳар томонлама энг бахтли қизлар эканлигини баралла айтгим келаверади…

Чиндан ҳам ёш хонанда жамият ҳаётидаги иштироки билан бахтини баралла айтмоқда. Чунончи, Олий Мажлис қонунчилик Палатаси ҳузуридаги ёшлар парламенти "Маданият ва санъат масалалари" қўмитаси томонидан " Санъат - қудратли куч" онлайн танлови, Республика Ёшлар ишлари агентлиги қошидаги "Қизлар овози" клуби томонидан ташкил этилган "Қизлар овози" онлайн мактаби ўқув дарслари, Joy academy томонидан ўтказилган "Digital tourism prospects" форуми, "Technology Opportunites for Travel and Tourism" вебинари, "International conference" илмий журналлар портали томонидан ўтказилган "International relations, education development and technology" мавзусидаги халқаро илмий масофавий онлайн конференцияси, "Innovatite Academy" веб-сайти томонидан ташкил этилган "Талабалар конференцияси", "Global Technovation- An Internetional Multidisciplinary Conference" халқаро конференцияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган қатор саммит, семинар ва фестивалларда фаол қатнашуви, рус, инглиз ва араб тилларидаги равон нутқи уни тобора нафақат ўз йўналишида, балки мамлакат қизлари илгари суриши керак бўлган янги ташаббуслар ижрочисига айлантирди.

Мухлиса ижод билан ҳам шуғулланади. Белоруссиянинг "Родная ннива", "Жалақудуқ ҳаёти" ва "Oила даврасида" каби нашрларда чоп этилган мақолалари аллақачон ўқувчиларини топиб улгурган. Бундан ташқари, нозик дид соҳибаси томонидан қоғоз ва бисердан тайёрланган турфа гуллар кишига завқ беради. Спортнинг енгил атлетика тури билан мунтазам шуғулланиши замирида соғлом турмуш тарзига амал қилиш қоидаси мужассам.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 мартдаги "Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида"ги қарори билан Мухлиса Машрабова андижонлик "Зулфиячилар" сафидан ўрин олгани юқоридаги меҳнатлари самарасидир.

Ёш истеъдодли қизга келгуси фаолиятида янада улкан марралар тилаймиз!

Зилола РАҲМОНОВА.