Андижонда

Янги йил эртак томошаси соҳа ходимлари болажонларига олам-олам қувонч бағишламоқда


26.12.2025   158

Қиш беғубор ва орзу-умидлар фаслидир. Ана шундай пок ҳис-туйғулар ҳар бир қалбни шубҳасиз, ширин ва тотли лаҳзаларга ошно этади. Ушбу фаслнинг кўркли байрами – Янги йил эса болаларга олам-олам қувонч, катталарга ёшлик сурурини бағишлайди. Янги йил байрами эртак томошалари болажонларни сеҳрли ва мўъжизавий эртаклар оламига олиб киради. Турли эртак қаҳрамонлари тимсолида яхшилик ва эзгулик ҳамиша ёвузлик устидан ғолиб бўлиши, қувноқ масхарабозларнинг қизиқарли чиқишлари болажонларга олам-олам қувонч бағишиламоқда.

“... Ижодий жамоамиз Янги йил байрами муносабати, қолаверса, кичик ёшдаги умумтаълим мактаби ўқувчиларининг қишки таътилини мароқли ўтказишларини таъминлаш мақсадида "Сеҳрланган арча" янги йил эртак томошасини намойиш этмоқда, – дейди театр директори Хилола Зияева. – Мақсадимиз, томошалар орқали болажонларга қувонч, байрамона кайфият, уларнинг қалбига эзгулик улашишдир...”

Андижон вилояти қўғирчоқ театри жамоаси томонидан янги йил байрами кунлари болажонлар учун эртаклар асосида тайёрланган “Сеҳрланган арча” номли қизиқарли томоша ва спектакллар намойиш этилмоқда. Театр жамоаси янги йил байрамига кўтаринкилик бахш этиш, болажонларнинг таътил кунларини мароқли ўтишини таъминлаш мақсадида ўзига хос байрам туҳфасини тайёрлаган. Ана шундай байрам шодиёналарида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг-шаҳар туман бўлимларида ишловчи фидоий касб эгаларининг фарзандлари ҳам иштирок этдилар.

“...Жорий йилги эртак томошаси жуда қизиқарли экан, барча келган болажонлар мазза қилиб томоша қилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Гулчеҳрахон Маматқулова. – Нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари, бобою бувилари ўзларини эртаклар оламига тушиб қолгандай, эртак қаҳрамонлари билан бирга юргандай ҳис этмоқда...”

Андижон вилоят қўғирчоқ театрида ўтказилаётган Янги йил байрами томошаларида турли эртак ва мультфильмлар қаҳрамонлар орқали ростгўйлик, ҳалоллик ва ҳамиша эзгуликка интилиб яшашдек инсоний фазилатлар улуғланмоқда. Умуман байрам томошалари болажонлар қалбида юқоридаги каби юксак инсоний туйғуларни мустаҳкамлайди, уларни она юртга садоқатли бўлишга ўргатади, асар қаҳрамонларидан сабоқ олиб, фақат аъло баҳоларга ўқишга, тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етишга ундайди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати