Андижонда

Ёшлар саноат зоналарида: ОРАДАН БИР ЙИЛ ЎТДИ... ОЛТИНКЎЛЛИКЛАРНИНГ АЙРИМЛАРИ ҲАМОН «УЙҚУ»ДА


09.04.2022   680

Кейинги йилларда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳаларини амалга оширишларига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги "Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарориайни шу мақсадга қаратилган.

Мазкур қарор билан вилоятимизда 20 та Ёшлар саноат зоналари ташкил этилиши кўзда тутилган. Бунинг учун 93,4гектар ер майдони ажратилди. Орадан бир йил вақт ўтди. Хўш, амалга оширилаётган ишлар талаб даражасидами? Олтинкўл тумани мисолида бу саволга жавоб изладик.

Намуна массивида бунёд этилаётган Ёшлар саноат зонаси 5 гектар майдонда жойлашган. Режага кўра ташаббускорларнинг 95 та лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Умумий қиймати 44 миллиард 550 миллион сўм бўлиб, шундан 39 миллиард200 миллион сўми тадбиркорларнинг ўз маблағидан иборат. Унинг ижроси билан "Ёшлар дафтари"га киритилган йигит-қизлар учун 1620 та янги иш ўрни яратилади. Айни вақтда бу ерда ана шу ёшларнинг айримлари қурилиш ишларига жалб этилган,шу орқали уларнинг бандлиги таъминланди.


Маълумотларкелгусида олтинкўллик ёшлар томонидан бу жойдатрикотаж ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материлллари ишлаб чиқарилишини кўрсатмоқда. Шунингдек, мебель, уй-рўзғор ва ҳунармандчиликбуюмлари тайёрлаш каби бир қатор йўналишлар фаолияти йўлга қўйилади.

Изланувчан тадбиркор Ғайратбек Низомов биринчилар қаторида бу имкониятдан фойдаланди. Унинг таклифи туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, 0.4 га. ер ажратиб берилди. Қисқа вақтда қурилиш ишлари амалга оширилиб, керакли дастгоҳлар сотиб олинди. Ишга қабул қилишда вақтинча ишсиз йигит-қизларга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари имконият яратиш баробаридабиз ёшларга катта ишонч билдирдилар. Бунга жавобан 2021 йилнинг сентябрь ойида фаолиятимизни бошладик, дейди Ғ. Низомов. - Жаҳон бозорини ўрганиб, дурра ишлаб чиқаришга киришдик. 27 нафар ишчи билан хорижлик буюртмачилар талабига мос сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Биринчи йилдаёқ ҳар ойда 60 минг АҚШ долларилик маҳсулотларимиз Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларида ўз харидорини топди.

Даромад жамоани изланишга бошлади. Айни кунларда қўшимча бино қурилиши якунланмоқда. Лойиҳанинг нав-батдаги босқичи трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган. Асосийси, яна 20 та иш ўрни яратилади.

Ғайратбек каби изланувчан ёш тадбиркорлар ташаббуси билан 19 та лойиҳа асосида иш бошлангани қувонарли. Бироқ ҳалигача қурилиш ишларини якунламаган жой эгалари кўпчиликни ташкил этади. Аслида барчаси 2021 йилда ўз фаолиятини бошлашлиги лозим эди. Кеч бўлсада ҳаракат қилаётганлар йўқ эмас. Тадбиркор Умиджон Аҳмедовни олайлик. Яшаш хонадонида уч йилдан буён трикотаж буюмлари ишлаб чиқараётган бу йигит фаолиятини кенгайтиришга қарор қилди.

Тўғри, бизга катта имконият берилди. Бироқ белгиланган муддатда қурилиш ишларини якунламаганимиздан хижолатдаман, дейди У. Аҳмедов. Муаммога ўрин йўқ. Шу ойнинг охирида янги жойда 10 нафар тенгдошларим билан иш бошлаймиз.

Бирида пардозлаш ишлари олиб борилаётган, бирининг томи ёпилаётган, яна бирининг эндигина деворикўтарилаётган лойиҳа эгалари билан қизиқдик. Сабаби аксариятида ўрганиш вақтида иш тўхтаган. Қуёшли кунлардан самарали фойдаланиш ўрнига дарвозаларга қулф солинганини қандай баҳолаш мумкин? Вақт кутиб турмайди. Шундоқ ҳам бир йил давомида бажарилмаган ишлар қачон якунланади экан?

Ачинарлиси, 5 нафар ёш тадбиркор ҳали иш бошламай бу майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Туман ҳокимлиги томонидан уларга берилган жой режадаги ишлар бажарилмагани учун бошқа ташаббускорларга олиб берилди. Мисол учун Жавоҳир Ваҳобов трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташаббуси билан чиққанди. Афсуски бир йил давомида ҳатто девор кўтаришни ҳам якунламади. Натижада унга тегишли жой Хуршид Абдуваҳобовга берилди. Сардор Серобиддинов ҳам ишончни оқламади. Унга ажратилган жойда ҳам эндибошқа бир тадбиркор иш бошлайди.

Шу ўриндатадбиркорларни қийнаётган муаммолар билан қизиқдик. Ҳудудга электр энергияси олиб келиш, ичимлик ва оқава сув тармоқларига улаш, йўлларни асфальтлаш зарур. Бу борада олиб борилаётган ишлар жуда суст. Туман ҳокимлиги масъулларининг айтишича, ички кўчаларда тадбиркорларнинг ўзлари иш ташкил этиши керак бўлгани ҳолда уларда бирлашиш етишмаяпти. Оқибатда ишчи ҳолатдаги лойиҳалар ҳам тўхтаб турибди.

Айтаверсак гап кўп. Мақсад катта майдонга чиқаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш. Улардан эса ташаббус. Олтинкўл туман ҳокимлиги ва масъул раҳбарлар бу масалага эътиборни оширса, ажаб эмас. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Сарварбек Зухриддинов

олган суратлар.