Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий пойдеворини менежер ёшлар яратади

02.07.2025 105
Бугун ўзгаришлар кўлами кенг. Кўзланган марраларни эгаллашимиз учун конституцион нормаларга ва ҳуқуқий асосларга эга бўлишимиз керак. Қўйилаётган вазифаларнинг моҳияти ва сифати ҳам ўзгариб боряпти. Олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти инсон қадри билан чамбарчас боғлиқ.
Муҳими, фуқароларнинг тафаккури, ҳаётга, атрофда юз бераётган барча воқеаларга муносабати ўзгарди.Халқимиз ислоҳотларга ишонч билан қараяпти. Фуқароларга муносиб турмуш шароитини яратиш, инсон қадр-қиммати ва ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун, янги режа ва янги дастурларни амалга оширишимиз зарурати туғилиши табиий.
Конституциянингиқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларга бағишланган бобининг 41-моддасида “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли,” деб белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизжадал тараққиётимиз туфайли юксакликка ва иқтисодий мустаҳкам давлат даражасига кўтарилмоқда. Ҳар бир жабҳага бўлгани каби табиатга онгли муносабатда бўлиш, унинг неъматларидан тўғри ва унумли фойдаланиш тақазо этиляпти. Негаки, биз тугамайди деб ўйлаган оби ҳаёт, табиий газ, конлар, энергия манбалари тобора қисқариб боряпти. Фаровонликни мўътадил сақлаб туриш учун ҳар соҳада иқтисодий билим ва оқилона бошқарув зарурати туғилади.
Бу борада юртимизда яшил иқтисодиётга ўтиш жараёни бошланди. Бу қадамлар ҳозирги ва келажак авлодлар учун соғлом атроф-муҳитни сақлаш ва экотизим хизматларидан тўғри фойдаланишга ҳисса қўшиш борасида катта аҳамият касб этади.
Мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги ўзгаришлар замирида, албатта, инсон манфаатларини таъминлаш масаласи бирламчи ўринда туради. Хусусий мулк, унинг дахлсизлиги давлат томонидан ҳимоя қилиниши, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги алоҳида қонун ҳужжатларида ҳам белгилаб қўйилган, бу бўйича махсус қонунлар қабул қилинган.
Шу ўринда янгиланган Конституциямиздаги хусусий мулк даҳлсизлигининг кафолати юртимиздаги тадбиркорларга йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам қанот бўлди. Ишбилармон қатлам энди нафақат ўз манфаатини, балки маҳалласининг, юртнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда фаолият юритишга интиляпти. Бошқарув илмига эга менежерлар қатлами майдонга чиқяпти. Бу яшил иқтисодиётга ўтиш мақсадларида яққол намоён бўлмоқда.
Дунё миқёсида ҳам глобал иқлим ўзгаришларининг оқибатлари, озиқ-овқат тақчиллиги, пандемия туфайли юзага келган сўнгги иқтисодий ва молиявий инқироз ва қашшоқликка қарши кураш учун айнан Яшил иқтисодиёт концепцияси муҳимдир.
Ҳозирги вақтда яшил иқтисодиёт экологик хавфларни сезиларли даражада камайтириш ва барқарор экологик хизматлардан фойдаланиш орқали турмуш фаровонлигини яхшилашга ва ижтимоий тенгликка эришишга интиладиган иқтисодиёт сифатида тавсифланади. Иқтисодиёт кам углерод чиқиндилари, самарали ресурслар ва ижтимоий инклюзивлик билан ривожланишга интилади.
Президентнинг 2022 йил 2 декабрдаги «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси ўлароқ, республикамизда энергия самарадорлигини ошириш максадида микро гидроэлектр станцияларини барпо этишга киришилди. Бу мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланилган ҳолда биологик хилма-хиллик ва экотизимга зарар етказмаслик борасида дадил қадамлардан биридир. Яъни, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қўнғир иқтисодиётдан яшил иқтисодиётга аста-секин ўтиляпти.
Биргина Андижон вилоятини оладиган бўлсак, ҳудуддаумумий қиймати 101,6 миллион АҚШ долларилик 22 та микро ГЭС қуриш лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган.Уларнинг қуввати 96,08 мВт ни ташкил этиши режалаштирилган.
Бу микроГЭСлар тўлиқ ишга туширилгач,табиий бойликлардан 94,2 миллион метр куб(қиймати 94,2 миллиард сўм) табиий газ, 47,1 тонна(қиймати 21,2 миллард сўм) кўмир маҳсулоти иқтисод қилинади. Шу билан бирга юзлаб иш ўринлари яратилади. Ҳозирда Андижон ва Олтинкўл туманларида 2 та микро ГЭС фойдаланишга топширилган.
Хулоса қиладиган бўлсак, янги иқтисодий ўсишлар давлат ва жамият ривожининг ҳар бир жабҳасида рўй бермоқда. Менежерлик қобилиятига эга ёш ишбилармонлар амалга ошираётган лойиҳалар, илгари сураётган ташаббуслар замирида биринчи галда инсон омили юқори нуқтага кўтариляпти. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг иқтисоди мустақил ва мустаҳкамлигидан дарак беради.
Фарруҳ МАРАҲИМОВ,
“AUTO RUBBER” МЧЖ бош директори.