Андижонда

Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи


10.11.2026   19

Айни дамда Андижон вилоятида «Ўзбекистон зиёлилари кенгаши»нинг республика босқичига тайёргарлик доирасида ҳудудий йиғилишлар ўтказилмоқда.

Унда «Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори остида ташкил этилаётган мулоқотларда жамият ҳаётининг долзарб масалалари, маънавий-маърифий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда ёш авлод тарбиясига доир устувор вазифалар муҳокама қилинмоқда.

Мамлакатимизда зиёлиларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг билим ва тажрибасини юрт тараққиётига йўналтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг сайловолди ташаббусларида ҳам илм-фанни ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни қўллаб-қувватлаш ва бунинг учун муносиб шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз фаолиятининг дастлабки даврида — 2016 йил 30 декабрда мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари, 2017 йил 3 августда эса ижодкор зиёлилар билан учрашгани бу эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Ушбу мулоқотларда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга доир муҳим вазифалар белгиланди.

2017 йилнинг илк кунларидаёқ, хусусан, 12 январда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган фармойиш қабул қилингани ҳам маърифат ва маънавият масалаларига устувор аҳамият берилганини кўрсатади.
Бугун бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Математика ва физика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослашган таълим муассасалари, шахмат мактабларини ривожлантириш, уларда халқаро талабларга мос шароит яратиш ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Ўқитувчилар, профессор-ўқитувчилар, шифокорлар, хизматчилар, маданият ва санъат ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш, иш ҳақини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда. Шоир ва ёзувчилар, ижодкорларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашиш, уларнинг фидокорона меҳнатини давлат мукофотлари билан эътироф этиш ҳам ушбу ғамхўрликнинг муҳим ифодасидир. Ижодкорларни уй-жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чоралар белгиланган.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда «Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади», дея таъкидлади. Бу мақсадга халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали эришиш белгилангани зиёлилар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шу маънода, тадбирнинг «Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори бежиз танланмаган. У мамлакат тараққиётида илм, маърифат ва ижод аҳлининг ўрнини, уларнинг ташаббус ва фаоллигига бўлган ишончни ифода этади.


Андижонда ўтказилаётган йиғилишлардан кўзланган асосий мақсад — вилоят зиёлиларининг фикр ва ташаббусларини тинглаш, жойлардаги ижтимоий-маънавий масалаларни очиқ мулоқот асосида ўрганиш ҳамда уларнинг ечими юзасидан илмий асосланган амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Мулоқотларда олимлар, профессор-ўқитувчилар, мактаб ўқитувчилари, шифокорлар, хизматчилар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат вакиллари, журналистлар, маҳалла фаоллари ҳамда ташаббускор ёшлар иштирок этмоқда. Улар жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясида зиёлиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашмоқда.

Муҳокамаларни аниқ йўналишлар асосида ташкил этиш мақсадида еттита ихтисослашган шўъба фаолият олиб бормоқда. Жумладан, «Оила ва маҳаллада тарбия», «Рақамли муҳитнинг ёшларга таъсири», «Ўзбек тили ва китобхонлик», «Тарихий хотира ва миллий қадриятлар» мавзулари доирасида долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилмоқда.

Шўъба йиғилишларида оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш, ёш авлод тарбиясида миллий анъаналар ва замонавий ёндашувларни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг ахборотни танқидий таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантириш, интернет ва ижтимоий тармоқлардан онгли фойдаланиш маданиятини шакллантириш, уларни зарарли ғоялар ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилмоқда.
Давлат тилининг нуфузини ошириш, китобхонлик ва мутолаа маданиятини кенг тарғиб қилиш, тарихий хотира ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳам мулоқотларнинг муҳим йўналишларини ташкил этмоқда. Бу жараёнда Андижоннинг бой адабий-маданий мероси ва маърифий анъаналаридан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.
Йиғилишлар давомида зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳамкорликда ижтимоий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан билдирилаётган таклифлар умумлаштирилмоқда. Асосий эътибор кўтарилган масалалар бўйича ҳаётга татбиқ этиш мумкин бўлган аниқ ечимларни шакллантириш ва республика босқичи муҳокамалари учун амалий таклифлар тайёрлашга қаратилмоқда.

Ўз мухбирларимиз.