Андижонда

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА КЕКСАЛАР ҲАМДА ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ФУҚАРОЛАР ҲАМИША ЭЪЗОЗДА


03.12.2022   235

Бугун Андижон шаҳридаги “Олтин водий” тантаналар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда кексалар ҳамда имконияти чекланган фуқаролар ҳамиша эъзозда” номли маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши, вилоятда фаолият юритаётган ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларининг вилоят, туман ва шаҳарлар бўлинмалари, йирик жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Шунингдек, тадбирда сўз олганлар куни кеча Президентимизнинг 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатида ногиронлиги бўлган юртдошларимизга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар яна бир карра юқори поғонага олиб чиқилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтдилар.




Таъкидлаш жоизки, юртимизда сўнги йилларда ногиронлиги бўлган шахслар, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза этиш, уларни давлат томонидан ижтимоий, иқтисодий, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга лойиқ ишлар қилинмоқда. Жумладан, ўтган 2021 йил ва жорий йилдан бошлаб вилоятда фаолият юритаётган ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларига раҳбар-ходимларини давлат субсидияси орқали ойлик иш ҳақлари билан таъминлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Маълумот ўрнида: вилоятда жами 73 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд бўлиб, доимий равишда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиб келинмоқда. Биргина республика кўзи ожизлар, кар-сақовлар ва ногиронлар жамиятларининг жами 38 та бўлим ва бўлинмалари 85 та штат бирлигида фаолият юритаётгани бунга мисол бўла олади.

Сана муносабати билан ташкил этилган тадбирда байрам дастурхони ёзилиб, бир пиёла чой ташкил этилди.

Вилоят Маданият бўлими томонидан кўнгилочар дастурлар намойиш этилди.

«andijonnoma.uz» online гуруҳи.