Андижонда

«Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз»: ЮЗЛАР БАЙРАМНИ ЁРУҒ ЮЗ, КЎНГИЛ ОБОДЛИГИ БИЛАН КУТИБ ОЛМОҚДА


17.08.2022   616

Хабар берганимиздек, бир неча кун олдин вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Шаҳрихон туманининг энг оғир ҳудуди – Юзлармаҳалласида бўлиб, аҳоли билан яқиндан мулоқот қилди. Учрашув давомида одамларнинг турмуш тарзи, ижтимоий-иқтисодий, коммунал соҳадаги муаммолар чуқур таҳлил қилинди.

Маҳалла ўрамида 5 та йирик кўча бўлиб, 847 та хонадонда 4805 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Вилоят раҳбари билан бўлган учрашувда одамлар ўзларини қийнаётган муаммоларни ўртага ташладилар. Учрашувда вилоят ҳокими билан биргаликда, туман ҳокими, сектор ва корхона-ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар. Ҳар бир фуқаронинг мурожаати эътибор билан тингланди.

  • Вилоят ҳокими қишлоғимизга келгач, анчадан буён ечимини кутаётган муаммолар ҳал этиш учун йўналтирилди, - дейди маҳалла раиси Фарҳоджон Абдужабборов. - Қисқа фурсатда 50 бола қамровидаги оилавий мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Яна ҳудди шундай қамровдаги 2 та уй боғчаси хизмат кўрсатишга шай қилинмоқда.
  • Бугун ҳар бир кунимизга шукрона айтсак арзийди, -дейди маҳалла фаоли Раҳимжон Йўлчиев. – Астойдил меҳнат қилган одам кам бўлмаяпти. Эрта баҳорда 217 нафар аҳоли вакилига 10 сотихдан ер берилган эди. Қўли гул миришкорлар енг шимариб уч маротабагача ҳосил олишяпти. Ер билан тиллаша олганларнинг 40-45 миллион сўмгача даромад олганини кўряпмиз. Ижтимоий кўмакка муҳтож Азизахон Раҳмонова, Хурсаной Назарованинг хонадонига иссиқхона қуриб берилди.
  • Янги Учамаки кўчасида тураман, - дейди Фотима Ҳайитова. – Электр симёғочи йўқ, симларни қўлбола қилиб дарахтга илиб қўйгандик. Шамол турса ёки ёғингарчилик пайти бирор нохуш ҳолат рўй бермасмикин, деб юрак ҳовучлаб ўтирардик. Вилоят раҳбарига минг раҳмат, бир куннинг ўзидаёқ янги устунлар ўрнатилиб, симлар мустаҳкам ва хавфсиз қилиб тортиб берилди.

Бундан ташқари 60 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қуришга киришилди. Тиббий пункт фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда бир шифокор ва олти ҳамшира малакали тиббий хизматлар кўрсатмоқда.

Маҳалланинг Юзлар, Деҳқонобод, Қалмоқ, Уч амаки, Хонақа кўчалари катта бунёдкорлик майдонига айланган. Туман электр тармоғи Холдувонбек бўлими устаси Яҳёбек Тешабоев бошчилигидаги бригада эски, муддатини ўтаб бўлган симёғочларни бетон устунларга тўлиқ алмаштириб, электр симлари ўтказишяпти.

Туман йўллардан фойдаланиш корхонаси ҳаракат ҳавфсизлиги муҳандиси Ҳасанбой Назаров йўлсозларга бош-қош. Улар зарур техникаларни ишга солган ҳолда тиним билишмаяпти. Найман-Қизилдеҳқон йўналишидаги кўчанинг 6 километри асфальтланди. Шу ҳудудга олиб келувчи 21 км масофадаги йўл жорий таъмирланди. Ички аҳамиятдаги йўлларга шағал ва шебень ётқизиляпти. Пиёдалар йўлакчаси 22 дона сунъий нотекисликлар қўйилди.

Кўчаларни таъмирлаш, асфальтлаш, электр таъминотидаги носозликлар баратараф этиш ишлари авжида. Барча ўзгаришлар, янгиланишлар инсон омили, турмуш фаровонлиги учун қилинмоқда. Тажрибали шифокорлар иштирокидаги чуқурлаштирилган тиббий кўрик, ташкил этилган катта концерт дастурлари маҳалла аҳлига бир олам қувонч бағишлади. Кексалар, кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш яхши анъанага айланган. Заруратга қараб, ногиронлик аравачаси, эшитиш аппарати ва бошқа керакли дори-дармонлар ҳадя қилинди. Теварак-атрофдаги ободлик кўнгилларга кўчиб, одамлар шукроналик туйғулари билан яшамоқдалар. Ким билан суҳбатлашманг, олиб борилаётган ислоҳотлардан миннатдор эканлигини эшитасиз.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллик тантаналарини Юзлар маҳалласи мана шундай ёруғ юз, кўтаринки кайфият ва кўнгиллар ободлиги билан кутиб олмоқда.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ.