“Йил аёли” - юксак эътироф
26.12.2025 113
Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу борада жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш, фаол ва ҳар жиҳатдан ибратли аёлларимизни мунтазам рағбатлантириб бориш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ва жамоатчиликка етказиш мақсадида анъанавий равишда “Йил аёли” миллий танлови ўтказиб келинмоқда.
Мазкур эътирофнинг жорий йилдаги босқичида ҳам жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, самарали меҳнати, юксак масъулияти ва ташаббускорлиги билан ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий-маърифий соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ аёллар мукофот доирасида турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Муқаддасхон Содиқова Избоскан туманида фаолият юритаётган “Sam Bright Line” оилавий корхонаси раҳбари. “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинацияси ғолиби дея мукофотланган ҳамюртимиз чиндан ҳам бизнес муҳитида ўз брендини ярата олганлардан.
“Энг намунали хотин-қизлар фаоли” танловининг Республика босқичида ғолиб бўлган хўжаободлик Насибахон Тулякова ҳам меҳнатлари рағбатини ҳис қилгани рост. “Йил аёли” миллий мукофотини топшириш тантанасида Н.Тулякова - Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли ҳам муносиб тақдирланди.
Маросим давомида таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, ижтимоий соҳа ва жамоат ишларида юксак натижаларга эришган, эришаётган аёлларга фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
