Ёшлар кунида соғлом ҳаёт тарғиби
12.03.2026 50
Жалақудуқ туманининг олис ҳудуди — Ойим қишлоғидаги 32-мактабда ёшлар билан мазмунли учрашув ташкил этилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда ёшларнинг қизиқишлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди. Айниқса, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида ҳарбий хизматчилар томонидан қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш қилиниб, ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди. Учрашув давомида ватанпарварлик, юртга садоқат каби юксак фазилатлар кенг тарғиб этилди.
Шунингдек, туман ёшлари ўртасида волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича комплекс спорт мусобақалари ҳам ўтказилди. Андижон ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда 300 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунида 100 га яқин ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Мазкур тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш ҳамда келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Илҳомжон МАМАТҚУЛОВ,
Андижон ҳарбий прокурори.
Рустам СОБИРОВ,
Андижон ҳарбий прокуратураси
