Андижонда

ЁРУҒ ИСТИҚБОЛ САРИ


15.10.2021   510

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда муҳим сиёсий жараёнлар кечаётгани олиб борилаётган амалий ислоҳотлардан ҳам маълум бўлмоқда. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови – бу келажакка қўйилган муҳим қадам ҳисобланади. Улкан масъулият ва юрт тараққиётига дахлдорлигини ҳис этаётган ҳар бир ўзбек фуқароси сайловда фаол бўлишга ошиқмоқда. Сайловчиларга сайлов жараёнида кенг имкониятлар яратиш сайловолди жараёнларнинг бош мақсади бўлаяпти

2019 йил 25 июнда қабул қилинган "Сайлов кодекси" халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланган. Сайлов қонунчилигига сўнгги йилларда бошқа бир қатор демократик ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди. Жорий йилнинг 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши фикримиз далилидир. Қонунга мувофиқ, участка сайлов комиссиялари фаолиятига тегишли айрим нормалар янада мустаҳкамлаб берилди.

Бугунги кунда ҳозирда миллий сайлов жараёнида ҳам замонавий ахборот коммуникацион технологияларининг кенг кўламда қўлланилиши фуқароларнинг сайлов борасидаги билимларини оширибгина қолмай, улардасайлов қонунчилиги борасида туғилган саволларга жавоб топишда қўл келаяпти. Ҳар бир сайлов участкасида яратилган сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими, “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини амалга ошириш мақсадида шакллантирилган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, сайлов жараёнларини видеокузатув, интерактив хизматларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтидаги бир қатор бўлимлар ва “Сайлов - 2021” махсус вебпортали, электрон почта, махсус телеграм бот, фейcбук, инстаграм, ютуб ва твиттер каби ижтимоий тармоқлардаги тезкор хабарлар, сайлов комиссиялари аъзолари тезкор фойдаланиши учун тузилган махсус мобил иловалар сайлов жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу борада ёшларга, айниқса, илк бор сайловда иштирок этаётган йигит-қизларга сайлов борасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгилаб берилган сайлов, сайлов жараёнлари, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан таништириб бориш зарурлигини инобатга олиб, олий таълим муассасамизда қатор ишларни амалга ошириб келаяпмиз.

Андижон давлат тиббиёт институтида талабаларнинг сайлов борасидаги билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳар куни дарс бошланишидан олдин талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, сиёсий жараёнларидаги фаоллигини ошириш билан боғлиқ муҳим маълумотлар талаба ёшларга тақдим этиб борилмоқда. “Келажагинг учун овоз бер!”, “Менинг овозим – менинг келажагим”, “Ўз келажагингни ўзинг танла!” каби шиорлар остида ўтказилаётган иншолар, видеороликлар танловлари, викториналар, билимлар беллашувларида талабалар фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқдалар. Қолаверса, талабалар ва ходимлар сиёсий партияларнинг институтимизда бўлиб ўтаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларида ҳам 5 та партиялардан кўрсатилган номзодлар, уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида тўла маълумот олишмоқда.

Умуман олганда шуни айтиш мумкинки, ҳар соҳада илғор ёшларимиз эртанги куни, истиқболи учун бефарқ эмас. Улар билан дарслардан сўнг суҳбат олиб борар эканман, уларнинг шахсий фикрлари, эркин ва қатъий қарорлари мени қувонтиради.

Ишонаманки, 24 октябрда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнда ҳар бир фуқаро ўз фуқаролик позициясини намоён этиб, сайловда фаол иштирок этади. Ўзим ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиб, оилам, талабаларим, Ватаним келажаги учун муносиб деб билган номзодга овоз бераман! Ўйлайманки, ҳар бир берилган овоз халқимизнинг ёруғ истиқболи учун қўйилган қадам ҳисобланади. Зеро, Янги Ўзбекистон бунёд этилаётган ушбу муқаддас заминда ёруғ истиқбол сари қўйилган қадамлар қувончли келишига ишончим комил.

Мадамин МАДАЗИМОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти ректори