Атрофга назар

Ёшлар ишсизлигидан холи ҳудудга айлантирилади


28.07.2025   77

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, интилишларига шароит яратиш давлатимизнинг устувор сиёсатига айланган. Шу маънода давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 14 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш чора-тадбирларини амалга оширишни назарда тутганди. Мамлакатимизнинг “олтин фонди” бўлган йигит-қизлар билан самимий мулоқот тарзида ўтган йиғилишда қатор топшириқлар белгиланган эди.

Вазифалар ижросига аллақачон киришилган. Хусусан, 2025 йил якунига қадар Андижонни ёшлар ишсизлигидан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича мақсадида вилоят Ёшлар ишлари бошқармасида ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш штаби ташкил этилди. Унда Ёшлар ишлари бошқармаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси вилоят бўлими ва бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Бунда ҳар бир туман ва шаҳарлардаги ишсиз ёшлар сони мониторинг қилиниб, таҳлили бўйича тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

  • Айни вақтда бандликни таъминлаш мақсадида ҳудудларда “оғир” тоифага киритилган 21 минг нафар битирувчилар ва ишсиз ёшлар билан уларга бириктирилган ташкилот раҳбарлари самарали ишламоқдалари, - дейди вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси матбуот котиби Назирахон Убайдуллаева. – Хўш, улар билан қандай тадбирлар олиб бориляпти? Биринчи навбатда рўйҳатга олинган йигит ёки қиз билан индивидуал “Йўл харита” ишлаб чиқиб, якка тартибда ишлаш йўлга қўйилди. Уларни касб-ҳунарга ўқитиш, қисқа муддатли курсларга жалб қилишда қизиқишлари инобатга олиняпти. Ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашиш мақсадида мутасаддилар раҳбарлигида вилоятимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарига, тадбиркорлик субъектларига бизнес-экскурсиялар уюштирилмоқда. Айни жараёнларда жуда кўплаб ёшларимиз муқим иш ўрнига эга бўлаётганлари қувонарли, албатта. Ушбу тадбирлар давомида “Ёшлар меҳнат гузари”, “Ёшлар бандлиги ярмаркаси”, “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ташкил қилинаётгани ҳам кутилган самараларни бермоқда.

Кунлик амалга оширилган ишлар вилоят штабига тақдим этилиб, самарали фаолият юритаётган ҳудудлар ва ташкилот раҳбарлари мониторинг қилиб борилмоқда.

Зилола РАҲМОНОВА