Яшил макон — миллий генофонд ва экологик барқарорлик кафолати
10.04.2026 6
Хабарингиз бор, мамлакатимиз раҳбари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилган кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, пойтахтимизда Миллий дендрология боғини барпо этишга асос солди. Ушбу муҳим ташаббус юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва келажак авлодлар учун соғлом муҳит яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Дендрология боғлари шунчаки манзарали дарахтзорлар эмас, балки ҳудуднинг биохилма-хиллигини сақловчи, ландшафт эстетикасини белгиловчи, муҳими, иқлимий мувозанатни ушлаб турувчи илмий-экологик марказлардир. Миллий дендрология боғи барча ҳудудлар учун экологик андоза вазифасини бажаради. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусга кўра, эндиликда ҳар бир вилоятда 100 гектардан ошмаган майдонларда ботаника ва дендрология боғлари ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бу экологик сиёсатнинг ҳудудий хусусиятлар билан уйғунлашган ҳолда олиб борилаётганидан далолат беради.
Сўнгги беш йил давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эришилган натижалар бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарадорлигини яққол кўрсатади. Хусусан, 2 минг гектардан ортиқ майдонда жами 942 та яшил боғ ҳамда 47 та “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилди. Энг эътиборлиси, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ҳимоя ўрмонлари яратилди. Бу кўрсаткич нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё миқёсида энг йирик экологик тикланиш лойиҳаларидан бири сифатида этироф этилмоқда.
Бу жараёнларнинг яна бир муҳим жиҳати — уларнинг илм-фан асосида олиб борилаётганидир. Жорий йилдан бошлаб ҳудудларда “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, ҳар йили 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш режалаштирилган. Бу эса экилаётган ҳар бир ниҳолнинг парвариши ва яшаб кетишини илмий ёндашув асосида таъминлаш имконини беради. Дендрология боғлари эса ушбу мутахассислар учун назарий билимлар ва амалий тажриба уйғунлашган илмий маскан вазифасини ўтайди.
Урбанизация жараёнларида экологик устуворликни таъминлаш борасида вилоятимизнинг адирлик ҳудудида қад ростлаган Бобур шаҳри бугун ноёб дарахтлари, турли мева ва манзарали боғлари шаҳарнинг кислород манбаига айланиб бормоқда. Мазкур ҳудуднинг умумий майдони 4 минг гектарни ташкил етиб, шундан 1 820 гектари — қарийб ярми яшил ҳудудлар ва боғларга ажратилган. Бу кўрсаткич замонавий шаҳарсозликда инсон саломатлиги ва экологик муҳит устувор аҳамият касб этаётганининг ёрқин мисолидир. Яқинда Ҳудудда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида 8 минг тупдан зиёд дарахт экилиб, “Касаба уюшмалари”, “Ватанпарвар” ва “Зиёлилар” боғларига асос солинди.
“Яшил макон” ташаббусининг яна бир муҳим йўналиши — “Менинг боғим” дастуридир. Ушбу лойиҳа доирасида унинг молиявий қуввати 400 миллион сўмга етказилди. Шунингдек, ҳар бир депутатга ўз сайлов округида яшил ҳудуд барпо этиши учун 412 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Натижада, аҳолининг ўзи яшаб турган ҳудудларда, айниқса, сув манбалари мавжуд бўлган жойларда боғлар барпо этиш имконияти кенгайди.
Вилоятимиз бўйлаб яшил боғлар яратиш умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда. Бунда меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ёшлар, хуллас, каттаю кичик баравар иштирок этаётир. Зеро, бугун ерга қадалаётган ҳар бир ниҳол бу оддий дарахт эмас, келажак авлодлар учун қолдирилаётган бебаҳо меросдир.
Муҳаммадрасул МАМАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши
матбуот хизмати раҳбари.
